Ўзбекистон-Россия: ЛУКОЙЛ ходимининг қўйлар подаси деган ҳақорати бизнесга таъсир қиладими?

    • Author, Жамшид Муслимов
    • Role, Иқтисодчи, Москва

Ўтган хафта тармоқларда тарқалган ЛУКОЙЛ ходими Иван Шиловнинг маҳаллий ишчиларни "қўйлар подаси" дея ҳақоратлаган видеоси кескин баҳсу мунозараларга сабаб бўлди. Ўзбек сиёсий партиялари ЛУКОЙЛ раҳбариятидан расмий муносабатини талаб қилиб чиқдилар.

Биз ҳодисани корпоратив этика нуқтаи назаридан таҳлил қилишга уринамиз. Ва мисоллар билан...

Facebookдаги жанжал

Facebook медиа тармоғининг раҳбарияти компанияда ирқчиликка йўл қўйилган ҳолатлари учун расмий баёнот билан 8 ноябр куни кечирим сўради. Бундан бир кун аввал аноним муаллиф блогида Facebookнинг собиқ ходимлари номидан компанияда қоратанли, испан ва осиёлик ҳодимлар ирқи туфайли камситилаётгани ҳақида хабар тарқалди.

"Facebookда ёки бошқа жойда ҳеч ким бундай хатти-ҳаракатларга тоқат қилмаслиги керак", деди ўз баёнотида Берти Томсон, Facebookнинг корпоратив алоқалар бўйича вице-президенти. "Биз кечирим сўраймиз. Бу ҳолат компаниямизнинг барча қадриятларига зиддир. Биз тингламоқдамиз ва янада яхшироқ ишлаш учун ҳаракат қилмоқдамиз".

"Ирқчилик, камситиш, тарафкашлик ва тажовузкорлик катта "лаҳзалардан" келиб чиқмайди", деб ёзади номаълум ходимлар. "Бу кичик ҳаракатлар йиғилиб, вақт ўтиши билан маълум маданиятга айланади. Бу шундай маданиятки, биз компанияда ҳеч қачон эшитилмайдиган, ҳеч қачон тан олинмайдиган, ҳеч қачон рағбатлантирилмайдиган ва ҳеч қачон қабул қилинмайдиган квота ходимлари сифатида қараламоқдамиз".

Ривожланган мамлакатлардаги йирик корпорациялар ижтимоий мажбурият сифатида "diversity" яъни "турфахиллик" сиёсатини жорий қилганлар. Унга кўра, меҳнат жамоаларида турли ирқ, миллат, дин ва жинс вакллари учун тенг шароит яратиш мақсадида маълум иш ўринлари ажратилади. Шунингдек, раҳбарият мунтазам равишда турли кўринишдаги камситиш, ноўрин сўзларни ишлатиш ва ходимлар билан ғирром муносабатда бўлиш ҳодисларини олдини олишга интилади. Баъзи ҳолатларда камситиш ҳодисалари кўзга кўрилмайдиган қуйи ўринларда содир этилаётгани бундай назоратдан ташқарида қолади. Натижада озчилик вакиллари бўлмиш ходимларининг сабр косалари тўлиб, муаммоларини кенг жамоатчиликка олиб чиқадилар.

Ғарбда холислик ва ҳалоллик репутацияси жуда аҳамиятлидир. Биронта корпорация ижтимоий қоралов нишонига тушиб қолса, бутун юқори раҳбариятнинг истеъфосига олиб келиши мумкин. Шу сабабли Фэйсбукнинг бошқарувчилари вақтни йўқотмай, ўз узрларини очиқ эълон қилиб, ички маданиятни яхшилаш ҳақида ваъда беришга шошилдилар.

Шилов ҳақоратлари ва ЛУКОЙЛ муносабати

МЧЖ «ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани» ўз сайтидаги хабарида Шилов маҳаллий электромонтерларга нисбатан ахлоқсиз ва қўпол сўзлар ишлатганини эътироф этиш баробарида унинг хатти-ҳаракатини ходимларнинг хавфсизлик борасида йўл қўйган қўпол хатолари билан изоҳлади. Шунингдек, ЛУКОЙЛ раҳбарияти ҳодиса юзасидан суриштирув ишларини олиб бораётганини айтгани ҳолда, кадрларни бошқаришдаги муаммо мавжудлигини тан олмади ва йўл қўйилган низо учун масъулиятни зиммасига олмади ҳамда Ўзбекистон жамоатчилиги олдида кечирим сўрамади.

Яна бир муҳим маълумотга эътибор берамиз: МЧЖ «ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани» Ўзбекистонда 2004 йилдан бери "Маҳсулот тақсимлаш шартномаси" асосида фаолият юритади. Шартнома имзоланган вақтда ЛУКОЙЛ бош раҳбари Вагит Алекперов мазкур лойиҳаларида ишловчилар умумий сонинининг 80 фоизигача маҳаллий фуқароларидан иборат бўлишини ваъда қилган эди. Эҳтимол, компания раҳбариятида ўзбекистонлик ишчиларга нисбатан "квота одамлари" деган ижобий бўлмаган муносабат шакллангандир?..

Корпоратив кодекс нима дейди?

Қуйида келтирилган корпоратив хужжатлар катта компания учун нафақат соғлом муҳитни сақлаш ва иш самарадорлигини ошириш, балки жаҳон жамоатчилигининг кўз олдида замонавий корпорация бўлиб кўриниши учун ҳам қабул қилинган.

ЛУКОЙЛнинг ижтимоий кодекскининг 3.4 моддасига биноан;

Компания кўп миллатли нефтгаз саноатига хос бўлган миллий бағрикенглик анъаналарини ҳамда ўзаро хайрхоҳлик руҳини сақлаш ва рағбатлантириш тамойилига риоя қилишни зиммасига олган.

Компаниянинг ички қоидаларидан бўлмиш "Ишбилармонлик ахлоқий кодексининг" "Инсон ҳуқуқлари ва иш муҳити" бобида ЛУКОЙЛ кўпмиллатли компания экани ва ундаги турфахиллик қадрланиши, инсон ҳуқуқларига оид халқаро андозаларга риоя этилиши ҳақида айтилади. Ушбу кодекс компаниянинг ҳар бир ходимига ўзаро ҳурмат, соғлом, дўстона муҳитни сақлаш ва дискриминация (камситиш)нинг ҳеч бир турига йўл қўймаслик маданият-мажбуриятини юклайди.

"Ишбилармонлик ахлоқий кодекси" (2010 йил) қабул қилинган пайтда ЛУКОЙЛ раҳбари Вагит Алекперов шундай деган: "Ҳар бир ходим компаниянинг юзи бўлиб, ўз меҳнати ва ахлоқи орқали компаниянинг репутацияси ва нуфузини сақлашини ёдда тутиш муҳимдир".

Салбий оқибат эҳтимоли

ЛУКОЙЛ Facebook каби акциялари халқаро молия бозорларида кенг айланадиган йирик корпорациялардан ҳисобланади. Шунинг учун компаниянинг ижтимоий репутациясини ҳимоялашга катта аҳамият берилади. Бироқ кўриб турганимиздек, ўзбекистонлик ишчилар билан содир бўлган можарода, ЛУКОЙЛ раҳбарияти Facebookдан фарқли ўлароқ, ўзининг ахлоқий меъёрларига содиқ эканини намойиш қилишга шошилмаяпти. Бунга сабаб, ўйлашимизча, замонавий корпоратив маданияти ЛУКОЙЛда ҳали мустаҳкам шаклланмагани, инсон қадрини тўкиш билан ажралиб турадиган эскича шўро буйруқбозлик бошқарув услубининг ҳануз амалдалигидир.

Ушбу вазиятнинг кенг муҳокамага чиқиши ЛУКОЙЛнинг жаҳондаги репутациясига қанчалик таъсир қилишини ҳозирча билмаймиз. Лекин собиқ Facebook ҳодимлари айтганидек, камситиш, зуғум ўтказиш кўпинча атрофга кўринмайдиган ҳолда содир бўлса-да, фактлар оммавий ахборотга киргач, улар халқаро бизнес олами журналистлари саволлари қаторидан ўрин эгаллайди. Эртами, кечми, катта сармоядорлар қулоқ тутадиган оммайий ахборот воситалари ушбу вазиятга алоқадор ноқулай саволларни ЛУКОЙЛнинг юқори раҳбариятига беради. Ана ўшанда компания ўзи эълон қилган ижтимоий мажбуриятлари билан юз берган ҳодисалар ўртасидаги тафовутни изоҳлашга мажбур бўлади.

Мақола муаллифининг фикри таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek