You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Журналистлар сиёсий ўйин қуроли бўлиб қолмаслиги керак
Тошкент шаҳри ҳокими ва Олмазор туман ҳокими ўринбосари билан юз берган ҳодисалар Ўзбекистон қонунчилиги учун ҳам, президент ва Сенат учун ҳам, тўртинчи ҳокимият ҳисобланган матбуот ходимлари учун ҳам синов бўлди.
Кўпчилик дастлаб тарқалган аудионинг турли вақтларда айтилган гаплардан ясалган "қуроқ" эканлиги ва бу сиздиришдан муайян мақсад кўзланганини ҳам англадилар.
Тошкентлик журналист Али Қаҳҳор, Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан бўлган ҳодиса ўзбекистонлик журналистлар учун ўзаро бирдамликни намойиш этиш ҳодисаси ҳам бўлди, дейди.
- Ортиқхўжаев можароси - жамоатчилик Президентнинг қарорини кутмоқда
- Тошкент ҳокимининг ўлим таҳдиди Ўзбекистон бошқарув усулини фош қилдими?
- Прокуратура Тошкент ҳокими Ортиқхўжаевга чора кўришга ожизми?
- Журналистни итнинг боласи деб сўкса қаерда нима бўлади?
- Прокуратура қарорининг қонунийлиги савол остига олинмоқда
"Журналистлар қандайдир сиёсий ўйинларда восита, қурол бўлиб қолмасликлари керак", дейди Али Қаҳҳор.
"Бу ҳодиса нафақат Ўзбекистондаги ўзгаришлар ва жараёнларни синчиклаб кузатиб бораётган ташқи дунё, балки Ўзбекистоннинг ўзи учун ҳам ибратлидир. Биз ислоҳотларни хоҳлаймиз, биз уларни кутаяпмиз, ҳар куни қадам-бақадам боришини кузатиб бормоқдамиз. Бизнинг яқин тарихимиздаги энг нозик, қалтис жойимиз сўз эркинлиги, ўз хоҳиш-истагини эркин изҳор этиш, матбуот эркинлиги билан боғлиқ эди", деди журналист.
"Ўйлайманки, ҳоким кечирим сўрашининг ҳеч қандай қўрқинчли жойи йўқ эди. Бу сиёсат бўладими, бошқа фаолият туридами, кечирим сўраш - энг яхши нарса. Ҳалиям бўлса мен кечирим сўралади, деб умид қиламан", деди журналист Али Қаҳҳор.
Тошкент ҳокими ва Kun.uz веб-сайти таҳририяти ходимлари ўртасида рўй берган ҳодиса юзасидан АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакили баёнот эълон қилдилар.
Бу баёнотларда журналистларга нисбатан таҳдид қораланди, ҳодисани ҳар томонлама текширув чақириқлари янгради.
Ўзбекистон Бош Прокуратураси бундан олдин аудио ҳақиқийлигини текшираётганини билдирган эди.
Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев сенатор.
Сенатнинг одоб-ахлоқ комиссияси Ортиқхўжаев масаласини муҳокама қиладими, деган савол очиқ қолмоқда.
Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов сўнгги ҳодисани Ўзбекистонда мавжуд патронаж тизими билан изоҳлади, Ўзбекистон ва дунё жамоатчилиги Ўзбекистон Конституцияси ҳимоячиси ва кафили Президентдан Ортиқхўжаевнинг журналистларга нисбатан ўлим таҳдиди борасида қандай йўл тутаркин, деган қарорни кутиб ўтиргани ҳақида ёзди.
"Кичик мулозимнинг хатоси ва патронаж тизими бугун Президентга ва Ўзбекистоннинг стратегик обрўйига соя солиб бўлди. Сиёсий ўйин қоидаси шундай бўлиши керакки, муаммолар жойида, ҳуқуқий доирада, сиёсий совуққонлик билан тезда ҳал қилинмас экан, оқибати ҳамма учун, Президентдан тортиб, оддий ҳалқ учун ҳам, салбий бўлади. Чунки, бошида Президент легитимлигини йўқотади, охирида, бу, халқнинг, одамларнинг қашшоқлиги, имконсизлигига олиб келади", дея хулосалайди Камолиддин Раббимов.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek