You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: эркин конвертация атиги 2 йилга етдими?
Ўзбекистон Марказий Банки конвертацияга чеклов фақат давлат харидлари импортигагина тааллуқли дейди.
Ўзбекистонда импорт билан шуғулланадиган тадбиркорларга нақд хориж валютасини банкдан олишга изн берилмаяпти.
Айрим тижорат банклари конвертацияга чеклов киритиш ҳақида ўзларига "юқоридан оғзаки буйруқ" бўлганини тасдиқламоқдалар.
Марказий Банкка кўра эса Ўзбекистоннинг ўзида бўла туриб, хориждан қиммат нархда долларда худди шундай товарни импорт қилиш олдини олиш мақсадида ушбу қадам қўйилган.
"... амалиётда давлат ҳаридлари доирасида мамлакатда ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган (ҳам сифат, ҳам нарх жиҳатидан) товарлар импорти учун давлат ресурсларидан фойдаланиш, уларнинг нархларини ошириб кўрсатиш, шунингдек, тегишли маркетинг тадқиқотлари ўтказилмаган ҳолда, ўз фаолиятига хос бўлмаган ва кераксиз товарларни олиб кириш ҳолатлари кузатилиб, бу ўз навбатида иқтисодий асоссиз ҳолда давлат ресурсларининг четга чиқиб кетишига олиб келмоқда", дейилади Ўзбекистон Марказий Банки 30 сентябрда эълон қилган шарҳда.
"Кўрилаётган чораларни валюта сиёсати соҳасидаги чекловлар сифатида талқин қилиш ноўрин ҳисобланади, чунки улар фақат давлат ҳаридлари, инвестиция ва бошқа ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари, шунингдек давлат мулкидаги корхоналарга нисбатан қўлланилаётган бўлиб, маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ва унинг алоҳида сегментларини мувофиқлаштиришга ҳисса қўшувчи механизмлардан бири саналади.
Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодиётини мувоффаққиятли тарзда либераллаштирган аксарият мамлакатлар ислоҳотларнинг эҳтимолий салбий таъсирларини олдини олиш мақсадида, асосан дастлабки босқичларда, вақтинчалик характердаги турли хил "қўл билан бошқариш" механизмларни қўллашган ва шу тариқа эркинлаштиришга қаратилган таркибий ўзгаришларнинг кейинги босқичларини амалга ошириш учун зарур бўлган фундаментал асосларни сақлаб қолишган.
Таркибий ўзгаришларни бошлаган, бироқ ушбу ислоҳотлардан воз кечишга мажбур бўлган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодиётни либераллаштиришдаги муваффаққиятсизлик кўпчилик ҳолларда давлат сиёсатининг вақтинчалик характердаги алоҳида чораларни қабул қилмаслик борасидаги эҳтиётсизлиги туфайли содир бўлган. Бу асосан, молиявий-иқтисодий жараёнларнинг аксарият иштирокчилари, айниқса давлат иштирокидаги корхоналар бозор иқтисодиётининг янги шароитларига мослашиши учун маълум муддат талаб этилганлиги ҳамда уларнинг бундай шароитларга тайёр бўлмаганлиги билан изоҳланади", дейилади Марказий Банк баёнотида.
Ушбу ўзгаришлар Ўзбекистоннинг ташқи қарзи янада кўпайиб, 20,7 миллиард долларни ташкил этгани ҳақидаги хабарлар манзарасида кузатилмоқда.
Мамлакат ташқи қарзи 2019 йил бошидан 1 июлгача 20 фоиз ошгани эълон қилинди.
Ўзбекистон сўнгги икки йилда улкан қурилиш майдонига айланган экан, "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурларининг ижроси учун давлат бюджетидан катта маблағ ажратилмоқда.
Ушбу қурилишлар учун кўп техника ва қурилиш материаллари талаб қилинади ва улар хориждан импорт қилинмоқда.
- Ўзбекистон ҳукуматининг мақсади халқ фаровонлигими ё бозор иқтисодиёти?
- Ўзбекистон Молия вазири коррупция, конвертация, солиқлар ва бошқа муаммолар ҳақида
- Инфляция яна ошадими? Инвесторлар келиши нега суст? - ЕТТБ фикри
- "Конвертация очилишини ҳеч ким кутмаганди"
- Тадбиркор ва фермерлар банкдан "нақд доллар олиши мумкин"
Вазиятни ичидан биладиган таҳлилчилар бунга қурилишлардаги коррупция ҳолатларини ҳам қўшишни тавсия этадилар.
Импорт қилинган маҳсулотнинг нархини ошириб кўрсатиш билан бирга қурилиш тепасида турган "масъуллар" "чўнтакларига урган" қурилиш материаллари пули ва қилинган ишларни смета"га киритиб, умумий қурилиш қийматини ҳам қимматлаштириб юборадилар.
"Олдинга ўтиб шуни айтиш мумкинки, 2017 йил сентябрдан буён 2019 йил июлгача давом этган фаол кредитлаш ва фаол инвестициялаш ортидан давлат ва давлат назорати остидаги субъектларнинг четдан олиб келган ускуна ва технологияларининг сифати, каррасига оширилган нархи, тор манфаатлар доирасидаги ўзлаштиришлар, ишга тушмаган (ва ҳеч қачон тушмайдиган) лойиҳалар бўйича саволлар берилиши вақти ҳам тобора яқинлашмоқда", деб ёзди блоггер bakiroo.
Узоқ йиллик чекловдан кейин 2017 йил сентябрида Ўзбекистонда конвертация очилди, бу мамлакатдаги ислоҳотларнинг яққол намунаси дея Ўзбекистон ичкариси ва ташқарида олқишланди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek