You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон, Бухоро: “Когонда портлаган автобусда теримчилар бўлмаган”
Бу ҳақда ўзбекистонлик блогер Хушнудбек Худойбердиев ўзининг "Телеграм"даги каналида маълум қилган.
Когон туманида йўловчи автобусининг портлаши натижасида 5 киши қурбон бўлган, 20 дан ортиқроғи яраланганди.
Блогернинг ёзишича, "айрим мустақил манбалар хабар тарқатганидек, ушбу автобусда пахта теримчилари бўлган, деган гап ўз исботини топмаган".
"Аниқланишича, Қоровулбозор туманидаги "Раҳмон Аҳмад" фермер хўжалиги раиси Р.Аҳмедов Вобкент тумани "Пушмон" МФЙ, "Хайрабодча" қишлоғида яшовчи Г.Розиқова томонидан 25 нафар фуқаролардан иборат қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш учун ташкил қилинган мавсумий мадад гуруҳи билан фермер хўжалигида экилган маккажўхори сўтасини олиш учун Вобкент туманидан Қоровулбозор туманига олиб кетаётган вақтда ушбу ҳодиса содир бўлган", - дея маълум қилган блогер.
Унинг ёзишича, автобус "Вобкент Гулшани" масъулияти чекланган жамиятга тегишли бўлган.
Когон туманидаги "ZELICH OIL GAZ" метан газ қуйиш шохобчасидан ёқилғи қуйиб, тахминан 700 метр масофа юргандан сўнг автоулов газ балони портлаган.
Хушнудбек Худойбердиевнинг маълум қилишича, бу - шу йил ҳисобидан айни шу газ қуйиш шохобчаси билан боғлиқ учинчи бахтсиз ҳодисадир.
Блогернинг ўз навбатида маълум қилишича, "ZELICH OIL GAZ" метан газ қуйиш шохобчасида автомобилларга ёқилғи қуйиш нормаларига риоя қилиниши аҳволини ўрганиш борасида мутахассислар жалб қилинган, ўрганишлар олиб борилмоқда.
Сўнгги портлаш ҳодисасига газ қуйиш шохобчаси масъулларининг муносабати ҳозирча маълум эмас.
Блогерга кўра, бугунги фожиа юзасидан Бухоро вилояти ИИБ ТБ томонидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 259-моддаси 2-қисми "а", "б" бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят ИИБ ТБ зиммасига юклатилган, иш вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Аммо блогер ўзининг "Телеграм" каналида эълон қилган барча бу маълумотлар манбасини очиқламаган.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги шу соатларда портлашда ҳалок бўлган ва жабрланганларнинг рўйхатини эълон қилган.
Рўйхатдан автобус йўловчиларининг аксарияти хотин-қизлар эканлигини кўриш мумкин.
Вазирликнинг расман билдиришича, содир бўлган ҳолат юзасидан дастлабки терговолди текширув ишлари олиб борилмоқда.
Шу соатларда Когон туманидаги мазкур портлаш сабаби, автобус ичидаги йўловчиларнинг ким бўлишгани, сафардан мақсад нима бўлганига оид расмий маълумотлар имконли эмас.
Портлаш
Расмий хабарларга кўра, йўловчи автобуси портлаган. 4 киши воқеа жойида, яна бир киши касалхонада вафот этган.
Портлаш натижасида йигирмадан ортиқ киши яраланган.
Улардан 5 нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.
Маълум қилинишича, бешовлон РШТЁИМ нинг Бухоро филиалига ётқизилган.
Портлаш содир бўлган пайтда автобус ичида жаъми 26 нафар йўловчи бўлган.
Йўловчи автобусининг метан газ балони портлаган.
Воқеа маҳаллий вақт билан эрталаб соат 08:30 атрофида, Бухоро-Қоровулбозор магистрал йўлида юз берган.
Магистрал йўли Бухоро вилоятининг Когон тумани орқали ўтган.
Йўловчи автобусининг қандай йўналишда ҳаракатланаётгани тафсилотлари ҳозирча очиқланмаган.
Сабаблар...
Автобус ҳайдовчисининг тақдири ҳақида ҳам шу соатларда расмий маълумотлар имконсиз.
Метан гази балони нега портлагани сабаблари ҳам шу пайтгача очиқланмаган.
Аммо, расмий хабарларга кўра, портлаш воқеасини ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилган.
Бунга шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи топшириқ берган.
Ҳукумат комиссиясига Бош вазир ўринбосари Н.С.Отажонов бош этиб тайинланган.
Комиссия аллақачон портлаш сатҳида иш бошлагани ҳам хабар қилинган.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, жароҳатланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш учун барча зарурий чоралар кўрилган.
РШТЁИМ дан хирург, нейрохирург ва реаниматологлар самолёт орқали Бухорога юборилган.
Жароҳатланганлардан етти нафарининг аҳволи ўртача оғирликда, яна тўққизтасиники енгил экани айтилмоқда.
Аммо улар барчасининг портлаш натижасида айнан қандай кўринишдаги тан жароҳати олишгани маълум эмас.
Бухорода бундан уч йил бурун ҳам портлаш юз берган.
Воқеа шаҳарнинг гавжум кафеларидан бирида кузатилган.
Портлашга газ балони сабаб бўлгани айтилган.
Ўшанда камида 10 киши ҳалок бўлгани, 30 дан ортиқ одам жароҳатлангани хабар қилинган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда айнан метан гази балони сабаб, ёниб кетган транспорт воситалари ҳақида хабарлар кўпайган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek