ЎФФ президенти биринчи имтиҳондан йиқилди

Умид Аҳмаджонов

Сурат манбаси, UFF

    • Author, Саид Чақар
    • Role, Ўзбекистон

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг янги президенти Умид Аҳмаджонов сайлангани (ёки тайинлангани)га бир ойдан ошди. Бу муддат ўзбек футболининг "Пахтакор"дан чиққан янги раҳбари учун ўзини ҳар томонлама (ҳам ижобий, ҳам салбий) кўрсатиш учун етарли бўлди.

Мамлакат Президентига ўхшаган президент

Умид Аҳмаджонов ўз фаолиятини, тахмин қилиш мумкин бўлганидек, ваъдалар бериш билан бошлади. У федерация президентлигига сайланган куниёқ мамлакатда "футболни кўтаришга" сўз берди. "Президент Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда футболни юқори чўққиларга олиб чиқиш учун ҳаракат қиламиз", деди.

Президент Мирзиёевга тақлидан виртуал қабулхона очди. Тўрт устун жиҳат ва беш устувор масаладан иборат ривожланиш дастури - ўзига хос Ҳаракатлар стратегиясини тақдим этди: жумладан, футболдаги коррупция, таниш-билишчиликка уруш эълон қилди, федерация фаолиятини шаффофлаштиришга ваъда берди.

Мирзиёев президентлигининг биринчи йилида ўнлаб вазирлик ва идораларни қайтадан ташкил этди, эски кадрлар ўрнига янги раҳбарлар тайинлади ва янги ташкилотларни тузди, Каримов даврида тугатилганларини қайта тиклади. ЎФФ раҳбари Умид Аҳмаджонов ҳам деярли шу йўлдан бормоқда.

У ўзининг илк матбуот анжуманида ЎФФдаги ходимларнинг 90 фоизи янги бўлишини айтган эди. Федерация сайтида берилган иш ўринлари ҳақидаги эълонлардан англашиладики, юридик бўлиму бухгалтериядан тортиб, боғбону ҳайдовчиларгача алмаштирилмоқда.

Узоқ кутилган истеъфолар

10 октябрь куни ЎФФ тизимидаги асосий ташкилотлардан ҳисобланган Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси (ЎзПФЛ) бош директори Фарҳод Магаметов истеъфога чиқарилгани маълум бўлди. Унинг ўрнига Ўзбекистон Паралимпия ассоциациясида Умид Аҳмаджонов қўл остида ишлаган 33 ёшли филолог Омон Ғофуров тайинланди.

Жамоатчилик Фарҳод Магаметовни бошқарувдаги нўноқликлар, Олий Лига ва Биринчи Лигада савия йилдан-йилга пасайиб бораётгани ва келишилган ўйинлар учун мунтазам танқид қиларди.

"Футболчи Магаметовда ҳимоячи учун нима учун керак бўлса, барчаси мужассам эди. Мураббий Магаметовнинг машғулотларига анграйиб, ҳайратдан бир соат жойимда қотиб қолганимни ҳам эслайман. Аммо уни кабинетга тиқиб қўйишганидан ЎзПФЛ ҳеч нарса ютмади", дейди шарҳловчи Диёр Имомхўжаев championat.asia да эълон қилинган "Омад сизга, Фарҳод ака" мақоласида.

11 октябрь куни ЎФФнинг асосий "чўнтаги" - Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш фонди ижрочи директори ўзгарди. 2013 йилдан бери ташкилотга раҳбарлик қилиб келаётган Фурқат Шарипов ўрнини 30 ёшли молиячи - Шуҳрат Сайдалиев эгаллади.

13 октябрь куни юз берган ўзгаришларни эса Ўзбекистон футбол жамоатчилиги кўпдан бери кутарди. Ўз вақтида ЎФФ вице-президенти, ЎФФ Терма жамоалар маркази директори бўлиб ишлаган Асқар Толибжонов федерацияни тамоман тарк этди. У билан бирга фаолияти давомида бирорта келишилган ўйинни аниқлай олмаган ҳалол ўйинлар учун масъул офицер Аҳрол Иноятов ҳам ишдан олинди.

ЎФФнинг Халқаро бўлими тугатилди, унинг раҳбарлари ишдан олинди. Улар орасида футбол журналистларини "қишлоқи" деб атаган Шерзод Эгамбердиев ҳам бор. У ўз вақтида миллий терма собиқ устози Самвел Бабаянни танқид қилиш эмас, балки унга ҳайкал ўрнатиш кераклигини ҳам даъво қилиб чиққан эди.

Халқаро бўлим ўрнига Халқаро алоқалар бошқармаси ташкил этилди, унга инглиз, ўзбек ва рус тилларида эркин сўзлаша оладиган 30 ёшли халқаро журналист Олим Арифов бошлиқ этиб тайинланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Футзал Ассоциацияси тугатилди. Бу ташкилотга расман бошқа бир киши раҳбарлик қилса-да, амалда мамлакатдаги футзал бошқаруви ЎФФнинг собиқ президенти, сенатор Мираброр Усмоновнинг ўғли Жаҳонгир Усмонов қўлида эди.

Шов-шувли четлатишлар

Шавкат Мирзиёев 2017 йил бошида қатор амалдор, ҳатто ҳокимларни ҳам виртуал қабулхонага келиб тушаётган мурожаатлар, уларнинг сони асосида ё жазолади, ё ишдан олди. Виртуал қабулхонаси бор Умид Аҳмаджонов ҳам шу йўлдан юриб кўрди.

Бухорода 16 сентябрь куни Ўзбекистон чемпионатининг "Бухоро" - "Динамо Самарқанд" ўйини бўлиб ўтди. 0:0 ҳисоби билан тугаган ўйинда баҳсли ҳолат юз берган. Самарқандлик футболчи тўпни қўли билан ўйнагандек кўринган, мухлислар пенальти талаб қилган, бироқ бош ҳакам Рустам Бобомуродов пенальти қўймаган.

20 сентябрь куни эса ҳакам Бобомуродов ЎФФнинг янги президенти топшириғи билан ҳакамликдан бутунлай четлатилди. Федерация матбуот хизмати бу ҳолат бўйича берган изоҳида "сўнгги вақтларда ЎФФ президенти виртуал қабулхонасида Бобомуродовга қандай чора кўрилгани ҳақида мурожаатлар кўпайгани" билдирилди.

Рустам Бобомуродов championat.asia га берган интервьюсида ўша ўйинда пенальти бермай тўғри қарор қабул қилганини, четлатишдан эса тушкунликка тушиб қолганини айтди. "Бу қарор устидан апелляция беришим мумкин, лекин кимга? Дардимни ким эшитади?.. Яна қайтариб айтаман: виждоним тоза ва ўша вазиятда пенальти йўқ эди", деди Бобомуродов.

Кейинроқ 3:3 ҳисоби билан тугаган "Шўртан" (Ғузор) - "Навбаҳор" (Наманган) учрашуви бош ҳаками Олим Толибжонов 10 та ўйинга, "Пахтакор" - "Қўқон-1912" ўйини (2:0 ҳисобида "Пахтакор" ғалаба қозонган) рефериси Вадим Агишев ва унинг ёрдамчилари эса мавсум охиригача четлатилди.

Биргина хатоси учун умрбод четлатилган Бобомуродовдан фарқли ўлароқ, Толибжонов ва Агишев ўзлари бошқарган ўйинлар давомида бир неча бор хатога йўл қўйган, бироқ улар Бобомуродовдан кўра енгилроқ жазо олди.

6 октябрь куни сўнгги йилларда деярли кузатилмай қўйган ҳолат юз берди - Тошкентнинг "Обод" жамоаси Ўзбекистон Чемпионатидан четлатилди. Бунга асос қилиб клубнинг ЎзПФЛдан 112 млн сўм қарз экани, лицензиялаш бўйича бирорта ҳужжатни расмийлаштирмагани, шунингдек, "Сўғдиёна" ва "Насаф"га шубҳали мағлуб бўлгани ҳақида хориж ташкилотидан келган хат кўрсатилди.

"Шубҳали мағлубиятлар" ҳақидаги иддао "Насаф" ва "Обод" томонидан рад этилди. "Биз бундай ўйин ўйнамаганмиз ва ўйнамаймиз ҳам", деди "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев. "Бизни келишилган ўйинда иштирок этди деб айтиш - жамоани ерга уришдек гап. Айтишга осон, лекин қани исбот?", деди "Обод" устози Андрей Демченко.

Эски тос, эски хаммом... ми?

Четлатилганлар орасида энг аламзадаси - "Обод" футбол клуби. Унинг украиналик бош мураббийида эса йўқотиладиган ҳеч нарса қолмаган. Шунинг учун ҳам ЎФФнинг янги раҳбариятига нисбатан энг ўткир танқид ҳозирча айнан унинг тилидан янгради.

"Мен ЎФФнинг янги раҳбарини айбламоқчи эмасман, аммо у ўзини кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Аввалига бир ҳакам четлатилди, кейин иккинчиси. Мана энди "Обод". Бу воқеалар эса одамларда, "мана, федерация ишаляпти-ку!", деган тасаввур уйғотади", деган эди Демченко championat.asia га берган интервьюсида.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келган илк куниданоқ "халқ манфаати - биринчи ўринда" деб келади. ЎФФнинг янги раҳбари ҳам ишқибозларнинг федерацияга бўлган ишончи ва ҳурматини қозониш ниятида эканини, ишқибозлар билан мулоқотга доим тайёрлигини, уларнинг стадионларга келиб футбол томоша қилишлари учун зарур шароитларни яратишини айтган эди.

Ўзбекистон Президенти оддий одам манфаатини биринчи эканини БМТ минбаридан ҳам айтгани билан, пахта мавсумида терилаётган момиқнинг қиймати ўқитувчи-ю шифокорнинг ҳурматидан ортиб кетганига жамоатчилик гувоҳ. ЎФФ президенти ҳам ишқибозлар ишончини оқлашга ваъда бергани билан унинг қўл остидаги ташкилот биринчи шундай имтиҳондан ўта олмади.

Футбол бўйича 2017 йилги Ўзбекистон Кубоги финалига Тошкентнинг икки жамоаси - "Бунёдкор" ва "Локомотив" чиқди. ЎФФ раҳбарияти финални байрамона тарзда ўтказиш мақсадида ўйиндан олдин мусиқий шоу-дастур ўтказишини билдирди. Фақат бир "лекин"и бор. Финал қишнинг бошида, 4 декабрь - иш ҳафтасининг биринчи куни ҳисобланган душанба куни соат 15:00 да бошланади.

"ПФЛда ўзгаришлар бўлаётгани, албатта, мухлислар наздида ижобий фикрлар пайдо қилади. Аммо ислоҳотлар фақат кадрлар билан эмас, ишга, футболга, мухлисларга бўлган муносабатларда ҳам акс этиши керак. Ҳеч кимни танқид қилмоқчи эмасман, балки бундай таклифлар учун ҳали эртадир, ҳақиқатда у ердагилар бу масалалар устида ҳам бош қотиришаётгандир, билмайман. Аммо Ўзбекистон Кубоги финалининг санаси ва қандай кунда ўтказилиши мени яна қўрқитиб юборди", деб ёзади таниқли футбол журналисти Қаҳрамон Асланов Tribuna.uz сайтида эълон қилинган "ПФЛда яна эски тоғорами?" сарлавҳали мақоласида.

Қайд этмоқ керак, Умид Аҳмаджонов нафақат футбол мухлислари учун томоша шароитларини яхшилашга, балки терма жамоани 2020 йилги Токио Олимпиадаси футбол мусобақаси ва 2022 йилги жаҳон чемпионатига олиб чиқишга ҳам ваъда берган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02