You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: 2020 йилдаги 5 асосий янгилик халқ ҳаётида қандай акс этади? O'zbekiston
Ўзбекистонда янги 2020 йил бошидан жорий этилган аксар ўзбекистонликлар ҳаётига таъсири сезиладиган 5 асосий янгиликлар қайсилар?
1. 2020 йил 1 январидан ҳокимнинг фермердан ерини олиб қўйиш ваколати халқ депутатлари кенгашларига ўтказилди
Бундай тартиб Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 13 августда имзолаган "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида"ги фармони асосида жорий этилмоқда.
Фармонда "қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш; жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш" ваколатлари Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларидан олиб қўйилиши ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига берилиши белгилаб қўйилган.
- 2019 йилда Ўзбекистон 1996 йилга қайтдими?
- Президент Мирзиёев ислоҳотлар реал ҳаётда ўз аксини топмаётганини эътироф этди
- Ўзбекистон: Аҳоли реал даромадларини оширамиз - Мирзиёев
- Ўзбекистон 2019: Шавкат Мирзиёев ниҳоят дунёни тан олдирди
- Ўзбекистон 2023 йилда пахта ва ғалла давлат бошқарувидан воз кечоладими?
Ўзбекистонда "режани бажармадинг" деган баҳона билан фермер ерини ҳоким қарори асосида тортиб олиш, ҳоким ёки бошқа мансабдорга яқин фермернинг бошқа бир фермернинг сувли, кўп ҳосил олиш мумкин бўлган ерига кўз олайтириши ва ҳокимнинг ноқонуний қарорлари асосида замин ўзлаштирилиши ҳолатлари тез-тез учраб туради.
2. Мамлакатда янги Солиқ Кодекси кучга кирди
Ўзбекистон расмий мулозимларининг баёнотларига кўра, янги, илғор солиқ тизими жорий этилди. Солиқ турлари 9 тагача қисқартирилди. Хусусан, ягона ер солиғи, давлат божи, божхона тўловлари, айрим тадбиркорлик турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ турлари бекор қилинган. Янги Солиқ кодексида солиқларнинг сони мақбуллаштирилгани, ҳисоботлар камайтирилиб соддалаштирилгани айтилмоқда.
Аммо иқтисодий экспертларнинг фикрича, Қўшимча Қиймат солиғи (ҚҚС) тизими ҳали мукаммал эмас, бундай тартиб, хусусан, ноширларни оғир иқтисодий аҳволга солиб, Ўзбекистонда китоблар нархи қимматлашишига олиб келиши ҳақидаги хавотирларни туғдирган.
3. Четдан жисмоний шахс ўз эҳтиёжи учун олиб кирадиган товарлар учун бож тўлови ҳар килограммига $3 қилиб белгиланди
Ўзбекистон расмийларининг ишонишича, мамлакат ичкарисида маиший техника жиҳозлари билан савдо қиладиган тадбиркорлар одамларга пул бериб, гўёки шахсий эҳтиёжи учун чегарадан олиб ўтиб расмийлаштирган товарлар билан савдо қилмоқдалар, бу билан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатига зарар келтираяптилар.
Шунинг учун гўёки маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги божхона тартибини жорий этишга қарор қилинган деб ҳисоблайдилар кузатувчилар.
Кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган, аксар салбий муносабатлар билдирилганига қарамасдан, Ўзбекистон Божхона қўмитаси ташаббускори бўлгани хабар қилинаётган президент қарори 2019 йил 7 ноябрида қабул қилинган ва 2020 йил 1 январидан кучга кирган.
Аммо мустақил иқтисодий таҳлилчилар ушбу амалларда Ўзбекистон ҳукуматининг импорт ўрнини қоплаш сиёсатини қўллаш истагини кўрадилар.
"Аммо бу фалсафанинг оқибати яхшиликка олиб келмайди, биз бундан олдин ҳам импорт ўрнини босиш сиёсатини қўллаб кўрганмиз ва бундай сиёсат Ўзбекистон қашшоқлашишига олиб келганини исботлагаган", деб ҳисоблайди тошкентлик мустақил иқтисодий таҳлилчи Юлий Юсупов.
"Импорт ўрнини қоплаш сиёсатининг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатни жаҳон иқтисодиётидан ихоталайди( демакки, халқаро меҳнат тақисмотидаги иштирокдан фойда кўриш имкониятини ўлдиради), рақобатни ўлдиради( бунинг оқибати ўлароқ, иқтисодий ривожланиш рағбатини йўқ қилади), иқтисодиётнинг янада бюрократлашиши ва мансабдорларнинг ўз билганини қилиш(демакки, бозор механизмларини барбод этиш, самарасиз иқтисод ва коррупцияга) олиб келади. Жисмоний шахслар мамлакатга олиб кирадиган товарларга чекловлар марҳум президент Ислом Каримов бошқаруви йиларида ҳам киритилганди. Биз яна ўша сиёсатни қайта тиклаяпмиз", деб ҳисоблайди Юлий Юсупов.
Президентнинг янги қарори Ўзбекистон чегараларида янги йилнинг биринчи кунидан узунқатор навбатларни ҳосил қилгани ҳақидаги хабарлар тарқалган.
4. 2020 йил 1 январидан Ўзбекистонда тўй ва маъракаларни тартибга солиш низоми кучга кирди
Мамлакатда тўй-маъракалар ҳаддан зиёд серхаражат бўлиб кетаётгани, манманлик, ўз-ўзини кўз-кўз қилиш тадбирларига айланиб бораётгани узоқ йиллардан буён танқид қилиб келинади, ниҳоят 2017 йил ёзида Президент Шавкат Мирзиёев оммавий тадбирларни тартибга солиш топшириғини парламентга топширди.
Бу масалада кенг жамоатчилик иштирокидаги пухта муҳокамалардан сўнг бир қарорга келган маъқул, деган тўхтамга келинди.
Ниҳоят 2019 йил 19 сентябрида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашлари низом қабул қилди.
Энди Ўзбекистонда тўйга чақирилган меҳмонларнинг сони 200дан, тўй муносабати билан ўтказиладиган ош маросимидаги меҳмонлар 250 дан ошмаслиги лозим.
"Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган тўйлар, оилавий тантаналардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни ("келин навкари", "чорлар", "ота кўрди", "сеп ёйди", "қуда чақирди", "куёв чақирди", "келин чақирди", "тоғора юбориш", "пул сочиш" ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.
Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирларни ("етти", "пайшанбалик", "йигирма", "қирқ", "йил оши", "пул тарқатиш", "мато улашиш" ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди", дейилади Олий мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарорида.
Низом талабларини бузган шахслар Ўзбекистондаги базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
2020 йил 1 февралидан Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 679330 сўм этиб белгиланди.
5. Энди ўзбекистонлик ҳайдовчи бодикамерали Ички ишлар ходими билан гаплашади
2020 йил бошидан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг "Йўл-Патрул хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори кучга кирди.
Ҳукумат қарорига кўра, бундан кейин Йўл-Патрул хизмати ходими ўз "вазифаларини мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб бориш; йўл ҳаракати қатнашчиларига мобиль видеокамерадан фойдаланаётганини маълум қилиш ва келгусида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этса, айбини исботлаш учун видео ёзувдан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш"и лозим.
Энди ўзбекистонлик ҳайдовчиларнинг мобиль видеокамераси йўқ ЙПХ ходимига ҳужжатларини тақдим этмасликка ҳаққи борлиги белгиланган Вазирлар Маҳкамаси қарорида.
Ўзбекистонда йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини бузиш жуда кўп учрайди.
Айни вақтда қоидани бузмаган ҳайдовчиларни ҳам ГАИ ходимлари пора олиш мақсадида тўхтатиши, ҳужжатидан ёки автомобилидан бирор камчилик топишга ҳаракат қилиши кўп тарқалган ва ушбу янгиликлар йўллардаги носоғлом муҳитни бартараф этишга қаратилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek