Ўзбекистон ва Мирзиёев, муносабат: Узр сўради, сўнгра мукофотланди?..

Сурат манбаси, President.uz
Ўзбекистон, муносабат: Узр сўради, сўнгра мукофотланди - Фарғона ва Андижон вилоятлари ҳокимларининг Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тақдирланиши ўтган бир кеча-кундузда ижтимоий мулоқот тармоқларини қизитган яна бир мавзу бўлган.
Ўзбекистон Президенти мамлакат Мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан Шуҳрат Абдураҳмонов ва Шуҳрат Ғаниевларни "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирлашга қарор қилган.
Шу ой бошида Шавкат Мирзиёев топшириғидан сўнг бузилишлар бўйича халқ норозилигига сабаб бўлган вилоят ҳокимлари бирин-кетин узр сўраб чиқишган.
Жумладан, Фарғона вилоят ҳокими 10 мингдан ортиқ бюджет ходимлари мажбурий меҳнатга сафарбар этилган Риштон туманига бориб кечирим сўраган.
Узрхоҳлик олдидан Президент Мирзиёев Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилояти ҳокимларини кескин танқид қилган.
Қашқадарё ва Хоразм вилояти ҳокимларига ҳатто ҳайфсан ҳам берилган.
Худди шу манзарада ижтимоий мулоқот тармоқларида бошқа вилоятлар ҳокимлари ҳам ноқонуний бузилишлар учун узр сўрашсин, деган сўровлар кузатилган.
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилояти ҳокимларини "дўстликка хиёнат ва сиёсатга душманлик қилган"ликда танқид қилган. Ўзи ишонган ҳокимлар унга "катта душманлик" қилганини айтган.
"Арипов билан Низомиддиновга топшириқ, қайси вилоят ҳокимини ишдан олишни таклиф беринг. Менга керак эмас! Яна бир марта айтаяпман, бу сиёсат билан биз узоққа бора олмаймиз — зўравонлик сиёсати билан! Агар зўравонлик сиёсати зўр бўлганда, 30 йилда зўр бўлиб кетардик", дея таъкидлаганди Шавкат Мирзиёев.
Бироқ блогерлар ҳокимлар танқиддан хулоса чиқармади, деган хулосага келишган.
Бунга Андижон ва Сурхондарёда Мирзиёев ўтказган селектордан кейин ҳам одамлар мажбурий меҳнатга жалб қилинишганига оид хабарлар сабаб бўлган.
Айни мазмундаги хабарлар манзарасида ҳокимларнинг истеъфосига оид талаблар ҳам янграган.
Орада Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг раддияси ҳам бу каби даъватларни боса олмаган.
Андижон вилоят ҳокими яқинда Ўзбекистондаги нашрларга сиздирилган мажлисдаги нутқи ҳам кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортмай қолмаган.
Ҳокимнинг вазирларни "тупойми", "ифлос", "вазирча", "мараз" деб камситишлари ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга ҳам сабаб бўлган.
Давлат мукофотига оид янгилик эса, айни шу воқеалардан саноқли ҳафталар ўтиб ўртага чиққан.
Акс-садо

Сурат манбаси, President.uz
Худди шу боис ҳам, бу хабар ижтимоий мулоқот тармоқларида аксарият ўзбекистонликларнинг диққат-эътиборларини ўзига тортган.
Бу ҳақдаги постлар биргина Facebook ижтимоий мулоқот тармоғида ўнлаб марта улашилган.
Мазкур постлар остида қолдирилган коментларнинг сони юздан ортган.
Ўзбек тилида қолдирилган ўнлаб коментлар орасида рус тилида битилганлари ҳам озмунча бўлмаган.
Бирлари, "Логично! Шухрат козонишдику по любому)", - деб киноя қилган бўлса, бошқаси, "Вероятно, кроме косяков, были и положительные достижения", - деб ёзган.
"И денежную премию им! Обязательно. В размере двух окладов", деб қолдирилган коментлар манзарасида, мана, ўша айтилган ёруғ келажак етиб келди, деганлар ҳам бўлган.
Яна айримлар буни кутган ва билганликлари ҳақида ёзишган.
"Шунақа ҳокимларимиз кўпаяверсин, бошқаларигаям ўрнак бўлсин дейишгандир-да", - дея хабарни ҳазилга бурганлар ҳам бўлган.
"Буни метод "кнута и пряника"дейишади, бу ҳам ўзига хос сиёсат, на чора", деб ўз коментига нуқта қўйган ўзбекистонликлар ҳам кўрилган.
"Халққа ва ватанга кўрсатган буюк хизматлари учун", деб комент қолдирган яна бир ўзбекистонлик интернет фойдаланувчиси эса, якунида мана смайлик эможисини 😀 илова қилишни унутмаган.
Бошқа бир интернет фойдаланувчисининг наздида, "Андижон вилояти ҳокими узр сўрагани йўқ, чунки бу инсонни қилаётган меҳнатларига яраша мукофот берилган. Президент яхши билади".
"Меҳнат шуҳрати" ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистонда иқтисодиёт ва маданият юксалишига, халқ фаровонлиги ошишига, тинчлик ва барқарорлик сақланишига хизмат қиладиган улкан ишлари учун мукофотланадилар.
Шундай экан, буларнинг барчасига сиз нима дейсиз?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












