You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон-Тожикистон: Каримов имзолаган "абадий дўстлик" битимини Мирзиёев ҳаётга татбиқ қилмоқдами?
- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон
Ислом Каримов даврида йилдан йилга ёмонлашиб борган Тожикистон-Ўзбекистон муносабатлари президент Мирзиёевнинг ташаббуси билан тобора илиқлашмоқда.
Чегаралар очилиши ва амалда виза тартиби бекор қилиниши, иқтисодий, сиёсий ва маданий алоқалар тикланиши ортидан академик Бобожон Ғафуров номли Хӯжанд Давлат университетида ӯзбек филологияси факультети қайта очилди.
Олти йил аввал бу факультет ёпиб қўйилганди.
Кузатувчиларнинг айтишларича, бу Тожикистон олий ӯқув юртларида амал қилаётган ӯзбек тилида ӯқитиладиган ягона факультетдир.
Ӯзбекистон Президенти жорий йил баҳорида Тожикистонга сафари чоғида Ӯзбекистонда - Самарқанд ва Термезда тожик филологияси факультетлари амал қилаётгани, Ӯзбекистонда 250 га яқин тожик мактаби борлигини таъкидлаганди.
Шу сафар чоғида бошқа битимлар қаторида икки қӯшни мамлакат Маориф вазирликлари орасидаги ҳамкорлик борасидаги шартнома ҳам имзоланганди. Ӯзбек филологияси факультети мазкур битимга кӯра қайта тиклангани айтилмоқда.
Факультет шуҳрати тикланармикан?
Собиқ Киров номли Ленинобод Давлат педагогика институти - ҳозирги Хӯжанд Давлат университети ӯзбек тили ва адабиёти мутахассислари тайёрлаш бундан 56 йил муқаддам йӯлга қӯйилганди.
1991-йилда алоҳида ӯзбек филологияси факультети ташкил этилди. Лекин 1999-йилда у рус филологияси факультети билан бирлаштирилди.
2000-йил декабрида эса, ӯзбек тили ва адабиёти куллиёти яна мустақил амал қила бошлади.
Лекин 2012-йилда у яна рус филологияси факултетига қӯшилди.
Кейинроқ шарқ тиллари куллиётига қӯшиб юборилди. Бу орада илмий кафедралар ҳам қисқартирилиб, учтадан биттага тушиб қолди.
Талабалар сони эса, кескин камайиб кета бошлади.
Факультет қайта тикланиши билан яна битта кафедра ташкил этилди.
- Ҳозир ӯзбек тили ва унинг таълим методикаси ҳамда ӯзбек тили ва унинг таълим методикаси кафедралари амал қилмоқда. Факультетимизда ишлаётган ӯқитувчиларнинг ҳаммаси илмий унвонга эга. Ӯн тӯрт ӯқитувчидан икки нафари филология фанлари доктори, қолган ӯн икки нафар олим фан номзоди, - деди факультет декани, тилшунос олим Тоҳир Турдибоев.
Филология фанлари доктори, профессор Абдусалом Абдуқодировнинг айтишича, факультетда узоқ йиллар давомида фақат Тожикистон эмас, Ӯзбекистон ва Қирғизистон мактаблари учун ҳам малакали кадрлар тайёрлаб келинган.
Факультет ӯқитувчилари ҳозирда Ӯзбекистонда фаолият олиб бораётган олимлар - филология фанлари докторлари Боқижон Тӯхлиев. Бибиробия Ражабова, таниқли адиб Шойим Бӯтаев, Одил Икром ва марҳум шоир Асқар Маҳкам каби шогирдлари билан ҳақли равишда фахрланадилар.
Факультетда дарс берган филология фанлари докторлари - навоийшунос олим Эргашали Шодиев, тилшунослик фанига эътироф этилган янгиликлар киритган Абдували Бердиалиев, Турсунали Мирзақулов, таниқли матншунос олим Ваҳоб Раҳмоновларнинг номини фақат Тожикистонда эмас, Ӯзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам яхши билишади.
Талабалар сони нега камайиб кетди?
Кузатувчиларнинг айтишларича, факультетнинг ёпилишига ӯзбек тили ва адабиёти фанлари ӯқитувчиларига эҳтиёжнинг камайиши ва шунга кӯра талабалар сонининг йил сайин камайиб кетавериши сабаб бӯлган.
- Гарчи ҳар йили дорилфунунда ӯзбек тили ва адабиёти ӯқитувчилари тайёрлаш учун ӯқишга таклиф эълон қилинса-да, лекин ҳужжат топширувчилар жуда оз эди, - дейди таҳлилчи Аҳмад Бобожон.
Бир пайтлар фақат кундузги бӯлимнинг ӯзида юзлаб талабалар ӯқиган, қанча йигит-қизлар ӯқишга кира олмасдан қайтиб кетган факультетда не иложда битта гуруҳ учун йигирма чоқли талаба тӯпланарди.
Лекин шу факултетнинг собиқ ӯқитувчиларидан бирининг айтишича кейинги йилга борар-бормас, бу талабаларнинг ярми бошқа факултетларга ӯтиб кетишарди.
«Айрим гуруҳларда беш-олти нафардан талаба қоларди», деди собиқ ӯқитувчи.
Аҳмад Бобожоннинг фикрича, ӯзбек тили ва адабиёти факультетида ӯқишга қизиқиш камайганлигининг асосий сабабларидан бири Тожикистондаги ӯзбек мактаблари сонининг йил сайин камайиб борганлигидадир.
«Аниқ статистик рақамлар айтилмайди. Ӯзбек мактаблари нега камаётгани ё ӯзбек тилидаги дарсликларнинг нега етишмаслиги ё умуман йӯқлиги ҳақидаги саволларга жавоб олиш қийин. Ҳатто бу борада саволлар берилганда, вилоят маориф бошқармаси масъуллари журналистларга яхши муносабатда бӯлишмаган. Лекин сизиб чиққан бир факт айтиладиган бӯлса, ӯзбек тили ва адабиётидан дарс бераётган ӯқитувчилар сони фақат Суғд вилоятининг ӯзида учдан иккига камайиб кетган», деди таҳлилчи.
Ота-оналар нега болаларининг ӯз тилида ӯқишларини исташмаяпти?
Расмийлар ӯзбек мактаблари ё ӯзбек синфларининг тобора камайиб бораётганини ота-оналарнинг фарзандларини тожик тилида ӯқитиш истаклари туфайли, деб айтишади.
«Мен болаларимнинг тожик тилида ӯқишларини афзал, деб биламан. Чунки ӯзбек тилида ӯқиганлар учун олий таълим олиш қийин. Аввало имтиҳонлар тожик тилида бӯлади. Айрим педагогик ихтисослардан ташқари бошқа ихтисосларда ӯқиш тожик ва рус тилларида олиб борилади. Ана, ӯзбек тилида ӯкиганлар олий ӯқув юртига кириб, уни битириб олсинлар ҳам дейдик, лекин барча ишхоналарда барча ҳужжатлар давлат тилида тӯлғазилади», дейди Гулистон шаҳрида яшашини айтган Гулсуной исмли аёл.
«Ӯзбек болаларининг тожик тилини ӯрганишлари учун Маориф вазирлиги бошқача йӯл тутса, яхши бӯларди., - деди Бобожон Ғафуров ноҳияси мактабларидан бирида ӯқитувчилик қилаётганини айтган аёл. - Ҳозир ӯзбек мактабларида ҳафтасига икки соат тожик тили дарси ӯқитилади. Буни тӯрт ё олти соатга етказилса ва малакали тожик тили ӯқитувчилари танлаб олинса, ӯзбек болалар тожик тилини яхши ӯрганиб олишларига ишонаман».
Ӯзбек тили ва адабиёти фанларидан дарслар камайиб кетганлиги сабабли бу фанлар ӯқитувчилари иккинчи ихтисосга ӯқий бошлашган ва тожик тилида дарс беришга ӯтишган. Айрим ӯқитувчилар эса, касбларини ӯзгартиришган. Ё болалар боғча-яслиларига тарбиячи бӯлиб ӯтишган, ё бозорга савдо-сотиққа чиқиб кетишган.
«Россияда идиш-товоқ юваётган, фаррошлик қилаётган ӯзбек тили ва адабиёти ӯқитувчилари ҳам оз эмас», дейди Россияда ишлаб қайтган ӯзбек тили ва адабиёти фанлари мутахассиси Равшан Абдуллаев.
Хӯжанд Давлат дорилфунуни ректори, тарих фанлари доктори Жамшид Жӯразоданинг айтишича, қайта очилган факултетда фақат кундузги бӯлимда таҳсил олувчи талабаларнинг сони камида 400 нафарга етказилади.
Бу мақсадда факультетда янги-янги ихтисослар бӯйича мутахассислар тайёрлаш йӯлга қӯйилади.
Факультет олимларининг айтишларича, икки ихтисосли, масалан, ӯзбек ва инглиз, ӯзбек ва тожик тиллари бӯйича мутахассислар тайёрлаш талабалар сонини кӯпайтиради.
Шу ӯринда жорий йилда дорилфунуннинг чет тиллар факултетида инглиз тили бӯйича мутахассислар тайёрлайдиган гуруҳ ҳам очилганини таъкидлаш жоиз.
Гап мошдами, тошдами?
Тожикистонда ӯзбеклар тожиклардан сӯнг сон жиҳатидан иккинчи халқ ҳисобланади.
Расмийлар ӯзбекларнинг тили, маданияти равнақ топиши, миллий қадриятларини сақлаб қолишлари учун ғамхӯрлик қилинаётгани ва имкониятлар яратилаётганини таъкидлаб келишади.
Бу борада гап борганда, ӯзбек тилидаги мактаблар ва синфлар мавжудлиги, ӯзбек тилида газеталар нашр этилаётгани, ӯзбек театри фаолият олиб борилаётганлиги мисолга келтирилади.
Вилоят газеталаридан ташқари Тожикистон Ҳукуматининг нашри бӯлган «Халқ овози» газетаси мунтазам нашр этилмоқда.
Спитамен туманида Шукур Бурҳонов номли ӯзбек театри амал қилмоқда. Бу театрда вақтида Шекспирнинг «Ричард-111»дек мураккаб драмалар саҳналаштирилган .
Лекин кейинги йилларда мазкур театр кадрлар муаммосига дуч келди. Ҳозирда театрда бор-йӯғи икки нафар касбий актёр ишлаётир. Улар вақтида Тошкентдаги собиқ театр ва рассомчилик институтини битиришган.
Олдинлари бу олий ӯқув юртида айнан Шукур Бурҳонов номли театр учун ҳам актёрлар тайёрланарди. Ҳозирда театршунослдар Ӯзбекистон ва Тожикистон Маданият вазирликларининг олдинги анъанани тиклаб, Тожикистондаги ягона ӯзбек театри учун малакали санъаткорлар тайёрлашни йӯлга қӯйишлари зарурлиги ҳакида гапиришмоқда.
Кузатувчиларга кӯра Ӯзбекистон ва Тожикистон орасида муносабатлар илиқлашгандан кейин ҳар икки мамлакат олий ӯқув юртлари қӯшни юрт фарзандлари ӯқишлари учун ӯз эшикларини очишган. Масалан, жорий йилда Хӯжанд Давлат дорилфунунининг чет тиллар факултетида қайта очилган ӯзбек гуруҳида инглиз тили ӯрганаётган талабаларнинг аксарияти ӯзбекистонликлардир, деди маҳаллий кузатувчи.
Бошланғич синфларда тожик тили ӯқитиш бошланган ӯзбек мактабларидан бирининг муаллими айтишича бу йил ӯзбек болалар биринчи синфда ӯз тилларида ӯқий бошлашган.
Бобожон Ғафуров туманидаги мактаблардан бирида ишлаётган бошқа бир муаллиманинг айтишича эса, маорифдан ӯзбек тилида иккита биринчи синф очиш ҳақида айтилган.
Лекин ӯзбек тилида ӯқиш истагидаги ӯқувчилар ниҳоятда оз бӯлганлиги учун бу синфлар очилмай қолган. «Ӯзбек ота-оналар болаларини тожик тилида ӯкишларини исташди», деди у муаллима.
- Мен қишлоғимдаги ӯзбек мактабини битирганимдан сӯнг аввалига Тошкент маданий-оқартув техникумида ӯқидим. Техникумни тугаллагач, собиқ Ленинобод педагогика институтига ӯқишга кирдим. Тарих факултетида ӯзбек тилида таҳсил олдим. Лекин ҳозирда бу факултетда ӯзбек тили гуруҳи йӯқ. Мен фақат тарих эмас, балки ӯша мен ӯқиган институт - ҳозирги Хӯжанд Давлат дорилфунунининг бошқа факултетларида ҳам, шунингдек Тожикистоннинг бошқа олий ӯқув юртларида тожик тили билан бирга ӯқиш ӯзбек тилида ҳам олиб борилса, ота-оналар болаларини ӯз она тилларида ӯқишга беришларига ишонаман, -дейди тожикистонлик тарихчи-этнограф олим Норали Деҳқонов.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek