You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Тошкентда 25 ёшли гейнинг ўлдирилиши қораланмоқда
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари гей бўлгани учун ўлдирилган Ш.Шнинг қотиллигини қоралаётган пайтда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси қотиллик тафсилотини маълум қилди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро Human Rights Watch ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Стив Свердлоу 25 ёшли гейнинг ўлдирилишини кескин қоралаган.
Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси хабар қилишича, қотиллик 11-сентябр куни пойтахтнинг Юнусобод туманидаги кўп қаватли хонадонлардан бирида рўй берган.
Бош бошқармага кўра, қотилликни содир этишда гумонланиб Тошкент шаҳридаги Олмазор туманида истиқомат қиладиган 28 ёшли О.Ю ҳибсга олинган.
О.Юнинг жиноятни содир этишга иқрор бўлгани хабар қилинмоқда.
ИИББга кўра, қотиллик рўй берган "хонадонни кўздан кечириш вақтида жинсий алоқанинг яққол излари қайд этилди".
О.Ю "Шокир Х. билан "ВКонтакте" ижтимоий тармоғида танишган. 11-сентябрь куни учрашишга келишганлар. Соат 21.30 да у жабрланганни хонадонига келади. Хонадон ичида улар орасида келишмовчилик юзага келиб, натижада Одилжон сувенир пичоқ билан Шокирни бўйин ва қўл қисмларига бир неча бор урган".
Тошкент ички ишлар бошқармаси "ноанъанавий жинсий ориентациялик шахсларга қарши ҳеч қандай махсус "рейдлар" ўтказмаган"ини билдиради қотиллик ҳақида эълон қилинган хабарда.
"Озодлик" радиосининг Ш.Ш дўстларига таяниб хабар қилишича, у ўзининг гей эканлигини Инстаграм саҳифасида очиқ эътироф этган.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ўзбекистон Жиноят Кодексида "Бесоқолбозлик" банди сақланиб қолаётганини қоралайдилар ва мамлакат раҳбариятидан гомосексуализм жиноят деб кўрилишини бекор қилишни талаб қиладилар.
Жиноят Кодекси 120-моддасида гомосексуализм жиноятида айбдор деб топилган шахсга 3 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.
Марҳум Ислом Каримов ўз пайтида бесоқолобозлик ҳақида гапириб, уни жирканч ва ўзбек маданиятига зид, деб атагани айтилади.
Ўзбекистон раҳбариятига ЛГБТга мансуб инсонлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича тавсиялар берилган, аммо ҳукумат бу тавсияларни қабул қилмаган.
Айни пайтда мамлакат раҳбарияти жинсий озчиликка мансуб инсонларни олабўжи қилиб кўрсатиш истагидан йироқлигини таъкидлайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek