Тошкент: Комил Алламжонов изоҳ бердими?

Сурат манбаси, facebook
04.10.2018 16:20
Дунё, минтақа ва Ўзбекистонда содир бўлаётган энг сўнгги воқеалар:
Пойтахт Тошкентдан олинаётган хабарларга кўра, "Комил Алламжонов ўз хоҳиши билан эгаллаб турган ҳар икки лавозимидан озод қилинган".
Бу ҳақда Ўзбекистонда яқинда иш бошлаган Turon24 ахборот агентлиги хабар тарқатди.
Агентликнинг ўз манбасига таяниб ёзишича, "Комил Алламжонов давлат хизмати давомида соғлиғи ёмонлашгани туфайли" бундай мурожаат билан чиққан.
Аммо Turon24 ўз манбасини очиқламаган.
Бошқа томондан, хабарда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев матбуот воизининг соғлиғи давлат хизмати давомида нега ва қандай "ёмонлашган"и тафсилотлари очиқланмаган.
Комил Алламжоновнинг ўзи кеча, чоршанба кунидан буён бўй кўрсатаётган бу каби хабарларга ҳозирча бирор бир расмий муносабат билдирмаган.
Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳам ҳозирча жим.
Бу хусусда хабар берган Ўзбекистондаги барча етакчи интернет нашрлари ҳам "турли" эканини билдирган манбалари ким бўлганини очиқлашмаган.
Би-би-си Ўзбек Хизмати хабар тафсилотларини ўрганишда давом этмоқда.
Комил Алламжонов
Ҳозир 34 ёшда бўлган Комил Алламжонов ўтган йил декабр ойидан буён президент Мирзиёевнинг матбуот котиби, шу йил август ойидан бошлаб, унинг Администрацияси раҳбари ўринбосари вазифасини бажариб келган.
Комил Алламжонов бундан аввал "Avtotest" инновацион ўқув мактабининг асосчиси сифатида танилган.
У шу йил июль ойида президент Шавкат Мирзиёев ҳақида ишланган илк ҳужжатли фильмнинг муаллифи ҳам бўлади.
Комил Алламжоновнинг "Facebook"даги расмий аккаунти сўнгги бор 1 октябрь куни янгиланган.
Аккаунтида чоп қилинган таржимаи ҳолида ҳам мақоми ўзгаришсиз қолган - Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби экани айтилган.
У 1984 йил 18 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган.
Отаси Исмоил Алламжонович Шокир-Кориев, ВАЗ АЖда автослесарь бўлиб ишлаган.
Онаси Гулнора Ашировна Шокир-Кориева, Тошкент шаҳридаги 3-туғриқхонада катта ҳамшира.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти (2006й.) ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети (2010) битирувчиси.
Уйланган, икки нафар фарзанди бор.
04.10.2018
Ўзбекистон ва дунё: "Ноумид шайтон, аммо қонунларни ишлата билишимиз керак"
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Ўзбекистонда жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни тақиқловчи қонун кучга кирди.
Бу муаммонинг мамлакатда қанчалик "долзарб" эканини назарда тутган ўзбекистонлик айрим шифокорларга кўра, "жуда яхши иш бўлган".
Аксар аҳолиси мусулмон бўлган Ўзбекистондаги очиқчасига тамаки чекиш ва спиртли ичимликлар ичиш билан боғлиқ ҳозиргидек бир аҳволга, ҳатто, ўзи ишлаб турган Россияда ҳам гувоҳ бўлмаган.
Асли ўзбекистонлик бўлган бу шифокор суҳбатдошимизга кўра, энг муҳими, энди "бу қонунларни ишлата билиш керак".
Чунки "Қонунлар жуда кўп чиқаяпти-да бизда...", - дейди у.
Тинглаб, томоша қилинг.
04.10.2018
Ислом олами: Дунёнинг энг катта мусулмон давлати "инсоний фожиа"гирдобида
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Расмий рақамларга кўра, Индонезияда куни-кеча юз берган ҳалокатли табиий офат қурбонларининг сони 1300 дан ортган.
Минглаб мусулмонларнинг жасадлари оммавий қабрларга кўмилмоқда.
Жабрдийдалар бугун, "Бу - қўрқинчли бир тушга ўхшайди. Бизни дуо қилинг", - дейишмоқда.
Мудҳиш табиий офат ўтган жума куни Индонезияни ўз забтига олган.
Қақшатқич ер силкиниши ортидан кузатилган ҳалокатли цунами Сулавеси оролининг Палу шаҳрига келиб урилган.
Минглаб турар-жойлар вайрон бўлган, бутунбошли қишлоқларни сув ювиб кетган.
Жабрдийда шаҳар ҳануз сув ва электр таъминотисиз ўтирибди.
Ёрдам энди-энди етиб келишни бошлаган, одамлар иложсизликдан ўғриликка ҳам қўл уришаётганига оид хабарлар бор.
Бечораларнинг сони кўп, одамлар тажанг ва вазият танг экани боис, дўконларни қўриқлаш учун полиция кучлари ҳам сафарбар этилишган.
Сатҳдан олинган энг сўнгги тафсилотлар асосида тайёрланган Би-би-си мухбири тайёрлаган видеолавҳа билан танишинг...
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












