Президент Мирзиёев МХХ қароргоҳига кириб борди

Президент Шавкат Мирзиёев Миллий хавфсизлик хизматининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишини ўтказиб, идоранинг айрим бўлинмалари ва ҳудудий бошқармалари фаолиятини танқид қилди.

Бу ҳақида президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тошкентдаги МХХ қароргоҳида бўлиб ўтган мажлисда давлат раҳбари Миллий хавфсизлик хизматининг таркибий тузилишини қайта кўриб чиқиш кераклигини таъкидлаган.

Махсус хизмат доирасига кирмайдиган вазифалар билан шуғулланадиган, бошқа давлат тузилмалари фаолиятини такрорлайдиган бўлинмаларни тугатиш, айни вақтда миллий хавфсизликнинг устувор йўналишларини таъминлайдиган бўлинмаларни мустаҳкамлаш зарурлиги айтилди.

Матбуот хизматига кўра, жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг "Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонуни ишлаб чиқилади.

Қонунда МХХнинг асосий функция ва вазифалари белгилаб берилади ва унинг қабул қилиниши билан мамлакат ҳуқуқ-тартибот органларининг ваколат доиралари аниқлаштириб олиниши кутилади.

Президент матбуот хизматига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси этиб тайинлангани муносабати билан Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Президентнинг фармонига биноан Республика Бош прокурори лавозимида ишлаб келаётган Ихтиёр Абдуллаев Миллий хавфсизлик хизмати раиси этиб тайинланди.

Иноятов лавозимдан олинишидан аввал унинг икки ўринбосари ва МХХ вилоят бошқармаларининг 11 раҳбари ишдан олинганди.

МХХнинг янги раиси Ихтиёр Абдуллаев ўтмишда разведка ва контрразведкага ҳеч қандай алоқаси бўлмагани айтилади.

У 2015 йилдан бери Ўзбекистон бош прокурори, ундан аввал - 2009 йилдан бери давлат маслаҳатчиси бўлиб фаолият юритган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02