Блоггернинг судига даъвогар келмади, бироқ иш прокуратурага юборилди

Навоий вилоят Кармана туман маъмурий суди диний қўмитани ҳақорат қилганликда айбланиб устидан ариза ёзилган Раҳимжон Турдиев ишини кўриб чиқди. Суд давомида даъвогар томондан ҳеч ким келмаган. Суд ишда етарли далиллар йўқлиги боис, уни қайта текшириш учун прокуратурага юборган.

Раҳимжон Турдиевнинг BBCUZBEK.COM га айтишича, судда блоггер устидан ким шикоят ёзгани аниқ бўлмаган. Даъвогар томонидан ҳеч ким келмаган.

Блоггер билан суҳбатни BBCUZBEK.COM нинг YouTube даги каналида тингланг

"Қайсидир аризага кўра иш қўзғатилиши керак. Лекин ўша ариза йўқ. Суддагилар аризани топиб беришолмади. Нима асосида қўзғатилгани номаълум. Ким ҳақорат қилингани ва кимни ҳақорат қилганим номаълум бўлса, судни қандай қилиб ўтказасизлар, деб сўрадик. Ўтказаверайлик, суд давомида аниқ бўлади, дейишди" дейди Раҳимжон Турдиев.

Даъвогарсиз ва шикоят аризасиз ўтган маҳкамада ҳакам Жамшид Тиловов 41 - модда бўйича иш қўзғатишга далиллар етарли эмаслигини айтиб, ишни кўриб чиқишни рад этган.

"Судья қўшимча тергов ўтказиш учун прокуратурага ўтказамиз, деди", дейди Раҳимжон Турдиев.

Раҳимжоннинг айтишича, ушбу ҳолат унинг иши ички ишлар вазирлигидан прокуратурага ўтганини билдиради.

Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ўзбекзабон Facebook да анча фаол бўлган блоггер Раҳимжон Турдиев устидан ИИВга арз қилгани ҳақида хабар бергандик.

Диний қўмита блоггер уларни ҳақорат қилганлигини даъво қилган. Раҳимжон Турдиев эса ушбу айбловлар туҳматлиги, у фақатгина диний қўмитага нисбатан танқидий фикр билдирганини айтди.

Навоий вилоят Кармана туман ички ишлар бўлими блоггерга нисбатан маъмурий иш қўзғаганди.

Ички ишлар томонидан очилган ишда блоггер томонидан Дин ишлари бўйича қўмита шаънига ёзилган деб, қуйидаги жумлалалар ҳақорат ҳисобланган.

"Ҳаммасини ҳайдаш керак", "Зўр бўларди", "Аслида бундай бўлмасада лекин бир хурсанд бўламан", "Тўғрисини айтинг жоиз бўлмасада битта мазза қилмасмидингиз","5-размерли памперс секин тўлади".

Ўшанда Ички ишлар бошқармаси Раҳимжон Турдиевдан кечирим сўрашни таклиф қилган, кечирим сўралса энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида жарима солиниши мумкинлиги айтилган.

Блоггер ушбу ҳаракатларни сўз эркинлигини бўғиш ва Президент рухсатидан фойдаланиб жамоатчилик назоратини ўрнатишга ҳаракат қилаётган кишиларга нисбатан тазйиқ қилиш деб билади.

У маъмурий ишни диний қўмитани танқид қилган кишиларни қўрқитиш ва овозини ўчиришга ҳаракат сифатида баҳоламоқда.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek