Россия-Ўзбекистон: Москва Тошкентни ўқитувчилар билан таъминлашда кўмаклашмоқчи. Ўзларида етарлими?

Россиядаги "Миллий таълим ресурслари" ва Умумроссия халқ фронти фондлари экспертлари ўтказган тадқиқотларга кўра, Россия мактабларида ўқитувчилар етишмайди.

Айниқса, рус ва чет тиллари, бошланғич синфлар ҳамда математика фанлари бўйича мутахассисларга эҳтиёж катта. Тадқиқот Россиянинг 82 ҳудуди умумтаълим мактабларида ўтказилган ва бугунги кунга келиб 37 фоиз мактабларда уч нафаргача, 11 фоизида учдан ортиқ фан ўқитувчилари етишмаслиги аниқланган.

"Айрим ўқитувчилар юқори босимни кўтара олмасдан ва иш ҳақи озлиги сабабли айни ўқув йили давомида ҳам мактабдан кетиб қолишаяпти. Ва кўпчилик ёш ўқитувчиларни мактабда ишлашга кўндиришга тўғри келаётганини тан олишади", дейди Давлат Думасининг Фан ва таълим бўйича қўмитаси раҳбари ўринбосари Любовь Духанина.

Россияда ўқитувчиларнинг ўртача иш ҳақи 34 000 рубл(600 АҚШ доллари атрофида)ни ташкил этади.

Мақсад ёрдаммиёки тарғибот?

Бундан аввалроқ, Ялтада бўлиб ўтган Ливадия форумида Россия Федерация Кенгаши раҳбари Валентина Матвиенко рус тилини ҳимоя қилишни кучайтириш ва у билан шуғулланиш долзарблигини алоҳида масала сифатида кўтарган эди.

"Россия рус тили ва маданиятига бўладиган барча ҳужумларга қатъий жавоб беради, шу билан бирга бошқа давлатларда рус тили мактаб фани сифатида ўқитилишини ривожлантиради", - деди Матвиенко хоним.

Унга кўра, "собиқ совет мамлакатлари мактабларида рус тили ўқитилишини хоҳлашади. Аммо ходимлар, ўқув дастурлари ва бошқалар етишмайди. Ва бунда уларга ёрдам бериш керак".

"Бу лойиҳа нафақат МДҲ, узоқ чет элларда ҳам кенг ёйилиши лозим", қўшимча қилди Валентина Матвиенко.

Русча "юмшоқ кучлар" йўналишларидан бири - Россиядан бошқа давлатларга мактаб ўқитувчиларини кўнгилли десант тариқасида ташлашдир. Биринчи "учирма" муваффақиятли бошланди. Ва бунда Тожикистон мисол қилинди.

МДҲ давлатлари бўйича режалаштирилган лойиҳа

Тожикистонга россиялик ўқитувчилар юборилиши 2016 йилда бошланди. Россия томонидан Тожикистон мактабларига 20 тонна дарсликлар (тахминан 52 минг нусха китоблар) ва ўқув қуроллари совға қилинди.

"Ўйлайманки, бизнинг ўқитувчиларимизни қўшни давлатлар маданий марказларига юбориш, мактаб фанларини рус тилида ўқитиш жуда тўғри. Биз ҳозир пайтда худди шундай таклифни қатор МДҲ давлатлари билан кўриб чиқаяпмиз", деган эди Федерайия Кенгаши вице-спикери Евгений Бушмин.

Сиёсатчига кўра, россиялик ўқитувчиларнинг собиқ совет мамлакатлари ҳудудида ишлаши, рус тилини ривожлантиришдаги иштироклари етарли эмас, янада кучайтириш керак.

"Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари бу тажриба билан аллақачон қизиқа бошлашди. Бу фойдали бошланишни нафақат Тожикистон, балки унга қўшни давлатларда ҳам қўллашга ҳаракат қиламиз. Бунда Россия таълимига эҳтиёжнинг гувоҳлигини яққол кўраяпмиз", - деди Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Икки йилдирки, Россиядан Тожикистонга кўнгилли ўқитувчилар ишлашга юборилмоқда. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам Тожикистон мактабларида ишлашмаяпти, турли сабаблар билан Россияга қайтиб кетганлар ҳам кузатилмоқда. Шунга қарамай, давлатда яна янги рус мактаблари қурилиши бошланган.

"Ўзбекистонда кадрлар етарли"

Тожикистондан сўнг навбат Ўзбекистонга келди. "Московский Дом соотечественников", "Россотрудничество" каби ташкилотлар ва расмий идоралар вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама этилди. Учрашувда «Ўзбекистонда ҳозирги кунда ўқитувчилар етишмайди, айниқса, бу ҳолат рус тилида таълим берилаётган мактабларда сезиларли даражада. Халқ таълим вазирлиги томонидан мазкур муаммони ҳал этиш мақсадида бир қатор чоралар кўрилмоқда» иборалари келтирилган.

Ўзбекистонда ўқитувчилар нега етишмайди? Бу саволга Москвадаги олийгоҳларнинг бирида кўп йиллардан бери ўқитувчи бўлиб ишлаётган тадқиқотчи мутахассис (исми-шарифи сир қолиниши сўралди) қуйидагича жавоб берди:

«Ўзбекистонда кадрлар етарли. Аммо мактаблардаги ҳолат Россия таълим соҳасидаги сингари: олийгоҳларни тамомлаганлар иш ҳақи озлигидан бошқа соҳада ишлашни афзал кўради. Кадр етишмовчилиги рус мактабларида бор, аммо уни ҳал этиш учун четдан мутахассис жалб қилишга ҳожат йўқ».

Ўқитувчилар эса Россияда

Айни пайтда Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирларининг маълум қисмини ўқитувчилар ташкил қилади. Олий маълумотли, тажрибали собиқ ўқитувчилар Россияда асосан хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат қилишади.

Арухан опа қорақалпоғистонлик. 26 йил мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаган. 4 йилдан буён Москвада фаррошлик қилади.

- Қиз узатишимиз, ўғил уйлантиришимиз керак эди. Отаси билан топганимиз тирикчиликдан ортмади. Эр-хотин Россияга келиб ишлаб, кетма-кет тўйлар қилдик. Энди қайтсак ҳам бўлади, лекин оддий иш бўлса ҳам, яхшироқ пул топишга ўргандик. Ҳали уй-жойларни бутлаб олишимиз керак.

Андижонлик Насима ватанида мактаб директори эди. 8 йилки, Москвада, энага бўлиб ишлаяпти. У "қоғозбозликдан чарчагани"ни айтади.

- Ишонасизми, РайОНО талаби билан мактабда мол ҳам боқдик. Нима иш бўлса, бизни чақиришади. Таълим охирги ўринда. Расмиятчилик, қоғозбозлик, кўча ишлари… Қаерда бор шунчалик хўрлик?! Мана, тинчгина кампир қараб, ўша пулдан беш баробар кўп топаяпман!

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek