Ўзбекистон: Вазири ҳақоратланган идора Андижон ҳокимига жавоб берди

Соғлиқни сақлаш вазирини "мараз", "вазирча", "ифлос" деб камситган Андижон ҳокимининг вилоятдаги шприц заводини ҳимоя қилишига вазирлик муносабат билдирди. Идорадаги Би-би-си манбасининг айтишича, вазирлик бу йўл билан эскича ишлаш тизимига тоқатсиз эканини кўрсатиб қўйди.

Вазирлик матбуот хизмати тарқатган хабардан маълум бўлишича, Андижон вилоят ҳокимлигида 2019 йил 3 январда ўтказилган йиғилиш баёни қарори билан вилоят молия бошқармасига пул маблағларини тиббиёт муассасаларидан йиғиб олиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳисоб рақамига марказлаштириш ҳамда ушбу пул маблағларига тўғридан-тўғри тузилган шартномаларга мувофиқ, шприц, инфузион система ва тиббий қўлқоплар сотиб олиш топширилган.

"Ваҳоланки, "Давлат харидлари тўғрисида"ги қонунга кўра, тўғридан-тўғри шартнома тузиш йўли билан ушбу тиббий буюмларни харид қилиш тақиқланган. Юқоридаги топшириқ асосида Андижон шаҳрида жойлашган "MAKRO FARM ANDIJON" МЧЖ билан юқоридаги қонун талабларига зид равишда тузилган тўғридан-тўғри шартномалар асосида жами 6,3 млрд сўмлик мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган шприц ва системалар сотиб олинган. Худди шундай тартибда топшириқ асосида Андижон шаҳридаги "GOLD GROWN PHARMA" МЧЖдан ноқонуний равишда жами 20,1 миллиард сўмлик мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган тиббий қўлқоп маҳсулотлари харид қилинган", дейилади муносабатда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Юридик бўлими бошлиғи Руслан Муҳаммадиев айтишича, аслида бу маблағларга вилоят аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш учун дори воситалари ва бошқа зарур тиббий буюмлар ҳам сотиб олиниши лозим бўлган.

"Бунинг оқибатида, Андижон вилоятида 2018-2019 йилларда шприц, система ва қўлқоплар билан таъминот даражаси зарур эҳтиёждан бир неча маротаба ортиққа таъминланган, лекин шошилинч ёрдам учун керакли бўлган ва бошқа дори воситалари эҳтиёжга нисбатан бир неча маротаба кам харид қилинган", дейди Руслан Муҳаммадиев.

Вазирлик мутасаддисига кўра, пул маблағларининг нотўғри тақсимланиши ва давлат харидларини амалга ошириш тартиби бузилиши оқибатида ўрганилган ташкилотларда вилоят аҳолисининг дори воситаларига бўлган эҳтиёжи 44,5 фоизга ("Актовегин" дори воситасига бўлган эҳтиёж ҳатто 5 фоизга) таъминланган бир пайтда, қўлқоп 265 фоизга, система 103 фоизга ҳамда шприц 500 фоизга эҳтиёждан ортиқ сотиб олинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг баён қилишича, Андижонда 47 марта сертификат бериш рад қилинган бўлса-да, сифатсиз тиббий буюмларни сотиб олган.

"Давлат бюджетини ўзлаштириш масаласини маҳаллий ҳокимликларга ҳали ишониб бўлмайди. Қўлқоп 265 фоиз, шприц 400 фоиз сотиб олиниши, айблашдан йироқмиз-у, халқнинг пулини кўкка совуришдек гап. Бу тағин аҳолининг дори воситаларига эҳтиёжи атиги 44 фоиз қондирилган бир даврда юз бераяпти", деб ёзди Телеграмдаги Давлетовуз канали.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолатларни аниқлаганидан сўнг 2019 йилнинг 13 май куни Андижон вилоят ҳокими номига бу тўғрида расмий хат юборилиб, юзага келган муаммоли масаланинг ечимида амалий ёрдам кўрсатиш сўраган.

"Вазият бўйича ҳеч қандай ижобий ўзгариш сезилмаганидан кейингина ҳамда вилоят тиббиёт муассасаларида дори воситаларига эҳтиёж кучайиб, дори воситалари таъминоти билан боғлиқ вазият чигаллашишни бошлаганидан кейин (орадан 15 кун ўтиб) жорий йилнинг 28 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юқоридаги ҳолат бўйича тўпланган материаллар юборилган ва масаланинг оқилона ечимини топишда амалий ёрдам кўрсатиш сўралган", дейилади вазирдик томонидан чиқарилган баёнотда.

Вазирлик Бош прокуратурага юборилган хатда Андижон вилояти ҳокимлиги ёки ҳоким Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмаслигини таъкидлаган.

Вазирча...

Сал олдинроқ бир неча нашр Андижон вилояти ҳокими 9 июн куни ўтказган йиғилишининг аудиоси ва ундаги мазмунни ошкор қилганди.

Ҳоким Шуҳратбек Абдураҳмонов Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг Бош прокурорга ёзган аризасига эътироз билдирган.

Таҳририятга келиб тушган аудио ёзув матнини кун.уз нашри эълон қилди.

"Анави м***с, вазирчанг, и***с, кеча менга кеволиб, кетимга пахта қўйиб, ўзи Андижондан чиққан, бош прокурорга хат киргизибди: «Шприцни ўтказяпти, тендер қилмасдан, перчаткани (резина қўлқоп - таҳр.) ўтказяпти», деб. Сен м***зсан, дудкасан! Сенинг бошингни ейман, и***с. Отасига раҳмат, бош прокурор (селектор йиғилиши 9 июнда ўтганидан собиқ бош прокурор Отабек Муродов назарда тутилмоқда - таҳр.) менга «манави вазир билан гаплашиб олинг, бунақа хат қиляпти», деб айтди. Мен шприцни катта холамникига олиб кетяпманми?

Шприцнинг нимасига эътироз қиляпти? Сифатсизлигигами? Сен медик сифатида айт-чи, нимаси сифатсиз унинг? Нега сифатли нарсани сифатсиз, деяпсан, юр ҳокимнинг олдига деб айтмадинг?", дея ҳокимнинг гапларидан иқтибос келтирган кун.уз.

Абдураҳмонов Андижон вилоятидаги шприц ишлаб чиқарувчи тадбиркорни ҳимоя қилганини таъкидлаган.

У вилоят ҳокимлигида ўтказган йиғилишда Ўзбекистондаги икки вазир Соғлиқни сақлаш ва Энергетика вазирини танқид қилган.

Ҳоким Энергетика вазирини "тупойми", деган, Соғлиқни сақлаш вазирини эса "шакал", "ифлос", "вазирча", деб камситган.

У яна ҳозир ҳокимият унинг қўлида эканлигини айтаркан,"Худога шукр, прокуратура ҳам бугун биз билан", деган.

Вазирликдаги Би-би-си манбасининг айтишича, ҳозирча вазирлик вазир ва бошқарма бошлиғининг ҳоким томонидан ҳақорат қилингани юзасидан муносабат билдирмай турибди.

Аммо ҳоким томонидан айтилган бошқа айбловларга жавоб берилиши "Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эскича ишлаш тизимга тоқатсиз, эканлигини кўрсатади", дейди у.

Ўзбекистонда ҳокимларнинг қўл остидагиларни дўппослаши, ҳақорат қилиши олдин ҳам учраган.

Бироқ ҳокимларнинг ҳадди сиғиб вазирларни камситиш ҳолати илк маробата жамоатчиликка ошкор бўлмоқда.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.