You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ислом академиясини судга берган отани Миллий гвардия олиб кетди
Ислом академияси қошидаги лицейда ўқиётган қизининг рўмол ўраш ҳуқуқини судда ҳимоя қилаётган адвокат Абдувоҳид Яқубовни Миллий гвардия ходимлари ушлаб кетган. Адвокат Миллий гвардиянинг бу ишини олдиндан режалаштирилган ва унга босим ўтказиш учун атайин қилинган бўлиши мумкинлигини гумон қилмоқда.
Шайҳонтохур туман ИИБ 4-сонли бўлинмасида ярим соат ушлаб турилган Абдувоҳид Яқубов қўйиб юборилган.
"Кечки соат 7 ларда дорихонадан чиқсам, иккита пост патрул хизмати машинасидан миллий гвардия ходимлари чиқиб мени ушлаб кетишди. У ерда пост патрул хизмати ходими сержант Шариф Маллаев ва Миллий гвардия сержанти Отабек Ризқиевлар ўзларини таништирди", дейди Абдувоҳид Яқубов.
Унинг айтишича, Отабек Ризқиев ва Шариф Маллаевлар адвокатни ушлаб кетиш сабабини соқолли киши бир қизнинг қўл телефонини олиб қочиб жиноят содир этганини келтиришган. Бироқ кейинчалик бундай жиноят содир бўлмагани ойдинлашган.
"Шунинг учун идорада текшириб, бармоқ изларимни оламиз, дейишди. Мен уларга ўзимнинг адвокат эканлигимни айтдим, гувоҳномамни кўрсатдим. Мени суд ёки прокурор санкциясисиз милиция идорасига олиб бориш қонунга зидлигини айтдим. Лекин улар қонун нималигини билмас экан", дейди у.
Милиция идорасида Шайҳонтохур туман жиноят қидирув бўлими ходими ҳам бўлган.
У адвокатга ҳеч қандай жиноят содир бўлмагани ва жиноят бўлмаса ҳам орган ходимлари шубҳаланган одамларни олиб кетишга ҳаққи борлигини айтган.
Адвокат Абдувоҳид Яқубов билан бирга яна бир соқолли савдогар ва унинг шериги ҳам ушланган.
Милиция ходимлари қолган икки кишининг бармоқ изларини олган, бироқ адвокат Абдувоҳид Яқубов ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилганлиги боис ундан бармоқ излари олишмаган.
Аммо унинг милиция бўлинмасига олиб келишганини қайд қилишган.
"Қизимни судда ҳимоя қилаётганим учун босим сифатида олиб кетган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайман. Чунки икки машина айнан мен кирган дорихона олдига келиши шубҳали. Аммо ичкарида бу ҳақда ҳеч нарса дейишмади. Бу каби ҳаракатларга қарамасдан бошлаган ишимдан чекинмайман, Худо хоҳласа", дейди Абдувоҳид Яқубов.
Абдувоҳид Яқубов бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан прокуратуранинг ишонч рақамлари орқали шикоят қилган.
Ҳижобга тақиқ масаласини кўраётган судья kun.uz га тўсқинлик қилди
Олдинроқ ушбу маҳкамани кўриб чиқаётган судья Санжарбек Зулунов журналист ишига қаршилик қилишга ҳаракат қилгани маълум бўлган эди.
Маъмурий ишлар бўйича Шайҳонтохур туман суди раиси Санжарбек Зулунов суд жараёнини ёритиш учун борган kun.uz мухбирини ундан чиқаришга ҳаракат қилди. У журналист суд залидан чиқмаса Миллий гвардияни чақиришини айтиб таҳдид қилган.
Ислом академияси қошидаги лицейга рўмол билан киритилмаган қизнинг отаси, адвокат Абдувоҳид Яқубов судьяга ишончсизлик билдирди.
"Судья суд бошланишидан олдин кун.уз мухбирига чиқиб кетинг, деди. Қўриқчи милицияга олиб чиқинглар, деди. Аммо кун.уз мухбири жараённи ёзиб олиш учун мосламалари йўқлигини, судда иштирок этишга ҳаққи боллигини айтди. Яна ўз ҳуқуқларини тушунтирди", дейди судда иштирок этган кузатувчилардан бири.
Судья кун.уз мухбирини залдан олиб чиқиб кетиш учун миллий гвардияни чақиришини маълум қилган.
"Кейин ўзи ҳам миллий гвардиянинг бу ерда алоқаси йўқлигини тушуниб қолиб, бошқа чақирмади. У мухбирга судда иштирок этиш, этмаслигингни мен ҳал қиламан, деди. Кун.уз мухбири ҳуқуқларини яхши биларкан, сиз фақат аудио ёки видеога ёзиб олишни ҳал қиласиз, суд очиқ бўлгани учун унда иштирок этишни тақиқлай олмайсиз, деб тушунтирди", дейди судда иштирок этганлардан яна бири.
Кун.уз мухбири Алишер Рўзиохунов билан алоҳида хонада гаплашган судья Санжарбек Зулунов унинг судда иштирок этишига бошқа қаршилик кўрсатмаган.
Халқаро Ислом академияси қошидаги лицейда ўқийдиган қизнинг отаси Абдувоҳид Яқубов ўша куни судья Санжар Зулуновга ишончсизлик билдирди.
"Иккита сабабни келтирдим. Биринчиси 2018 йилнинг 28 ноябрида чиқарган ажримида, судья Зулунов ҳали ишни ўрганмасдан Якубов ва қизининг ҳуқуқи бузилмаган, деган гапни ёзган. Судья ҳали ишни ўрганмасдан туриб бундай ёзиши қонунларга зид. Иккинчидан, бугун журналистларнинг ишига қаршилик қилишга ҳаракат қилди. Шунинг учун ишончсизлик билдирдим", дейди Абдувоҳид Яқубов.
Маъмурий ишлар бўйича Шайҳонтохур туман суди раиси Санжарбек Зулунов ишонсизлик масаласини Маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди ҳал қилишини айтиб, адвокат, журналист ҳамда жавобгарлардан Халқаро Ислом университети, унинг қошидаги лицей ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан келган вакилларни шаҳар судига юборади.
Бироқ маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди судьяга ишончизлик масаласини туман суди ҳал қилишини айтиб, уларни яна Шайҳонтохур судига қайтаради.
Маъмурий ишлар бўйича Шайҳонтохур суди ишга янги судья тайинлади. Суд 7 феврал куни бўлиб ўтади.
Фуқаро Абдувоҳид Яқубов Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси, Академия қошидаги академик лицей, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мансабдор шахсларининг ўқув юртида рўмол ўраб юришга оид тақиқ ҳамда рўмол ўраган қизларни ўқишга киритмаслик ҳаракатларидан шикоят қилган.
Фуқаро Абдувоҳид Яқубовнинг аризаси 2018 йилнинг 28 ноябр куни Шайхонтоҳур туман суди томонидан қайтарилганди.
Бош прокуратура хабарида айтилишича, суд талаба ва ўқувчи қизларга рўмол ўраган ҳолда таълим олиш ҳуқуқларини тақиқловчи ҳужжатлар чиқарилиши аризачи А. Яқубовнинг ҳуқуқи бузилишига олиб келмайди, деган важни кўрсатган.
Бундан ташқари аризачининг қизи "таълим муассасасига рўмол билан ўқишга киритмаслик бўйича амалга оширилган ҳаракатлар аризачи А.Якубовнинг ҳуқуқ ва манфаатларига бузилишига олиб келмаслиги асосида А.Якубов ушбу мазмундаги талаб билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эмас, деган хулоса билан ариза қайтарилган", дейилади Бош прокуратура хабарида.
Бироқ прокуратура ушбу қарорни Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид эканлигини эътироф этган.
Президент Мирзиёев фармони билан ташкил қилинган Тошкентдаги Халқаро Ислом академиясида талабалар ҳижобини ечишга мажбурлангани ҳақида Би-би-си хабар берган эди.
Ҳижоби ечтирилган муслималар ўқишга парик кийиб келишга мажбур бўлган.
Би-би-сига келиб тушган маълумотларга кўра, 100 дан ортиқ муслимага ҳижоб ёки ўқишни танлаш талаби қўйилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Халқаро Ислом академиясида камида тўрт талаба шу сабаб ўқишдан ҳайдалган.
"Ҳар томонлама босим ўтказишди. Рўмолини ечмаган ётоқхонадаги талабаларнинг юкларини ташқарига олиб чиқиб қўйишган, ичкарига қўймаймиз, деб. Қаршилик кўрсатган талабаларга ўқишдан ҳайдалиш кўриб чиқилсин, деган мазмунда рапорт тайёрлаб қўйилган. Қизлар йиғлаб-йиғлаб ҳижобини ечишди. Бошига парик ва бўйнига шарф боғлаб боришибди", деганди ўша вақти босимга учраган талаба қизлардан бирининг яқини.
Қизи ўқишдан ҳайдалган оналардан бирининг Би-би-сига айтишича, маъмурият қизининг ҳижоби билан иши йўқлигини, балки академия ички қоидаларига амал қилишни талаб қилишаётганини айтган.
"Бироқ академия ички тартиб-қоидаларида айнан рўмолсиз юриш талаб қилинган. Давлат бюджети асосида ўқишга кирган қизимни ундан ҳайдашди", дейди у.
Ҳижоб можароси
Ўзбекистонда ҳокимият тепасига Шавкат Мирзиёев келиши билан диний эркинликлар берила бошланганди. Натижада Ўзбекистон Қуръон мусобақалари ташкил қилинди. Ислом академияси ташкил қилинди. Ҳадис илми мактабларига асос солиш ҳақида хабарлар берилди.
Бироқ ҳукуматга динга, хоссатан, мусулмонларга нисбатан сиёсати сўнгги вақтларда Каримов давридагидек ҳолатга келаётгани кузатилмоқда.
Болаларга Қуръон ва тажвиддан дарс берган анъанавий ҳужралар аниқланиб, уларни юритганлар ва таълим олган болалар марказий телеканаллар орқали халққа сазойи қилинди.
Ҳукумат ўрта мактабларда бош кийимни тақиқловчи 666 рақамли қарорни қабул қилди.
Бу қарор асосида мактаблардаги ҳижоб ҳам тақиқланди.
Қарорга ўз муносабатини билдирган 30 га яқин блогер 24 августдан бошлаб 10 ва 15 суткалик маъмурий қамоқларга ташланди.
Facebookка киришда тўсиқлар пайдо бўлди.
Ҳижоб ва соқолга бўлаётган тазйиқларни Мирзиёевга меҳробдан туриб мурожаат қилган имом Фазлиддин Парпиев ишдан олинди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek