You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россия-Ўзбекистон: Ким кимга керак?
Шу ҳафта Ўзбекистонга Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров сафар қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мустақиллигига Россияни энг катта хавфлардан бири деб билган ва Кремлни имкон қадар Тошкентдан узоқроқ тутиб келган президент Ислом Каримовнинг ўлимидан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар жонлана бошлади.
Аммо бу "жонланиш", айрим мутахассисларга кўра, Москванинг Тошкентга нисбатан муносабатини тенглик асосида қуриш нияти билан изоҳланмайди.
Россиядаги аксарият сиёсатчилар, жумладан президент Путин ҳам СССРнинг парчаланиб кетишини "асрнинг энг мудҳиш фалокати" деб билиши сир эмас.
Россия ва Ўзбекистонни етмиш йиллар давомида ҳудудий яхлитлик, СССР номли улкан давлат бирлаштириб турган бўлса, мустақилликдан сўнг бу икки давлат маълум муддатлик умумий тарихга эга алоҳида мамлакатларга айланди. Аммо ўзаро алоқалар турли йилларда ҳукуматларнинг муносабатига кўра, гоҳ масофа сақлаган, гоҳида эса қизғин, давомийлашиб келаяпти.
Бугун-чи, Россия ва Ўзбекистонни нима боғлаб туради? Ўзбекистон Россияни нималари билан ўзига тортмоқда? Би-би-си Ўзбек хизмати ҳозир Россияда яшаб келаётган асли ўзбекистонлик Ботиржон Шермуҳаммад ва Зарнигор Омонуллаеваларни суҳбатга тортди.
Ботиржон Шермуҳаммад: Россия империясидан тортиб Марказий Осиё мамлакатлари собиқ иттифоқ мамлакатларини манфаатлари доирасида ушлаб туриш, яъни геосиёсий томонидан бу менга қарашли давлатлар, ундан бошқа давлатлар, масалан, ғарб мамлакатларини таъсирида бўладиган бўлса, бу чегараси бизни чегарага яқин бўлган собиқ иттифоқ мамлакатларини доимий бошқа ғарб мамлакатларини таъсирига тушиб қолишидан улар билан иқтисодий ёки бошқа ҳамкорлик қилишидан қизғаниб, ўз таъсир доирасида ушлаб туришга ҳаракат қилади.
BBC O'zbek:Ўзбекистоннинг бугунги очиқлик сиёсати ва турли ҳамжамиятларга қўшилаётганидан Россия нима учун ҳавотирда?
Зарнигор Омонуллаева: Сабаби бундай жараёнда Марказий Осиёда Россиянинг азалий мақсадига дарз етади. Москва минтақадаги бошчилик ўрни ва ролни эгаллаш учун Ўзбекистон билан яқинлашишга интилаяпти. Ушбу яқинлашиш ва дўстликнинг энг катта кўрсаткичи иттифоқдошларга айланиш бўлади, албатта. Агар иттифоқдош бўлса, унда Россия Хитой ва АҚШ билан Марказий Осиёдаги бошчилик учун рақобатида ютган бўлади.
BBC O'zbek: Таҳлилчилар Россия-Ўзбекистон муносабатларида геосиёсий манфаатлардан билан бирга ҳарбий ҳамкорликнинг ҳам аҳамияти катталигини билдиришмоқда. Бу нималарда кўринади?
Зарнигор Омонуллаева: Ҳарбий ҳамкорлик, яъни ҳудудий хавфсизликда Ўзбекистоннинг ўрни Россия учун муҳим, буни ҳам ҳисобга олиш керак. Ўзбекистон Россияни Афғонистондан айириб турувчи ўзига яраша буфер. Ўзбекистоннинг ҳарбий салоҳияти ва ҳудудий хавфсизликдаги ўрни Россия учун муҳим. Бундан ташқари ўз вақтида Ўзбекистон ҳарбий бирлашма - ОДКБ дан чиқиб кетган. Шунинг учун ҳам Россия унинг ҳарбий салоҳиятини ҳам ҳисобга олинади, чунки Ўзбекистоннинг ҳавфсизликдаги ўрни Афғонистон билан боғлиқ масалаларда ҳам, чегараларнинг мустаҳкамлигида ҳам (Тожикистондан фарқли равишда Ўзбекистоннинг чегаралари жуда мустаҳкам) Ўзбекистон Россияни жуда қизиқтиради. Ушбу ҳарбий қизиқиш ва принциплари учун Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга, иттифоқлашишга бор куч ва заҳиралари аямайди.
BBC O'zbek: Икки давлат орасида иқтисодий алоқалар йиллар давомида бўлиб келган. Бу борада бугунги кунда Ўзбекистон келажагида Россия қандай ўрин эгаллайди? Ўзбекистон Россиясиз яшай олмайдими?
Ботиржон Шермуҳаммад: Йиллар давомида иқтисодий муносабатлар бўлган. Собиқ Иттифоқ даврида тузилган иқтисодий бошқарувга кўра, Марказий Осиё мамлакатлари хомашё манбаи, бир неча давлатларда ишлаб чиқириш корхоналари бўлган ва уларнинг ҳар бири ўзаро боғланган. Ўтган асрнинг 90-йилларда бу нарса ўз аҳамиятини анча йўқотган бўлса ҳам, аммо ҳозиргача маълум алоқалар сақланиб қолган. Бундан ташқари бир-биримизга сотадиган маҳсулотимизга ўзаро катта талаб йўқ: яъни сертификатлар, уларнинг сифати бўйича алоҳида шартлар қўйилмайди. Масалан, Ўзбекистондан Европага борадиган мева-чева маҳсулотларини шу туришида Европага ёки Японияга сотиб бўлмайди. Чунки улар маълум бир дориларни камроқ солишни, сифатни, чиройли қадоқлашни ёки сертификатни талаб қилади. Россияга олиб бориб сотиш эса осонроқ. Уларнинг ҳам маҳсулотлари бизга келиши осонроқ. Шунга ўхшаш ҳолатлар борки, икки мамлакат иқтисодий жиҳатдан бир-бирига боғлиқ.
BBC O'zbek: Яна бир омил: миграция. Бугунги кунда Россияни ўзбекистонлик муҳожирларсиз тасаввур қилиб бўлмай қолди.
Ботиржон Шермуҳаммад: Ҳудудларда визасиз бориб-келиш имконияти борлиги учун, бизда рус тилини кўпчилик билгани учун ва бориб ишлаш учун меҳнат бозорининг биз учун очиқлиги ва осонлиги учун ўзбекистонликлар ватанда иш топа олмасдан Қозоғистон ва Россияга бориб ишлашни танлашмоқда. Албатта, муҳожирлар бизни Россия билан боғлаб туради. Лекин биз биламизки, Ўзбекистон муҳожирлари энг кўп қийналадиган, ҳуқуқлари бузиладиган, иш ҳақларини олишда ва полиция билан муаммолари жуда кўп бўлган давлатдир. Албатта, бу муаммоларни тез ҳал қилишнинг иложи йўқ, аммо муҳожирларни ривожланган давлатларга тайёрлаб юбориш билан миграция муаммолари камаяди.
BBC O'zbek: Россия-Ўзбекистон келажагида миграция қандай томонга юз буради?
Зарнигор Омонуллаева: Россиянинг ҳозирги демографик кўрсаткичлари жуда ҳам аянчли. Ушбу демографик бўшлиқликни миграция орқали тўлдирса бўлади. Лекин айнан ҳозирги пайтда мигрантларга нисбатан Россиядаги маҳаллий аҳоли ва ҳукуматнинг кайфияти асосан ксенофобия ва шовинизмдан иборат. Буни Путиннинг охирги матбуот анжуманидаги фикридан ҳам билсангиз бўлади. Россия президенти бу нутқида "Мигрантлар бизнинг маданиятни билишмайди, жамиятимизга мослаша олишмаяпти. Шунинг учун ўзимизни маданиятимизни Россия олийгоҳларининг қўшни давлатларда очилиш орқали татбиқ қилишимиз керак" деган фикр билдирди. Бундан кўриб турибмизки, мигрантларнинг ҳуқуқий ҳолатини иттифоқ орқали яхшилаш - баҳона, холос. Тўғри, иттифоқ орқали Ўзбекистоннинг энг катта инвесторларидан бўлмиш - мигрантларга катта енгиллик бўлади. Лекин бу енгиллик патент учун солиқ тўламаслик ва регистрация қилишнинг енгиллашишида кўринади, холос. Мигрантларнинг ҳуқуқий ҳимоясида кўринмайди. Бу албатта, баҳсли мавзу. Айтмоқчиманки, мигрантларга иқтисодий томондан енгиллик бўлиши аниқ, лекин ҳуқуқий ҳимоя пайдо бўлиши аниқ эмас. Устига устак иттифоқдошлик, яъни, масалан Евросиё Иқтисодий Иттифоқига агар Ўзбекистон аъзо бўлса, унда мигрантлар оқими кўпайиши табиий.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek