Ўзбекистон: отопление пулини умумий квадрат метрга қараб белгилашмоқчи

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Қишда ўзбекистонликлар газ ва электр тақчиллигидан қийналадилар, ёниши қийин кўмир ва таппи билан исинишга мажбур бўладилар.
Афтидан, мамлакатда тайёрланаётган иссиқлик таъминотига бағишланган янги қонун қишки исиниш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга эмас, имкони борича аҳолидан кўпроқ пул ундириш мақсадини кўзлаган.
Муҳокамага қўйилган "Иссиқлик таъминоти тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ана шундай мулоҳазаларга ундамоқда.
24 август куни Regulation.gov.uz веб-сайтида қонун лойиҳасининг рус тилидаги матни эълон қилинди.
Сайтда қонуннинг ўзбек тилидаги матни ҳозирча эълон қилинмаган.

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Лойиҳада бундан кейин хонадоннинг одам яшайдиган (жилой) квадрат метри учун эмас, балки уйнинг умумий квадрат метридан келиб чиқиб иссиқлик тарифи белгиланиши кўзда тутилган.
Шу пайтгача иссиқлик таъминоти учун ҳақ 12 ойга бўлинади ва квартира эгаси батареялар иситиладиган бир неча ойлик иссиқлик ҳақини бир йил давомида бўлиб-бўлиб тўлайди.
Янги лойиҳада эса иссиқлик ҳақи фақат совуқ мавсум учун ундирилиши кўзда тутилган.
Gazeta.uz веб-сайтининг рус тилидаги хабари кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда, фойдаланувчилар бу қонун ҳам фақат регулятор ва монополист манфаати кўзлагани ҳақида ёзмоқдалар.
Таниқли блогер Kurbanoff.net қонун лойиҳаси ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирар экан, қонуннинг 15-бандидан истеъмолчиларнинг ҳеч қандай ҳуқуқи йўқлигини англадим, деб ёзади:

Сурат манбаси, FERGHANANEWS.COM
"Чунки у ерда ҳеч нарса ёзилмаган. Лекин иссиқлик билан таъминлайдиган ташкилот(13-банд) ва иссиқлик энергияси ижрочиларининг(17-банд) ҳуқуқлари жуда батафсил ёзилган. Уларнинг мажбуриятларини эса эсдан чиқаришипти(16-банд)", деб ёзади Kurbanoff.net Телеграмдаги каналида.
"Дарвоқе, мажбурият деган жойига коллектив иссиқлик таъминотига уланган бўлсангиз, бу иссиқлик тизимидан узилишга ҳаққингиз йўқлигини ёзишипти. Қисқаси, иссиқлик бўлса ҳам, бўлмаса ҳам тўлайсиз, узилишга эса суд орқали ҳам ҳаққингиз(бу ҳозирча гипотеза имконияти", дея қонуннинг рус тилидаги лойиҳаси матни ҳақида фикр билдирган блогер.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














