Рамзан Қодиров Ўзбекистонга сафар қилмоқда

Чеченистон президенти Рамзан Қодиров Ўзбекистонга икки кунлик ташриф билан келган.

Чеченистон раҳбарининг вебсайтидаги расмий ахборотга кўра, Рамзан Қодиров Ўзбекистонга илк ташрифини марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қабрини зиёрат қилишдан бошлаган.

Info.islom.uz сайти чоп этган суратларда Рамзан Қодиров Тошкентнинг "Кўкча"да қабристонида дафн этилган Шайхнинг қабри устида тиловат қилаётгани ва унинг яқинларини зиёрат этаётгани акс этган.

Чеченистон раҳбарининг расмий вебсайтида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Чеченистоннинг биринчи президенти ва Россия қаҳрамони Аҳмад Қодировнинг устози ҳамда яқин дўсти бўлгани таъкидланади.

Зиёрат чоғида Рамзан Қодировга Ўзбекистон ҳукуматининг юқори мартабали мулозимлари ҳамроҳлик қилган.

Расмий хабарда айтилишича, Рамзан Қодиров Президент Шавкат Мирзиёев билан ҳам учрашади ва икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади.

Бу Чеченистон раҳбарининг Ўзбекистонга илк ташрифидир.

2015 йил мартида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафот этган пайт Рамзан Қодиров ҳамдардлик билдириш учун бир неча ўн кишилик ҳукумат ҳайъати ва ўзининг яқинларини йўллаганди.

Ўшанда Чеченистон раҳбарининг ташрифи президент Ислом Каримов томонидан исталмагани учун унинг ўзи Тошкентга келмагани айтилган.

Каримовнинг вафоти ортидан Россия, жумладан унинг минтақалари ва Кремлга яқин ишбилармонлар билан алоқалар кучайган.

Ўтган ҳафта "Ўзбекистон ҳаво йўллари" асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг шахсий самолётини Президент Шавкат Мирзиёев учун ижарага олганини маълум қилган эди.

Миллий авиакопманиянинг баёноти Би-би-сининг Президент Мирзиёев АҚШ ва Сочига россиялик ишбилармоннинг самолётида учиб боргани ҳақидаги текширувлари ортидан янграган.

Бу ижтимоий тармоқларда давлат раҳбарининг хавфсизлиги ва эҳтимолий коррупция билан боғлиқ саволларни келтириб чиқарган.

Россиянинг ўзи ва ғарбда зиддиятли раҳбар сифатида кўриладиган Рамзан Қодиров Ўзбекистонда энг таниқли хорижий сиёсатчилардан бири саналади.

Ижтимоий тармоқларда кўплаб ўзбекистонликлар Қодировни Ислом динининг ҳимоячиси ва ғарбга майдон ўқийдиган раҳбар сифатида олқишлайдилар.

Россия мухолифати эса Рамзан Қодировни Чеченистонда Ислом шариатига асосланган ярим мустақил ва феодал давлат барпо этиш ҳамда сиёсий қотилликларга алоқадорликда айблайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02