You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Тошкент аэропортида ҳибсга олинди
Чоршанба куни тонгда Истанбулдан Тошкентга учиб борган таниқли ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурулло Отахонов) Тошкент аэропортида ҳибсга олинган.
Бу ҳақда "Рейтерс" ахборот агентлиги адибнинг аёли Гулнора Отахоновага таяниб хабар тарқатди.
Унинг сўзларига кўра, милиция ходимлари паспорт текширувидан ўтиш чоғида ёзувчининг қўлига кишан солган.
Гулнора Отахонованинг айтишича, турмуш ўртоғи сўроқ қилиш учун ички ишлар идорасига олиб кетилган.
Таниқли ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон охирги бир йилда Туркияда муҳожирликда яшаётганди.
Ўзбек расмийлари уни Каримов бошқарувини танқид қилувчи "Бу кунлар" асари боис "қора рўйхат"га киритгани ва қидирувга бергани хабар қилинган.
Аввалроқ ёзувчининг ўзи "қора рўйхат"дан чиқарилгани ҳақида Фейcбукдаги саҳифасида маълум қилган эди.
У душанба куни ватанга қайтиш қарори ҳақида ҳам Фейcбукда эълон қилган, давлатга қарши эмаслигини айтиб, дўст-ёрларидан дуо қилишни сўраганди.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистон Мусулмонлари диний идорасининг "Ҳидоят" журналига ҳам раҳбарлик қилган.
"Бу кунлар" романида у Каримовнинг диний сиёсати, мусулмонлар ва сиёсий мухолифларга қарши репрессияларни қоралайди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02