Ўзбекистон: Бош прокуратура журналистга таҳдид ва туҳмат қилдими?

Тошкент шаҳар ҳокимининг журналистларга нисбатан қилган таҳдиди ҳуқуқий баҳосини олиб улгурмасдан яна бир журналист ўзига нисбатан босим бўлаётганини айтмоқда. Журналист Каримберди Тўрамуродга кўра, унга блогер ва журналистларни ўз ҳимоясига олганини таъкидлаган ва асосий вазифаси қонун устуворлигини таъминлаш бўлган Бош прокуратура таҳдид ва туҳмат қиляпти.

"Кимдир Жаҳонгир Муҳаммадга ёзган хатни Жаҳонгир Муҳаммад ўзининг саҳифасида эълон қилган. Мен ундан иқтибос келтирган эдим, Facebookда. Улар мен қўйган мустақил пост деб, бу постга раддия эълон қилишиб, мени бир сиёсий айбларда айблашибдики, Ўзбекистон прокуратурасини обрўсини тўкишга очиқдан очиқ ҳаракат қилди, деб менга катта айбларни илишибди", дейди Каримберди Тўрамурод.

Америкада истиқомат қилаётган журналист ва сиёсатчи Жаҳонгир Муҳаммад 14 ноябр куни #jmmaktublar рукни остида Хатирчидан ёзилган шикоят мактубни ўз саҳифасида чоп қилди.

Унда Хатирчи туманидаги фуқаро хонадонига Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари девордан ошиб тушиб, "босқинчилик" қилгани айтилади.

Каримберди Тўрамурод орадан қарийб 12 соат ўтганидан сўнг ушбу постни ўз саҳифасига кўчириб босди ва ўқувчиларига 6 та савол ташлаган.

Бош прокуратура "Даракчи" газетаси орқали 20 ноябр куни ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида баёнот берди.

Муносабатда фуқаронинг уйига бостириб кириш ҳолати рад этилган.

Бош прокуратура жавобидаги эътирозга сабаб бўлаётган жиҳати постни биринчи бўлиб қўйган Америкадаги Жаҳонгир Муҳаммадга эмас, балки уни ўз саҳифасида кўчириб босган Самарқанддаги Каримберди Тўрамуродга раддия берилгани бўлмоқда.

Иккинчидан, ушбу раддия сўнггида Каримберди Тўрамуроднинг номи келтирилмаган бошқа мақолалари умумлаштирилиб журналистга нисбатан хулоса берилган.

Бош прокуратура эътирози айбланувчига қўйилган айблов хулосасидек янграйди.

"Хулоса қилиб, К.Тўрамурод томонидан эълон қилинган мақолаларни мамлакатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни обрўсизлантириш орқали уларнинг қонуний фаолиятига нисбатан нафрат уйғотишга қаратилган очиқ ҳаракат деб баҳолаш ўринли", дейилади Бош прокуратура жавобида.

Шунингдек, Бош прокуратура журналистнинг ҳуқуқ тартибот органи ходимларининг фаолиятини савол остига олувчи "Самарқандда янги мафия" деб номланган материали номини айтмасдан унга раддия берган.

"Cуд ҳукми билан айбли деб топилган шахсларни қўллаб-қувватлаши остида бирор бир манфаат яширилмаганлигига кафолат борми?!", дея журналист томонидан коррупция ҳолатига шама қилади Бош прокуратура.

Би-би-си Бош прокуратурага ушбу чиқиши билан журналистга таҳдид ва туҳмат қилдими, дея мурожаат қилди.

Бош прокуратура матбуот хизмати берилган 7 саволдан фақат биттасига жавоб берди.

"Бош прокуратура томонидан муаллифга нисбатан таҳдид қилинмаган. Ёзган мақолаларига ва ёритилган видеобаёнотларига нисбатан ЎзР ОАВ Қонунига асосан муносабат билдирилди", дейди Бош прокуратура матбуот хизмати жавобида.

Бош прокуратуранинг "Даракчида" чиққан раддиясидан қуйидаги саволлар пайдо бўлди.

Бош прокуратура шама қилаётгандек журналист Каримберди Тўрамурод мақола ёзиш мақсадида пул олган бўлса прокуратура нимага суриштирув бошламаган?

Агар Каримберди Тўрамуроднинг пул олганлиги тўғрисида далил бўлмаса Ўзбекистоннинг қонун устуворлиги ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлашга масъул бўлган давлат органи нега журналистнинг обрўсини тўкишга қаратилган баёнот билан чиқди?

Каримберди Тўрамурод Хатирчи туманида содир бўлган ҳолатни кўчириб босиб чоп қиларкан, ўзидан фақат 6 та савол қўшган.

Бош прокуратура журналист томонидан берилган саволларни муҳофаза қилувчи органларни обрўсизлантириш ва уларга нисбатан нафрат уйғотиш деб баҳолаяпти.

Журналистларнинг савол бериш эркинлигини чекламаяптими?

Журналистга суд ҳукмларини савол остига олиш тақиқланганми?

Агар бундай бир тақиқ бўлса, унда нима учун Каримов даврида судланган шахслар энди оқланмоқда?

Ушбу саволларга Бош прокуратура матбуот хизмати "қўшимча маълумот йўқ" дея жавоб беришдан бош тортди. Идора матбуот хизмати журналистлар билан ҳамкорлик қилиш тарафдори эканлигини билдирди.

"Факат ҳамкорлик қилиш тарафдоримиз. Холис ҳамкорлик!!!", дейилади жавобда.

Бир неча кундан бери шифохонада ётган самарқандлик журналист Каримберди Тўрамурод Бош прокуратура раддиясидан сўнг кечаси билан ухлолмай, қаттиқ хавотирга тушаётганини айтмоқда.

"Ўзимни жуда ёмон ҳис қиляпман. Кеча туни билан ухлаганим йўқ. Озроқ таҳликага тушиб қолдим. Чунки кичкина айб қўйилаётгани йўқ. Бутун бошли ўзбек халқини Бош прокуратурага қарши қўйишда айбланяпман. Уларга нафрат уйғотишда айбланяпман. Порахўрликда дунёга шарманда бўлган ташкилот мени пора олганликда шама қиляпти. Нечта Бош прокурор кетди пора билан? Қолаверса менинг уйим 10 миллиардга сотилаётгани йўқ. Прокурорнинг уйи сотиляпти 10 миллиардга. Албатта Республика Президенти катта минбардан, телевизордан чиқиб, ҳамманг ўғрисан, муттаҳамсан, каламушсан деганда жимгина қарсак чалиб ўтирганлар бугун менга ёзган мақолаларим учун халқнинг прокуратурага қарши нафратини уйғотишга ҳаракат қиляпти деган менга яхшигина сиёсий айбни илмоқчи. Мендан сиёсий жиноятчи ясамоқчи бўляпти. Кучи етса Президентга ҳам раддия ёзсин, баёнот берсин. Нимага бизни порахўр, ўғри дедингиз, каламуш дедингиз, деб раддия берсин Президентга", дейди Каримберди Тўрамурод."

Журналист ва блогерни ҳимоя қилишини бот-бот такрорлайдиган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳозирча журналист Каримберди Тўрамурод ишига муносабат билдиргани йўқ.

Америкада истиқомат қилаётган журналист ва сиёсатчи Жаҳонгир Муҳаммад сўнгги вақтларда сўз эркинлиги борасида Ўзбекистондан жиддий сигналлар келаётганини айтади.

У Каримберди Тўрамурод ҳаётидан хавотирга тушаётганини билдирди.

"Ўзбекистон прокуратураси аслида қонунчилик бузилган бузилмаганини текширадиган идора. Бу идора журналистларга энди туҳмат қиладиган ёки журналистларнинг номини ерга урадиган идора бўлдими? Ўзи мен ҳайратда қоляпман. Кейинги кунларда воқеалар кетма-кет бўлиб кетяпти. Ҳамма ёқда журналистларга ҳужум бошланди. Тошкент шаҳар ҳокимининг гаплари ҳали совигани йўқ. Шу ишни қилмайман, дегани билан шундай қилинади деган гапларни айтди-ку у. Сувга чўктириш мумкин экан, гей деб эълон қилиш мумкин экан. Йўқотиб юбориш мумкин экан. Шесть секундда. Шулардан келиб чиқиб, мен Каримберди Тўрамуроднинг ҳаётидан хавотирда қолдим", дейди Жаҳонгир Муҳаммад.

Журналист сўнгги ҳодисаларни Ўзбекистондаги кадрларнинг малакасизлиги эмас, балки сиёсат дея тахмин қилишини таъкидлади.

"Нима учун энди прокуратура бугун журналистларга ҳужумга ўтди. Нима учун турли туман ҳокимликлар журналистларга ҳужумга ўтди. Ҳали сўз эркинлиги Ўзбекистонда тўла таъминланган эмас. Энди озгина шамоли эсмоқда. Шундай экан, буни ўлдириш Ўзбекистон ҳукуматига, Мирзиёев сиёсатига қарши ҳолат бу", дейди Жаҳонгир Муҳаммад.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek