Ўзбекистонда диний эркинликлар бериш хавфлими?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўзбекистон ҳукумати сўнгги ҳаракатлари билан Ислом динини чеклаш ва эътиқод эркинлигидан қўрқишини намойиш этмоқдами? Диний эркинликларсиз Ўзбекистон демократик давлат бўлиши мумкинми?
Би-би-си Ўзбек хизматининг YouTube каналидаги жонли баҳсда шу масала кўтарилди.
Унда АҚШдан таҳлилчи Рафаэль Саттаров ва фаол Мирраҳмат Мўъминов қатнашди.
Дастурни Рустам Қобил олиб борди.
Би-би-сига келиб тушаётган хабарларга қаралса Ўзбекистонда сўнгги 2 ҳафта ичида диний эркинликлар борасида кўплаб шикоятлар келиб тушмоқда.
Буни янги ўқув йилининг бошланиши билан изоҳлаш мумкин.
Мактаблар Вазирлар Маҳкамаси томонидан чиқарилган янги қарорга таянган ҳолда ўқувчиларни ёппасига ўқишга киритмаяпти.
Гарчанд 666 рақамли қарордаги тақиқлар тўлиқ 2019 ўқув йилидан бошлаб кучга кириши кўрсатилган бўлса-да, расмийлар унинг ижросини шу йилдан бошлаб таъминлашга киришишган.
Келаётган хабарларга қаралса бу қарорни бажариш жойлардаги мутасаддиларнинг ташаббуси ва масъулиятига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Би-би-сига келиб тушган хабарга кўра, Наманган шаҳридаги мактаблардан бирида директор ўринбосари бўлиб ишловчи шахс мактаб ҳовлисига боласини олишга келган ҳижобли аёлни киритмаган.
Ушбу мутасаддининг овози Би-би-сида мавжуд.
Директор ўринбосари мактаб ҳовлисига ҳижоблилар киритилмаслигига оид Президентнинг қарори ва Бош вазирнинг топшириғи борлигини айтган.
Мактабга камера ўрнатилганини айтган бу ходим, агар ҳижобли онани мактаб ҳовлисига қўйса жаримага тортилиши мумкинлигини билдирган.
У ҳижобли оналар боласини кўчада кутиб туришини ва мактаб масъулларидан илтимос қилса, болани олиб чиқиб бериши мумкинлигини айтган.
Вазирлар маҳкамаси томонидан чиқарилган қарорда мактаб ўқувчиларининг мактаб биноси ичида бош кийим билан юриши ман қилинган деб кўрсатилган.
Бироқ кейинчалик бу мактабдаги муаммо ечилган. Мактаб директорига учрашиллганида, у ўринбосари томонидан англашмовчилик бўлганини ва бундай тақиқ йўқлигини айтган.
Қизиқ томони пойтахтдаги айрим рус мактаблари Вазирлар Маҳкамаси томонидан чиқарилган қарорни бошқа мактаблар қатори бу йилдан бошлаб бажаришга шошилмаётгани кузатилмоқда.
Тошкентдаги айрим рус мактаби директорлари қизларнинг ҳижобда келишига қаршилик қилишмаган. Мактаб ичида уларнинг қандай кийинишига ўзимиз жавоб берамиз, дейишган.
Қизиқ ҳолатлардан бири Президент фармони билан ташкил қилинган Ислом Академиясида бўлмоқда. Академия маъмурияти ички тартиб қоидага суяниб у ерда ўқиётган 124 ҳижобли қизнинг рўмолини ечишга мажбурламоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, академияда бирорта ҳам рўмол ўраган талаба келмаяпти.
Уларнинг ярми парик кийган, бир қисми ўқишга келмаяпти. 4 талаба ўқишдан ҳайдалган. Академияда ҳижоб билан боғлиқ муаммони "ҳал қилган" раҳбарият энди унга қарашли бўлган лицейга кўчган ва у ерга ҳижобда келаётган қизлар босим остига олинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












