You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон - Бош вазир: Қачон блогерлар давлат мукофоти олганди?
Ўзбекистон тарихида илк бор расмий нашрларда эмас, балки мустақил равишда фаолият юритадиган блогерлар давлатдан мукофот олди. Telegram даги @davletovuz ва @xushnudbek канали юритувчилари Президент Мирзиёев фармони билан "Shuhrat" ва "Kelаjak bunyodkori" медаллари билан мукофотланди.
27 июнь - Матбаа ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони асосида бир гуруҳ журналист ва блогерлар мукофотланди.
Тантанали маросимда мукофотни Бош вазир Абдулла Арипов Президент номидан топширди.
"Абдулла Нигматович менга мукофотни топшира туриб, «Қачон блогерлар давлат мукофотини олганди?» дея таъкидлаганлари ҳам бежизга эмас. Тарихда илк марта", деб ёзди Хушнудбек Худайбердиев.
Блогерга кўра, Президент ушбу фармонга имзо чекиш билан, мамлакатдаги сўз эркинлигининг янги босқичига старт берди.
"Сиз ўйлашингиз мумкин, шу иккала блогер давлат мукофоти олдими, демак бўлди, ютуқ уларники, фақат уларга мазза, деб. Аслида ундай эмас. Бу мукофот овозни ўчириш эмас, аксинча уни янада баландроқ кўтариш, қолган фуқароларни ҳам қўрқмасдан "гапиришга" ундаш эканлигини яхши англашимиз керак", дейди у.
Ростдан ҳам мансабдорлар журналистларни қўрқмасдан гапиришга ундамоқдами?
Би-би-си матбаа ва ОАВ куни муносабати билан Ўзбекистондаги нашрларда фаолият юритувчи бир неча журналистларга бу соҳадаги эркинлик борасида аҳвол билан қизиқди.
"Эркин деб айтолмайман, барибир ҳам босим ва тазйиқлар бор. Ўзимиз истаган нарсани ёзолмаймиз. Масалан, мақолаларни ё чиқаришмайди ёки энг асосий жойларини олиб ташлашади. Мен ишлаётган жойда сал бўлсаям танқидий мақолаларни чиқаришаётганди, сўнгги 2-3 ҳафтадан бери яна орқага қайтиш бўляпти", - дейди исми сир қолинишини истаган журналистлардан бири.
Унинг айтишича, таҳририятга босим "юқоридан" бўлмоқда.
Кун.уз журналисти ва блогер Шокир Шарипов (Муҳаммад Шакур) камчиликларнинг ошкор айтилиши халқ ички заҳирасини юзага чиқаришнинг буюк воситаси, деб ҳисоблайди.
"Тасаввур этинг, чор атроф буткул камчиликларга ботиб қолган бўлса-ю, улар ҳақида "миқ" этилмаса! Қандай жамият бу?! Шавкат Мирзиёев бунга бирмунча барҳам берди", дейди у.
Бироқ Шариповга кўра, Ўзбекистонда жуоналистлар ҳали тўлиқ мустақил бўлмаган.
"Аммо, мазкур фонда юз берган баъзи ҳолатлар ошкоралик муҳитини ўрнатиш жараёни тўсиқларга учраётганидан дарак бериб турибди. Оммавий ахборот воситалари ҳали-ҳануз том маънода мустақил бўлмагани, фикрини баралла баён этувчи баъзи блогерларнинг процессуал кодексга хилоф равишда ҳибс этилгани (шахсан ўзим билан бу нарса содир бўлган) бунга мисол. Демак - халқ зеҳниятига янгича ҳаёт бағишлашга қодир бўлган, том маънодаги жамиятнинг юзага келишига хизмат қиладиган омил тўлақонли ишга тушгани йўқ. Вақт эса кетяпти", дейди Шокир Шарипов (Муҳаммад Шакур).
Журналист ёки блогер давлатдан мукофот олиши ўринлими?
Бу борада журналистларнинг фикрига иккига бўлинган.
"Мисол учун Барно Султонова деган журналист бор. У доим ўткир мақолалар ёзиб юрган. Уни "Олтин қалам" билан мукофотлашди. Мукофот олганидан кейин ҳам ўзгаргани йўқ. Олдин ҳам танқидий, таҳлилий материаллар ёзарди, ҳозир ҳам шундай. Лекин шундай вазирлик ва ташкилотлар бор, йил давомида уларнинг тадбирларини ёритиб борганларни чақиртириб мукофот беради", дейди исмини ошкор қилишни истамаган журналист.
Шокир Шарипов (Муҳаммад Шакур) эса давлат томонидан блогер ва журналистларнинг мукофотланиши хавотирли эканини айтади.
"Журналист ва блогерлар давлат томонидан мукофотланиши, айни дамда, шахсан мени бироз хавотирга солади, албатта. Ва бу хавотир мутлақо табиий. Негаки биз ҳар қандай ижодкор давлатнинг (устивор мафкура томонидан) "қарамоғига" олинган бўлган совет тузумидан эндигина чиқмоққа уриняпмиз (ўткан 27 йил давомида биз ундан узоқлашганимиз йўқ) ва унга қайтиш бизга сира керак эмас. Куртак отаётган публицистикамизнинг бундай - советчасига "оталиққа" олиниши унинг ўлими билан баробар. Умид қилиб қоламизки, мукофотлаш "тизими" орқали қалам аҳлини "ювошлатиш" ёки хизмат қилдиришга уринишга ўтилмайди", дейди Шокир Шарипов (Муҳаммад Шакур)
Президент фармони билан медал олган блогер Хушнудбек Худайбердиев давлат блогерларга мукофот бериб, уларнинг оғзини ёпишни мақсад қилмаганини таъкидлайди.
"Давлат мукофоти берилгандан кейин мен ёки Давлетов.уз дарров "бизда ҳаммаси яхши, ҳаммаси зўр, яшасин мусаффо осмон" деган позицияга ўтмаслигимизни, аксинча бундан илҳомланиб, янада ўткирроқ мавзуларда таҳлилий ва танқидий қалам тебратишда давом этишимизни раҳбарлар ҳам жуда яхши билишади. Аслида уларга айнан шу керак", дейди у.
2018 йил матбаа ва ОАВ куни Ўзбекистонда бир неча шов-шувлар билан ўтган эди.
Ўзбек журналистларининг миллий касб байрами арафасида "Кун.уз", "Хабар.уз"га ўхшаш катта сайтлар 10 кунча ишламай қолган.
"Газета.уз" журналисти Никита Макаренко билан можаро бўлди. Унга "Йил журналисти" мукофотини ваъда қилиб, тақдимот куни уни мукофотдан маҳрум қилишган.
Макаренконинг айтишича, ташкилотчилар уни икки кун мукофот билан табриклаган, аммо саноқли соатлар қолганида Журналистлар уюшмаси раҳбари Саъдулла Ҳаким хонасига Никитани чақириб: "Сиз Матбуот агентлиги раҳбари биринчи ўринбосари Собиржон Шукуров кўрсатмаси ила мукофотдан маҳрумсиз!", деб айтган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek