ЎФФ расмийларини танқид қилган Вадим Абрамов футболдан четлатилди

Вадим Абрамов

Сурат манбаси, kun.uz

Ўзбекистон Футбол федерацияси таниқли мураббий, айни дамда Фарғонанинг "Нефтчи" клубини бошқараётган Вадим Абрамовни номаълум муддатга футболдан четлатди. ЎФФ қарорида Абрамов "ЎФФ ва ЎзПФЛ ҳамда уларнинг расмийлари шаънига нисбатан нотўғри фикрлар билдирганлиги" учун футболдан четлатилгани айтилди.

16 декабрда қабул қилинган қарор "Оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон футбол федерацияси ҳамда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси томонидан қабул қилинган қарорларни нотўғри талқин қилиниши ҳолатларини олдини олиш мақсадида" қабул қилингани айтилган.

Ундан маълум бўлишича, "Нефтчи" клуби бош мураббийи Вадим Абрамов номаълум муддатга футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан четлаштирилди.

"ЎФФ ва ЎзПФЛ ҳамда уларнинг расмийлари шаънига нисбатан нотўғри фикрлар билдирганлиги, Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича кенг жамоатчилик ўртасида носоғлом фикрлар вужудга келишига сабаб бўлаётганлиги учун "Нефтчи" клуби бош мураббийи Вадим Абрамов номуайян муддатга футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан четлаштирилди", дейилади унда.

ЎФФ хабарида Вадим Абрамовнинг қайси фикрлари уни футболдан четлатишга сабаб бўлгани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Championat.asia сайти мухбири ушбу масала юзасидан Вадим Абрамовга боғланган. Абрамов ўзининг футболдан четлатилгани ҳақида хабари йўқлигини айтган.

Таниқли мураббий ЎФФ қошидаги Профессионал футбол лигасида 15 декабр куни бўлган йиғилишда ўз муносабатини билдирганини айтган.

ЎФФнинг янги президенти Умид Аҳмаджонов ҳозирча футболдаги четлатишлар билан таниқли бўлмоқда

Сурат манбаси, uff.uz

Сурат тагсўзи, ЎФФнинг янги президенти Умид Аҳмаджонов ҳозирча футболдаги четлатишлар билан таниқли бўлмоқда

Бироқ Абрамовнинг ўзи ҳам айнан қайси гаплари футболдан четлатишга асос бўлгани борасида маълумотга эга эмаслигини билдирган.

"Ҳа, шундайми? Биз - футбол кишиларимиз. Футболда ҳар кимнинг ўз фикрини айтишга ҳаққи йўқми? Кеча ПФЛда йиғилиш бўлди. Унда мен ҳам қатнашдим. Бир-иккита гапга ўз муносабатимни билдирдим. Эшитган бўлсангиз керак, кейинги йил олий ва биринчи лигада ўйнаш учун футболчилар норматив топширади. Норматив жуда мураккаб тузилган, уни ҳатто Бобби Чарльтон ҳам топширолмасди. Мен ПФЛнинг баъзи қарорлари бўйича ўз фикримни айтдим, балки биронта гапим ёқмаган бўлиши мумкин", деган Вадим Абрамов.

Вадим Абрамов Ўзбекистонда таниқли мураббийлардан ҳисобланади.

У бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси 2011 йили футбол бўйича Осиё кубоги ярим финалига чиққан.

2014 йил Бразилияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати Осиё қитъаси саралаш биринчи босқичида Абрамов бошчилигидаги жамоа гуруҳда Японияни ортда қолдириб биринчи ўринда иккинчи босқичга чиқди.

2012 йилнинг 3 июн куни Тошкентда Эрон билан кечган муросасиз ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси Эронга 0-1 ҳисобида енгилди. ЎФФ раҳбарияти Абрамовни олиб, ўрнига Миржалол Қосимовни тайинлади.

Ҳамидов

Сурат манбаси, Screenshot

Вадим Абрамов бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг ёрқин ўйини билан мухлислар хотирасида қолган.

Абрамовнинг футболдан четлатилганини футбол мухлислари ва журналистлар салбий қарши олишди.

"Аслида бу қарор ЎФФ футбол соҳасида фаолият юритаётган ОАВнинг оғзини ёпиш учун қўйилган биринчи қадам. Энди бошқаларда очиқ ва ошкора фикр кутишнинг ўзи мантиқсизлик", деб ёзади журналист Фарҳод Норбўтаев.

Таниқли футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов ҳам Абрамовнинг футболдан четлатилгани мавзусига ўз фикрини билдирган.

"Хуллас, норм одамлар четлаштириляпти. Бу, уларнинг позицияси қандайлигини ва дунёқараши қай даражадалигини билдиради. Хотирани ўчириш аппарати топиб, Карленовичнинг терма жамоадаги нурли ўйинларини ҳам эсимиздан чиқаришлари керак. Акс ҳолда, халқ у одамни яхши кўришда давом этаверади", дейди Хайрулла Ҳамидов.

Шу йилнинг сентябр ойида ЎФФни 12 йил бошқарган Мираброр Усмонов ўз лавозимидан кетди.

Ими-жимида ўтказилган сайловда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси вице-президенти, Миллий Паралимпия Уюшмаси раиси муовини ва Тошкентнинг "Пахтакор" клуби вице-президенти Умид Аҳмаджонов футбол федерацияси раҳбари этиб сайланди.

Журналистлар ва мутахассислар учун ушбу ном кутилмаган бўлган.

10 октябр куни эса Ўзбекистондаги клублар ўртасида мусобақага масъул бўлган Профессионал футбол лигаси директорлигига Ўзбекистон жаҳон тиллари универтитетини тамомлаган 33 ёшли Омон Ғофуров тайинланди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002