Ўзбекистон: Соқол қўйган ёшларни қоралаган Нуриддин Холиқназаров Тошкент бош имоми бўлди

Нуриддин домла Холиқназаров бир йил олдин Ўзбекистон соқол ва рмўол ўраб юришга тазйиқ йўқ деган эди

Сурат манбаси, Muslim.uz

Сурат тагсўзи, Нуриддин домла Холиқназаров бир йил олдин Ўзбекистон соқол ва рмўол ўраб юришга тазйиқ йўқ деган эди

Пойтахтда ўтган жума ва шанба кунларида соқолли ёшларга нисбатан рейд бўлиши ортидан, ёшларнинг соқол қўйишини оммавий маданиятга тақлид, дея қоралаган Нуриддин Холиқназаров Тошкент шаҳрига бош имом-хатиб этиб тайинланди. У бир йил олдин Ўзбекистонда соқол қўйганларга тазйиқ йўқ, деган эди.

Андижон вилояти бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров 25 август, якшанба куни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби лавозимига тайинлангани эълон қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати тарқатган хабарда пойтахтга имом тайинлаш нима учун якшанба, дам олиш куни рўй берганига изоҳ бермаган.

Шу йилнинг январида Тошкент шаҳрига бош имом-хатиб этиб тайинланган Раҳимберди домла Раҳмоновнинг ишдан олиниши ўнлаб ёшларнинг соқоли ички ишлар ходимлари томонидан мажбуран олиб ташланган манзарада рўй бермоқда.

23-24 август кунлари пойтахтдаги Малика савдо марказидан ўнлаб эркаклар Шайхонтоҳур туманидаги 4-сон ички ишлар бўлимидага олиб келиниб, мажбуран соқоллари олинди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати фуқароларнинг ҳуқуқи топталишига изоҳ билдирмади.

Нуриддин домла Холиқназаров 1968 йилда Андижон вилояти Асака шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган.

Андижон вилоятининг бош-имом хатиби Холиқназаров 2018 йили сентярида Юнусободдаги "Омина" масжиди имоми Фазлиддин Парпиев жума маърузасида жонли эфирда Президент Шавкат Мирзиёевга қилган очиқ мурожаатидан сўнг эътиборга тушди.

Фазлиддин Парпиев Президентдан мактаб ўқувчиларининг рўмол ўраб келиш ҳуқуқи таъминланишини сўраган.

Мурожаатдан сўнг Андижон вилоятининг бош-имом хатиби Холиқназаров Фазлиддин Парпиевга раддия сифатида 20 дақиқалик видео чиқарганди.

Холиқназаров видеода Ўзбекистонда дин эркинлиги таъминлангани ва Фазлиддин Парпиев ёлғончи эканлигини айтган.

"Сўзларининг орасида у домламиз айтаяптики, кўчаларда соқол қўйганларни тазйиқ бўлиб олиб кириб қўйяпти, соқол қўйганларга у қиляпти, соқол қўйганларга бу қиляпти. Буям ёлғон. Биз кўриб турганлар, битта одамни айтингчи, кимга шундай бўлди", деган у.

Аммо Холиқназаров гапининг давомида ёшларни оммавий маданиятга эргашиб соқол қўйишликда айблаган.

"Дин деганда фақат соқолдан иборат нарса эмас. Кечирасизлару қанча-қанча мусулмон бўлмаган одамлар ҳозир соқол қўйиб юрибди. Кўчада соқол қўйиб юрган йигитлардан сўранг. Қайси бири суннатни билади? Қайси бири Пайғамбаримиз (с.а.в) суннати учун қиляпман, деяпти. Кечирасизлар ҳаммаси ўша оммавий маданиятга қилинаётган тақлид. Қайси бир сериал қаҳрамонига қилинаётган тақлид. Шунинг учун табиийки, биз соқолни гапиряпмиз", деган домла Холиқназаров.

Ўша вақтдаги Андижон вилоят бош имом-хатиби узун соқол қўйиб олган, ёшларни танқид остига олган ва қарилар бемалол соқол қўйиб юрганини эътироф этган.

"Қолаверса, баъзи бирлари соқол деганда, узундан узун қилиб, хоҳлаганча қўйиб, ёш туриб кўриниши даҳшатли тусга олиб кириб оляпти. Ана Андижонга келинглар, кўчаларни кўринглар, масжидларни киринглар қанча отахонларимиз, қанча-қанча ёши улуғларимиз оппоқ соқолли мўйсафид соқолли отахонларимиз намозларини ўқиб чиқиб уйларига кетиб юрибди. Лекин ҳеч кимга соқол учун тазйиқ бўлгани йўқ. Оллоҳдан қўрқиш керак бунақа гапни гапиришга", деган имом-хатиб.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek