Орқа пешовимга дубинка тиқишга уринишди - Андижон милициясига даъво - Ўзбекистон, O'zbekiston

Мурожаатнома аввало O'zbekiston Respublikasi. Xalq fikri / Мнение народа саҳифасида пайдо бўлди

Сурат манбаси, Facebook

Сурат тагсўзи, Мурожаатнома аввало O'zbekiston Respublikasi. Xalq fikri / Мнение народа саҳифасида пайдо бўлди
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек саҳифаларида тарқатилган хабар Ўзбекистон президенти, бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Андижон вилоят прокуратураси ва ички ишлар бошқармасига мурожаат сифатида чоп қилинган.

Унда ўз исмини ошкор қилмаган шахс Андижон вилояти Хўжаобод тумани Ички ишлар бошқармасида даҳшатли тарзда дўппослангани ва осиб қўйилганини даъво қилади. Тан жароҳатлари акс этган суратларни илова қилган даъвогарнинг ёзишича, маҳаллий милиция ходими Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиклаштириш бошкармаси милиция таянч пункти профилактика инспектори Нўъмон Ортиқов ўз турмуш ўртоғи номидан 200 долларлик қарзини бериш ваъжи билан даъвогарни Хўжаобод туман ички ишлар бошқармасига чақирган ва сўнгра бир неча ҳамкасблари билан уни қийнаган.

"Ҳўжаобод туманига борган вақтимда мени қонунга ҳилоф равишда қўлимга кишан солиб, ички ишлар идорасига олиб кириб, бу ерда ички ишлар ходимлари Н.Ортиқов, "Эркин" исмли ва бошқа (кўрсам танийдиган) бир нечта ички ишлар идоралари ҳодимлари дубинка, қул ва оёқлари билан бош, оёқ ва тана қисмларимга уриб тан жароҳатлари етказишиб, устимда бўлган "шортик"имни ечиб орқа пешовимга дубинка тиқишга ҳаракат қилишдилар ва шу каби жисмоний хўрлаш ва зўрлаш билан бир кеча туман ички ишлар идораси ховлисидаги "турник"га қўлимни орқа томондан қилиб кишанлашиб, уриб-дўппослашни давом эттириб, шу ҳолатда бир кеча қонунга ҳилоф равишда сақлаб келдилар," дейилади мурожаатномада (имло муаллифники).

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Муаллифининг ёзишича, ҳодиса ўтган йили 3 июнь куни юз берган. Эртасига у озод қилинган ва икки нотаниш киши уни етаклаб олиб чиққанида, бошқарма ташқарисида турган нотаниш аёл унга "нимага мени ҳақорат қиляпсан?" дея қичқира бошлаган, ва у яна қайта Ички ишлар бўлимига олиб кирилиб аёл аризаси асосида ҳибсга олинган. Шу куннинг ўзида Хўжаобод туман маъмурий суди унга безорилик айби билан жарима белгилаган. Даъвогарнинг ёзишича, гувоҳлар ва аёл сохта экани борасидаги баёнотларини судя ҳисобга олмаган.

Даъвогарнинг ёзишича, прокуратурага мурожаат қилиши ортидан тиббий кўрикдан ўтказилгани ва Нўъмон Ортиқовга нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси, "Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш" айби билан иш очилган. Даъвогарга нисбатан қўлланилган қийноқлар айбловномада бор ё йўқлиги ҳақида маълумот йўқ.

Би-би-си айни иш борасида маълумот олиш учун Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги матбуот котибларига боғланди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов "тергов бўлаётган жараёнда маълумот берилмайди," дея жавоб берди ва вилоят бошқармаси матбуот котибига боғланишни тавсия қилди, аммо бизнинг бир неча бор қилган ҳаракатларимиз жавобсиз бўлди. Биз сўнгра Хўжаобод тумани Ички ишлар бўлимига боғланганимизда у ернинг ходими бу борада маълумот йўқлиги, бу иш умуман бўлмаганини айтди, сўнг вилоят матбуот котибига боғланишимиз кераклигини билдирди. Бу ходим туман бошқармасида Нўмон Ортиқов исмли шахс бор ё йўқлигини тасдиқлашдан бош тортди.

Мурожаатномага бир неча жароҳат суратлари илова қилинган

Сурат манбаси, Facebook/ЖабрдийдаФуқаро

Сурат тагсўзи, Мурожаатномага бир неча жароҳат суратлари илова қилинган

Айни дамда қийноққа тутилган даъвогарнинг ёзишича, жиноят иши Жиноят процессуал кодексининг 364-моддаси, яъни "Дастлабки терговни тўхтатиш асослари ва тартиби" асосида тергов тўхтатилган ва жиноятчилар жазосиз қолмоқда.

Мазкур иш охирги кунларда Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги ходимларига қарши янграётган зўравонлик айбловлари манзарасида юзага чиқмоқда.

23 январь куни Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида 32 ёшли Юсуф Абдураҳмонов ички ишлар ходимлари томонида бир неча соат тўхтовсиз дўппослангани ортидан ҳалок бўлганини Ички ишлар вазирлиги тан олди. Икки ходим ҳибсга олинган ва тергов очилган.

Дарё мухбири Чироқчига сафар қилганида марҳум Абдураҳмонов билан бирга ота бола Қурбон Остоноев ҳамда Баҳром Авлиёқуловлар ҳам калтаклангани ва касалхонада даволанаётганини аниқлаган. Абдураҳмонов калтакланаётган пайт улар ҳам ўша ерда бўлганлар ва улар ҳам ички ишлар ходимлари томонидан аёвсиз калтакланган.

"Нурбек исмли ходимдан сўнг ёнимга Анвар дегани келди, — дейди Қурбон Остоноев. - У ҳам ҳақорат қилди, урди. Жавобларим маъқул келмадими «противогаз» кийдириб, қийноққа сола бошлади. Худди ёш боладек чаккамга тарсаки туширарди. Ўша куни хона бурчагида қўлимни кўтартириб, турғизиб ҳам қўйишди. Ўзлари эса ухлади. 22 январь куни тонг пайти Анвар исмли ходим яна сўроқ қилишни бошлади: урди, тепди, — дейди Қурбон Остоноев.— Ҳатто пичоқ ҳам тирашди. Пичоқ сопи билан бошимга уравергач, пичоқ сопи синди. Аммо уларнинг қийноғи тугамади," дейди Қурбон Остоноев.

Қарши шаҳрида 30 январь куни ўтказилган брифингда сўзга чиққан Ўзбекистон ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ИИБ биносида одам ўлими ҳолати янгилик эмаслигини айтди. «Бундай ҳолатлар, афсуски, илгари ҳам бўлган», — деди у.

Ғиёсовнинг қўшимча қилишича, 2019 йил давомида мамлакат миқёсида 7037 нафар ички ишлар ходимига жазо чоралари қўлланилган. Аммо, уларнинг қанчаси айнан қотиллик ёки ўлимга етаклаган қийноқлар айби билан жазолангани борасида маълумот берилмади.

Ички ишлар ходимларининг зўравонлиги борасидаги маълумот Ўзбекистонда ёпиқлигича қолмоқда. Аксар ҳолларда, хусусан, Би-би-сининг сўровларига "тергов сири" ваъжи билан маълумот берилмайди. Шундай экан, милиция идораларидан қанча бегуноҳ одамлар жасади олиб чиқилаётгани номаълум қоляпти.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek