Ўзбекистон: Ўзбек тадбиркорларига Россиядан Британия бозори афзалроқми? - Oʻzbekiston

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларини сотиш учун янги бозор изламоқда. Лондонда ўтаётган Pure London ва Pure origin мода либослари кўргазмасига келган ўзбек тадбиркорлари Британия бозорини ҳам забт этишни истайди.

Ўзбек тадбиркорларини бориш қулай ва нисбатан яқинроқ бўлган Россия бозори нега қаноатлантирмаяпти?

Ўзбекистондан узоқда жойлашган ва товар юбориш қўшимча харажат талаб қилувчи Британия бозорларига кириш осонми?

9-11 феврал кунлари Лондондаги Олимпия кўргазма марказида Pure London ва Pure origin кўргазмасининг ўзига хослиги шундаки, унда бренд сотувчилар билан бирга ишлаб чиқарувчилар ҳам иштирок этади.

Pure Origin кўргазмасида дунёнинг турли давлатларидан келган ишлаб чиқарувчилар ўз хизматларини Pure London кўргазмасида қатнашаётган бренд ташкилотларга таклиф қилади.

Британиянинг йилда икки марта ўтадиган ушбу энг йирик мода либослар кўргазмасидан ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ҳам фойдаланиб қолишни исташмоқда.

Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари ушбу кўргазмада иккинчи марта иштирок этяпти.

Ўзбек тадбиркорларини кўргазмада Ўзбекистон енгил саноат уюшмаси, "Ўзчарм" саноат , "Ҳунарманд" ва "Ўзбекипаксаноат" уюшмалари тамсил қиляпти.

Ушбу уюшмалар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган турли маҳсулотларни намойиш қилиб, катта миқдорда сотиб олувчи буюртмачиларга ўтказиш илинжида марказдаги 83 квадрат метр жойни банд қилишган.

"Кўргазмада иштирок этиб, харидор топиш осон иш эмас. Бозорлар эгалланган, сотиб олувчи нима учун сенинг маҳсулотингни олишим керак, деб савол беради. Хориж бозоридан ўз ўрнини топиш узоқ давом этадиган жараён дейди", Нурафшон туманидаги Textile Mill Tashkent (TMT) қўшма корхонаси раҳбари Тоҳир Ҳошимов.

Пайпоқ ишлаб чиқарадиган ишбилармон Ҳошимов Pure Origin кўргазмасида 6 ой олдин ҳам иштирок этган. Ҳозирча харидор топиш осон кечмаяпти.

TMT корхонаси маҳсулотларининг 95% хорижга экспорт қилади. Пайпоқлар асосан Германия ва Россия бозорларига сотилади.

Тоҳир Ҳошимов Россия бозори ишлаб чиқарувчилар учун барқарор эмаслигини айтади.

"Россия иқтисодиёти етарли даражада ўсмаяпти. Кейин иқтисодда оддий гап бор - ҳамма тухумни битта саватга солмагин. Ўшанинг учун биз ҳам рискимизни камайтириш учун бир нечта давлатларда харидорлар топишга ҳаракат қиламиз. Тасаввур қилинг, бирор кризис бўладиган бўлса. 2014 йил Россияда кризис бўлган. Долларнинг курси ошиб кетганда ҳеч ким сотолмай қолган", дейди у.

Британия жойлашуви жиҳатдан Ўзбекистон учун қулай бозор эмас.

Ўзбек товарлари бу мамлакатга денгиз орқали келмайди. Балки юк машиналар, самолёт ва узилишлар билан темир йўл орқали ҳам келиши мумкин.

Бу тадбиркорга қўшимча харажат туғдиради.

"Энг минус тарафимиз йўлкира. Чунки бизда денгиз йўқ, темир йўл узоқ. Битта машина келадиган бўлса 5000 евро атрофида келади. Бу минусларни бошқа плюс тарафлар билан енгишга ҳаракат қиламиз. Мисол учун, арзонроқ нарх таклиф қилиб, кўп Хитой Туркия давлатлари кам нарсаларни олишга ҳаракат қилмайди. Жуда катта миқдорда ишлайди, чунки гигант фабрикалар. Биз кам миқдорда бўлса ҳам тез-тез, қисқа муддатда етказиб бериш вариантларини ҳам таклиф қиламиз. Хитойдан оладиган бўлса, битта контейнер 500-600 доллар билан келади, Ўзбекистондан 5 минг долларга келади. Лекин улар сув орқали келганда камида 3-4 ойда келади. Биздан узоғи билан 2-3 ҳафтанинг ичида машина етиб келиши мумкин", дейди Тоҳир Ҳошимов.

Лондоннинг Олимпия кўргазмалар марказидаги мода либослар кўргазмаси 9-11 феврал кунлари бўлиб ўтади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek