Ўзбекистон: Бош прокуратура kun.uz журналистларига бўлган ҳужумни ўз назоратига олди

Сурат манбаси, Toshkent shahar hokimligi
Бош прокуратура кun.uz журналистларига Олмазор тумани ҳокими ўринбосари томонидан қилинган тажовузни ўз назоратига олди. Ҳоким ўринбосарининг ҳужуми ва уни кузатиб турган ички ишлар ходимининг ҳаракатсизлигини Тошкент шаҳар прокуратураси ўрганмоқда.
Бош прокуратура матбуот хизматининг Би-би-сига маълум қилишича, текширишда ҳоким ўринбосари хамда милиция ходимларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
14 август, чоршанба куни Kun.uz ўзининг журналистлари Тошкентда мансабдор шахс томонидан тажовузга учрагани ҳақида видео эълон қилди.
Маҳаллий тадбиркор арзини ўрганиш учун ҳокимликка борган журналистлар видеода Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳабовнинг тажовузига учрагани акс этади. Kun.uz хабар қилишича, мансабдор шахс таҳририятга тегишли штативни синдирган.
Видеода kun.uz тасвирчисини ҳоким ўринбосари "ўзбекмисан", деб қувлаб юраркан, унинг ёнида милиция ходими бефарқ юрганини кўриш мумкин.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ҳужум хабаридан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Абдурасул Ваҳобовнинг видеоинтервьюси эълон қилди.
Интервьюда Ваҳобов kun.uz мухбири Раҳматилла Исроилов муқаддам ундан тамагирлик йўли билан ер талаб қилгани ва бунинг эвазига катта миқдорда пора таклиф қилгани ҳақидаги даъвони илгари сурган.
Кун.уз ҳоким ўринбосари билан боғлиқ воқеага баёнот билан чиқди.
Баёнотнинг бир қисмини ўзгартиришларсиз келтирамиз:
"Мазкур даъво юзасидан KUN.UZ зудлик билан ўз ички суриштирувини ўтказиб, таҳририят мухбири Р.Исроилов ва бошқа ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинлади.
Хизмат текширувида мухбир Р.Исроилов унга нисбатан А.Ваҳобов илгари сураётган айбловлар бирор асосга эга эмаслигини, А.Ваҳобов билан муқаддам ҲЕЧ ҚАЧОН кўришмаганини, ҳаётда илк марта 14 август куни учрашганини ва ўз-ўзидан А.Ваҳобовнинг гаплари туҳматдан иборатлигини маълум қилди.
Бундан ташқари, 15 август куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ходимлари томонидан айнан мазкур масала юзасидан ташкил қилинган юзма-юз учрашувда А.Ваҳобов KUN.UZ мухбири Раҳматилла Исроиловни танимаслигини ва ҳодиса юз берган куни (14 август) биринчи марта кўрганини баён қилган (буни тасдиқловчи аудиоёзувлар мавжуд).
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилаётгани сабабли хизмат текшируви давомида тўпланган ҳужжатлар (тегишли аудио ва видеоматериаллар билан бирга) қўшиб ўрганиш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилди.
Бундан ташқари, мухбир Р.Исроилов ўзига нисбатан оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилгани учун Олмазор туман ҳокими ўринбосари А.Ваҳобовга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали Бош прокуратурага шикоят йўллаганини маълум қилди.
Тошкент шаҳар прокуратурасида олиб борилаётган терговга қадар суриштирув жараёнларига халақит бермаслик, суриштирув жараёнлари холислигига таъсир ва босим ўтказмаслик мақсадида KUN.UZ таҳририяти ушбу мавзуда бошқа маълумотларни ошкор қилмасликка қарор қилди".
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев ўз телеграм каналида ёзишича, агар ҳоким ўринбосарининг kun.uz мухбирига туҳмат қилинганлиги тасдиқланса "туҳмат қилган шахс 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади".
16 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Kun.uz журналистларига Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳокими ўринбосари томонидан қилинган тажовуз бўйича ўз баёнотини чиқарди.
Баёнотда "журналистга тазйиқ ўтказганлик, унинг журналистлик фаолиятига аралашганлик, журналистнинг материаллари ва зарур техника воситаларини ғайриқонуний равишда олиб қўйганлик учун жавобгарлик"ка тортилиши эслатилади. Аммо, баёнотда айнан Олмазор туманидаги ҳолатга қандай чора кўрилиши борасида маълумот йўқ.
Қуйида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот котиби Ҳикматилла Убайдуллаев баёноти:
Kun.uz сайтида эълон қилинган материал юзасидан
РАСМИЙ МУНОСАБАТ
15 август куни ОАВ вакилларининг журналистлик фаолияти давомида масъул мансабдор томонидан тазйиққа учрагани ҳақида материал эълон қилинди.
Матн ва унга илова қилинган видеолавҳада Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Kun.uz таҳририяти мухбирларига номуносиб, қўпол муомалада бўлгани, ҳатто камерани олиб қўйиш таҳдиди билан тажовуз қилгани акс этган.
Афсуски, бундай ҳолатлар айрим мансабдор шахсларнинг қонунлардан бехабарлигини кўрсатиб қўймоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонуннинг 5-моддасига кўра, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.
"Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида, журналист текшируви ўтказиш, мансабдор шахс қабулида бўлиш, маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан, зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ҳуқуқига эга.
Ахборот ва оммавий коммуниуациялар агентлиги мансабдорларнинг ОАВ вакилларига нисбатан номуносиб ҳаракатларини қоралайди. "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 14-моддасига кўра, давлат идоралари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари журналистга тазйиқ ўтказганлик, унинг журналистлик фаолиятига аралашганлик, журналистнинг материаллари ва зарур техника воситаларини ғайриқонуний равишда олиб қўйганлик учун жавобгарликка тортилади.
Жамиятимизда қонун устуворлигини таъминланиш энг муҳим ва устувор вазифа сифатида яна кун тартибига чиқмоқда. Зотан, у хоҳ мансабдор шахс, хоҳ оддий фуқаро, хоҳ журналист ёки блогер бўлсин, қонун олдида ҳамма баробардир.
Ўзбекистон Республикасида сўз эркинлигини таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида давлат органлари вакилларининг журналист ва блогерлар билан конструктив муносабатда бўлиши, эркин ахборот олиш имкониятини таъминлаши жуда муҳим. Чунки матбуот ва сўз эркинлиги жамият тараққиётининг энг муҳим омилидир.
Ҳикматилла Убайдуллаев,
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот котиби
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek












