Мирзиёевнинг куёви тонировка масаласига нуқта қўядими?

Сурат манбаси, Instagram/otabek_muhammadalievich
Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви, Президент хавфсизлик хизмати бошлиғи ўринбосари Отабек Умаров хавфсизлик масалаларини ҳал қилишда ва таъминлашда "тонировка" тўсиқ бўлолмаслигини билдирди. Олдинроқ Президентнинг катта қизи Саида Мирзиёеванинг бир оғиз фикри ортидан мактаблардаги мажбурий формани кечиктирилган эди.
Тошкент шаҳрида Tesla машинаси билан соатига 201 чақирим тезликда юрган ва веб нашрлардаги шов-шувлардан сўнг жарима тўлаган Отабек Умаров яна эътибор марказига тушди.
У Instagram даги саҳифасида машиналар ойнасининг қорайтирилиши борасида жуда кўп мурожаат келиб тушаётгани ва бу актуал мавзу қисман хавфсизлик масаласи билан боғлиқлиги учун ўз фикрини билдиришга қарор қилганини айтди.
Айни мақолада Instagram томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Instagram ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири Instagram пост
Отабек Умаров жамоатчилик, блогер ва депутатларнинг мурожаатларини инобатга олиб, мутасадди давлат идораларига тавсиялар берганини ёзди.
"Масаланинг муҳим эканлигини ҳамда Интернет тармоқлари орқали жамоатчилик, блогерлар ва депутатлар мурожаатларини инобатга олиб, биз мутасадди давлат идораларига бу масалани амалиётга жорий қилиш юзасидан тегишли тавсиялар бердик. Ҳозирда «тонировка» мавзуси бошқа давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, ҳар томонлама кўриб чиқилмоқда", деган у.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг хавфсизлик хизмати бошлиғи ўринбосари Отабек Умаров машиналар ойнасининг қорайтирилиши хавфсизликни таъминлашда тўсиқ бўлолмаслигини таъкидлаган.
"Хавфсизлик нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, шуни алоҳида айтмоқчиманки, бизда ушбу йўналишда ҳамма зарур чоралар ишлаб чиқилган ва ижроси таъминланган. Автоулов "тонировка"си хавфсизлик масалаларини ҳал қилишда ва таъминлашда бизга тўсиқ бўлолмайди".
Ўзбекистонда машина орқа ойналарини қорайтириш фақат пули кўп ҳайдовчиларга рухсат берилгани оддий одамларнинг норозилигиа сабаб бўлиб келмоқда.
Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари машина ойналари ёппасига қорайтиришга рухсат берилса, машиналар ичида нималар содир бўлаётганидан бехабар қолиб кетиши мумкинлигини сабаб қилишади.
16 июль куни Ўзбекистон Олий мажлиси Қонунчилик палатасининг уч депутати машиналарнинг орқа ва ëн ойналарига чий парда ëки дарпарда ўрнатишга бепул асосда рухсат бериш таклифи билан чиқди.
Орадан икки кун ўтиб, "Адолат" партиясининг Олий Мажлисдаги депутатлари олд, ён ва орқа ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлигига берилган рухсатни 70 фоиздан 55 фоизгача тушириш таклифини билдирди.
Депутатларга кўра, бу рухсат ҳайдовчиларга бемалол термал плёнкадан фойдаланиш имкониятиини беради.
Ушбу ташаббус ижтимоий тармоқларда термал плёнкани Ўзбекистонга ким импорт қилади, деган саволни пайдо қилган.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
Президент оиласидагиларнинг мамлакат ҳаёти учун муҳим бўлган масалаларга ўз фикрини билдириши ва муаммони ҳал қилишга уриниши илк маротаба бўлаётгани йўқ.
31 май куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева мажбурий ягона мактаб формасини жорий қилишга эрта эканлигини айтди.
"Бу йилдан бошлаб мажбурий ягона мактаб формаси жорий этилиши режалаштирилган. Лекин мавжуд камчиликларни тузатмай туриб, мажбурий форма талаб қилинишига ҳали эрта деб ўйлаймиз", деганди у.
Президент қизининг танқиди ортидан Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 2019-2020 ўқув йилидан мактаб формаси мажбурий бўлмаслигини маълум қилди.
Шерматов мамлакат тўқимачилик саноати айни пайтда форма етказиб беришнинг уддасидан чиқа олмаслиги мумкинлигини айтган.
Қарордаги мактабларда формаларнинг мажбурий қилиниши ва бош кийимсиз юриш талаби 2018 йилнинг август ойи охири ва бошларида ўнлаб диний мавзуда ёзадиган блогерларнинг 10-15 суткалик қамалишига сабаб бўлганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












