Ўзбекистон: Матбуот очилмоқда, аммо одамларчи?

27 июнь Ўзбекистонда Матбаа ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида нишонланади. Би-би-си Ўзбек Хизмати шу кун муносабати билан одамларнинг мамлакатда матбуотнинг бугунги ҳолати тўғрисидаги фикрларини билишга қизиқиб кўрди.

Охирги деярли уч йил давомида Ўзбекистонда матбуот сезиларли эркинлашгани айтилади. Бироқ Би-би-си Ўзбек Хизмати ўтказган суҳбатлар давомида одамларнинг ҳали ҳам ОАВ вакиллари билан мулоқот қилишдан ўзини тийиши кўзга ташланди.

«Ўзбекистондаги матбуотнинг ҳозирги ҳолати ҳақида қандай фикрдасиз», деган саволга аксар одамлар жавоб қайтаришни истамади.

Фикр билдирганларнинг баъзилари янгиликларга у қадар қизиқмаслиги, кўпроқ телевидениеда эфирга узатиладиган кўнгилочар дастурларни томоша қилишини билдирди.

Шунингдек, хабар сайтлари ва телеканалларда реклама жуда кўпайиб кетганидан шикоят қилганлар ҳам учради.

Давлат хизматида узоқ йиллар ишлаб, матбуот вакиллари билан очиқ мулоқот қилишга ҳаққи йўқлигини таъкидлаган бир эркак охирги йилларда матбуотнинг эркинлашганини ҳис қилгани тўғрисида сўзлайди.

Аммо замонавий ўзбек матбуоти аҳволи борасида очиқ сўзлашдан ҳадиксирамаган инсонлар ҳам бўлди.

Ўз исмининг мақолада очиқланмаслигини сўраган бир ёш йигитнинг фикрича, ҳукумат узоқ йиллар давомида одамларни эркин ва холис ахборот олиш имкониятидан маҳрум этиб келган.

«Матбуотнинг аҳволи ҳозирга пайтда ва бундан олдин ҳам жуда бўғилган бўлган. Ҳар бир ахборот халққа, оммага етказилишдан олдин жуда кучли фильтрланиб, керак бўлса, ўзгартирилган. Шу пайтгача халққа иккинчи-учинчи даражали кераксиз информация берилган».

Шунингдек, суҳбатдош ўзбек жамияти узоқ вақт давомида «тузук ахборот»га эга бўла олмаганидан одамларнинг «савияси тушиб кетди», дейди.

«Чунки ахборотнинг жамият учун аҳамияти катта. Керак бўлса, бир кунда икки-уч марта янги ахборот берилиши керак. Фақат олиб борилаётган ташаббуслар эмас, муаммолар ҳам айтилиши керак», таъкидлайди йигит.

Суҳбатдошнинг айтишига кўра, давлатга тегишли матбуот хизматлари ўз вазифасини етарли даражада бажара олмаётганидан одамлар хорижий ахборот воситалари ва «савиясиз маҳаллий хусусий янгилик сайтлари»га мурожаат этишга мажбур бўлмоқда.

«Аввалида ислоҳотлар яхши кетаётган эди, лекин ҳозирги келиб, айниқса, матбуот соҳасидаги ўзгаришлар тўхтаб қолди», фикр билдиради чамаси олтмиш ёшни қоралаган бир эркак.

У маҳаллий матбуот аввалдан қолган қўрқувлар асосида бирор янгиликка қўл уришдан ҳадиксираётганини айтади.

"Маҳаллий матбуот "самосохранение" (ўз ҳаётини сақлаб қолишга уриниш - Би-би-си) билан банд. Уларнинг ўзгаришига беш-ўн йил етмаса керак."

"Телевидениеда фақат «Халқаро Пресс Клуб» каби сиёсий мавзудаги кўрсатувларни кўраман", давом этади у.

«Ҳозирги газеталарни ўқийсизми?» деган саволга эркак шундай жавоб қайтаради: «Фақат варақлайман, чунки уларда ўқийдиган нарсанинг ўзи йўқ».

Одамларни суҳбатга тортиш давомида катта авлоддан фарқли ўлароқ ёшларнинг аксарияти ўз фикрини билдиришдан ийманиши кўзга ташланди.

Одамларнинг айнан Матбуот кунида матбуот вакиллари билан суҳбатдан қочишига нима сабаб бўлганини фақат тахмин қилиш мумкин, холос.

Эҳтимол, бунга эски тузумдан қолиб кетган қўрқувлар сабабчидир, балки матбуот эркинлиги борасида бонг уриш билан бирга одамларнинг ўз фикрини эркин изҳор этиши йўлида турган тўсиқлар ҳақида ҳам мулоҳаза юритиш вақти келгандир?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek