Ўзбекистонда Қуръон курслари ташкил қилинади

Ўзбекистон мусулмонлар диний идораси ўз тасарруфидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида Қуръони карим ва тажвид ҳамда араб тилидан пуллик курсларни ташкил қилади. Олти ойлик курсларнинг тўлов миқдори 1,5 миллион сўм этиб белгиланган.

Ўқув курслари маҳаллий ҳокимиятлар билан келишилган ҳолда ташкил қилиниши айтилган. Ҳар бир гуруҳда 15 талаба илм олиши ҳамда гуруҳлар сони 4 тадан оширилмаслиги кераклиги кўрсатилган.

13 ноябр куни чиқарилган буйруқда айтилишича, ўқув курслари шу йилнинг 1 декабридан бошланади. Унда ўқиш истагини билдирган фуқаролар кетма-кетлиги асосида гуруҳлар ташкил этилади.

Ўзбекистонда 9 та мадраса ва иккита Ислом олий билим юрти бор.

Жиззах, Сирдарё, Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё, Навоий вилоятларида мадрасалар йўқ.

Мусулмонлар диний идораси томонидан чиқарилган буйруқда уни назорат қилиш идора раиси ўринбосари Абдулазиз Мансуров зиммасига юкланганлиги кўрсатилган.

Би-би-си Абдулазиз Мансур билан боғланди. У киши ушбу буйруқни энди қўлига олганини билдирди.

"Пуллик курслар очилибди, буйруқ менга энди етиб келди. Ҳали танишиб чиқишга улгурмадим. Бугун беришди менга. Менга келишдан олдин сизларга етиб борибди. Ўзи буйруқ бугун чиқарилган экан", дейди Абдулазиз Мансур.

Бундан олдинроқ Мусулмонлар диний идораси Facebook, Instagram ва Youtubeда диний-маърифий дарслар йўлга қўйган эди.

Ҳафтада уч кун кун душанба, сешанба ва чоршанба кунлари тафсир, ақида, фиқҳ, ҳадис шарҳи, тажвид ва араб тили фанларидан онлайн дарслар олиб борилиши айтилган.

Ўзбекистонда Президент алмашгач ҳукуматнинг Ислом динига бўлган муносабати ўзгаргани айтилади.

Президент Мирзиёев чиқишларида Ўзбекистонда Қуръон илми кенг ўргатилиши ва ҳар бир тумандан юзлаб қорилар чиқиши кераклигини урғулаган.

Шу кунларда Тошкент масжидларида Каримов даврида тақиқланган азон товушлари овоз кучайтиргичлар орқали чақирила бошланган.

Тошкент халқаро аэропортида ёпиб қўйилган намозхона қайта очилган.

"Биз қандай ўзгаришлар бўлишини олдиндан билмаяпмиз. Муҳтарам Президентимиз ўзлари бу соҳада анча йиллик тажрибалари бор. Нима қилиш керак, нима янгиликлар қилиш керак., ўзлари билиб қиляптилар. Бу қилаётган янгиликлари ҳаммага маъқул келяпти. Айниқса диний соҳага ҳам эътибор бериб, шундай азиз вақтларини ажратиб ҳадис, калом, тасаввуф, фикҳ, ақоид мактаблари очилди. Яхши умид қилиб тураверишимиз керак. Нима керак бўлса, вақтни, замонни, Ҳақнинг тақозасига қараб янгиликлар бўлаверади деган умиддамиз", дейди Абдулазиз Мансур.

Ярим йиллик Қуръон курсларининг нархи 1,5 миллион сўм (187 доллар) қилиб белгиланганлиги баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.

Эътироз билдирувчилар ушбу сумма камбағаллар учун қимматлик қилиши мумкинлигини айтган.

Унга қарши бўлганлар эса пуллик бўлса ҳам бундай курсларнинг барча учун очилаётгани қувонарли ҳолат эканлигини билдиришган.

Мутахассисларнинг айтишича, Ўзбекистонда диний идора давлатдан ажратилган ва ўзини ўзи маблағ билан таъминлайди.

"Мадрасалардаги мударрисларнинг маошларини ҳам диний идора у ерда ўқиётган талабаларнинг контракт пулидан олиб тўлайди. Қуръон курсларига белгиланган нарх ҳам ўша ҳаражатларни эътиборга олиб белгиланган бўлиши мумкин", дейди мадрасада сабоқ берган мутахассислардан бири.

Ўзбекистонга қўшни Қозоғистонда деярли ҳар бир масжид қошида Қуръон курслари ташкил қилинган.

Бу курсларда истаган одам келиб, текинга таълим олиши мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02