You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Чор Россиясига оид ёдгорликнинг қайта тикланиши руспарастлик белгисими?
Пойтахтнинг кўҳна Камолон маҳалласида Тошкентни истило қилиш давомида ҳалок бўлган Чор Империяси аскарлари хотирасига ўрнатилган бутхона қайта тикланмоқда.
1886 йилда барпо этилиб, бугунга кунда деярли вайронага айланган Авлиё Георгий Победоносец бутхонаси жорий йилнинг 28 июнь куни Маданият вазирлиги томонидан тарихий-маданий мерос ёдгорлиги сифатида рўйхатга олинган.
Бутхона жойлашган ҳудудга Тошкентни босиб олиш чоғида ҳалок бўлган 24 нафар рус аскари жасади дафн этилган бўлган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий вебсайти тарқатган хабарга кўра, сентябрь ойининг сўнггида бошланган реконструкция ишлари икки ойга чўзилиши мумкин.
Тарқатилган маълумотларга кўра, реконструкция бўйича топшириқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан берилган.
Тошкентнинг истило этилишида иштирок этган аскарларни хотирлаш йўлида қад кўтариб турган бутхонанинг қайта тикланиши тўғрисидаги хабар ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини том маънода иккига бўлиб юборган.
Фикр билдирувчиларнинг бир қисми бутхонанинг шунчаки тарихий ёдгорлик экани ва уни сақлаб қолиш муҳимлигига урғу берса, аксар одамлар мамлакатда мавжуд бошқа миллий тарихий обидалар қаровсиз ётган бир пайтда мазкур иншоотга кўрсатилаётган махсус эътибор Ўзбекистон ҳукуматининг Россия билан алоқаларни мустаҳкамлашга уриниши белгиси сифатида кўрмоқда.
Шунингдек, «рус босқинчилари» хотирасини улуғловчи ёдгорликка алоҳида эътибор кўрсатиш айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан «ўз она шаҳрини ҳимоя қилиш йўлида шаҳид кетган ота-боболар руҳига ҳурматсизлик қилиш» ўлароқ ҳам баҳоланган.
Аммо тарихга сиёсий тус бермай, унга холис муносабатда бўлиш лозимлиги акс этган фикрлар ҳам озмунча эмас.
Журналист Хуршид Йўлдошев Би-би-си билан суҳбатда бутхонанинг таъмирланишига нисбатан эътирози йўқлиги, лекин нега айнан мазкур ёдгорликка эътибор кўрсатилаётгани борасида маълумотлар камлиги турли тахминларга сабаб бўлаётганини айтади.
"Очиғи, бу часовнянинг таъмирланишига шахсан қарши эмасман. Ҳар қандай тарихий бино сақланиши керак. Минг қилса ҳам бу бизнинг ўтмишимиз. Чор Россияси даври ҳам, совет даври ҳам".
"Аммо бошқа бир жиҳати ҳам бор. Нега айнан шу бино таъмирланди? Буни турлича талқин қилиш мумкин. Ташаббус кимдан чиққан, ким буни қўллаган, бу ҳақда етарлича маълумотим йўқ. Рус босқинчиларини улуғлаш бу, деган изоҳлар ҳам айтиляпти. Қутайбанинг мақбараси таъмирланса, араб босқинчиларини улуғлаш бу, деб талқин қилинармиди?" деган саволни ўртага қўяди журналист.
Журналист ва блогер Элдар Асанов исталмаган ўтмишга оид ёдгорликларга ёвқараш яхши эмаслиги, балки тарихнинг турли даврларида мавжуд бўлган маданий мерослар ва шахсларга ҳам эътибор қаратишга чақиради.
«Тошкентни эгаллашда ҳалок бўлган 24 нафар рус аскарига атаб тикланган ёдгорликнинг қайта таъмирланиши - жуда яхши ташаббус. Бу ҳам тарихнинг бир қисми, ўтмиш ёқмади, деб тарихий ёдгорликни бузиб ташлаш ярамайди, бу бургага аччиқ қилиб кўрпани ёққан билан баробар», дейди у.
Шунингдек, у Тошкент ҳимоячиларини ҳам ёддан чиқармасликни таклиф этади.
«Тошкентни рус аскарларидан мардонавор ҳимоя қилган лашкарбоши Алимқулга ҳам ҳайкал ўрнатишни, шаҳарни ҳимоя қилишга қасам ичиб, ҳалок бўлган минглаб ўзбек аскарларига ёдгорлик тикланишини таклиф этаман. Булар ҳам тарихимизнинг бир қисми».
Тарихчи Анвар Назирга ўзининг танқидий муносабати қайта тикланаётган бутхонага эмас, балки ҳукуматнинг тарихий ёдгорликларга нисбатан сиёсатига қаратилганлигини билдирган таҳлилчи мамлакатдаги барча маданий обидалар тенг эътиборга лойиқ эканини таъкидлайди.
«Агар шу бутхонанинг ёнида ёки унга яқин ерда Тошкентни муҳофаза қилиш вақтида мардонавор ҳалок бўлган Алимқул ва бошқа лашкарбошилар ҳамда аскарлар учун ҳам бирор ёдгорлик тикланганда эди - ҳеч қандай эътироз билдирмаган бўлар эдим».
Истилочилар руҳини ким шод этмоқда?
"Бу ерда бир нарсага эътибор бериш лозим: қайта тиклаш ишлари давомида бутхонада бўлган ёзув ҳам қайта ўрнатилади. 24 аскарнинг исмлари рўйхатидан иборат бўлган бу ёзувда «Душманлар билан жангда ҳалок бўлган», сўзлари битилади. Бу ерда «душманлар» - ўша вақтдаги тошкентликлар, маҳаллий аҳоли ва туркистонликлардир. Ҳозир Ўзбекистонда илк бор икки миллатнинг ўртасига низо солувчи ёдгорлик қайта тикланмоқда", иддао қилади Анвар Назир.
Бироқ реконструкция ишларига алоқадор эканлигини маълум қилган ўрта ёшли эркакнинг Би-би-сига таъкидлашича, бир ёдгорлик миллатлараро низога сабаб бўлишидан хавотирга тушиш ноўрин.
"Мана масалан Санкт-Петербургда Амир Олимхон мусулмонлар учун қурдирган масжид бор. Руслар шу масжид туфайли Россиядаги ўзбеклар билан уришиб қолмаяптику? Бу бир тарихий ёдгорлик, холос. Босқинчилар қурдирган экан, деб уни бузиб ташлаш керакми?"
Таҳлилчи Анвар Назир асосий муаммо ёдгорликнинг ўзида эмаслигини, балки Ўзбекистон ҳукумати ундан айнан Россия билан муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида восита сифатида фойдаланаётгани ва тарихий ҳақиқатларни ҳисобга олмаган ҳолда, бу амалнинг оқибатларини ўйламаётганида эканини айтади.
"Россия иқтисодий аҳволи қанча ёмон бўлмасин, рус тили ўз ўрнини инглиз тилига бўшатиб бермасин, ҳукуматда мавжуд мафкуралашган гуруҳ советпарастлик, руспарастликни тарғиб этишга уринмоқда".
«Мени миллатчилик қилишда айблашлари мумкин, лекин бундай эмас. Ўзбек ва русни бундай бутхоналар эмас, балки маданият бирлаштириши керак. Ўзбек маданиятига қизиққан рус олимлари, рус тилига қизиққан ўзбек адиблари бўлган. Айнан ўшалар бу икки миллатни бирлаштириши керак», дея сўзлайди Авлиё Георгий бутхонасини, ҳатто, советлар ҳам бузиб ташлашга уринганини тилга олиб ўтган таҳлилчи.
Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ҳукумати бир неча масалаларда Россияга ён босиш ва Кремль қўлидаги қўғирчоққа айланиб улгурганликда айбланмоқда.
Шу кунларда Ўзбекистонга ташриф буюрган Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерацияси Кенгаши раиси Валентина Матвиенко Ўзбекистоннинг собиқ совет давлатлари тизгинини қайта қўлга олиш йўлида президент Владимир Путиннинг воситаси эканига ишонилган Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиши кутилаётганини маълум қилган.
Матвиенко хоним Ўзбекистоннинг иттифоқ аъзосига айланиши унинг Россия билан алоқалари ривожига янги туртки беришини ҳам эслатиб ўтган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek