You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Самарқандда терговчилар 8 яшар қизчани "зўрлаш билан таҳдид қилган"
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида айбланувчилар терговчилар томонидан қийноқлар ва даҳшатли таҳдидларга учраганини даъво қилишган. Би-би-си Ўзбек хизматига маълум бўлишича, айбланувчилардан бири қоғозга қўл қўйиш учун 8 ёшли қизини зўрлаш билан таҳдид қилингани ҳақида гапирган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида янги туғилган чақалоқларнинг чала куйдирилган жасадлари юзасидан маҳкама давом этмоқда.
Маҳкамада айбланувчилар айбларни рад этишган ва тергов давомида қийноқлар туфайли иқрорлик кўрсатмаларига имзо чекишганини айтган.
Судланаёттган аёллардан бири судяга терговчилар томонидан қийноқларга тутилганини гапирган. Ҳатто саккиз ёшли қизини олиб келиб зўрлаш билан таҳдид қилишган.
"8 ёшли қизчани онангни кўрсатамиз деб милиция ходимлари акаси билан Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармасига олиб келган. Акасини бошқа камерага олиб қизчани онасининг олдига олиб кирган. Кейин онасига қараб иқрорлик кўрсатмаларига қўл қўймасанг, кўз олдингда қизингни ечинтириб зўрлаймиз деб таҳдид қилишган. Аёл қўрқиб кетганидан айбловномага қўл қўйиб берган", дейди суд жараёнидан яқиндан кузатаётган Би-би-си манбаси.
Бир ҳолатда яна бир судланувчининг талаба қизини онасига босим ўтказиш учун ҳеч қандай расмий айбловларсиз бир неча кун қамоқда ушлашган ва дўппослашган.
Ушбу таҳдид ҳақида судяга мурожаат қилинганида ҳакам нима учун қийноқлар ҳақида прокурорга мурожаат қилмагансизлар, деб жавоб берган.
"Қандай қилиб прокурорга мурожаат қилади. Чунки уларни қийнаётган одам ўзи терговчи бўлса. Шикоят қилган вақти терговчи аёлни юзи аралаш урганини ҳам судяга айтган", дейди суҳбатдошимиз.
Айбланувчиларнинг яқинлари тергов жараёнида қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида Президент порталига мурожаат қилган. Бироқ одатдагидек қилинган шикоят қийноқ қўллашда даъво қилинган прокуратурага юборилган.
Қийноқлар бўйича Бош прокуратура томонидан берилган жавоб хатида терговнинг бориши ҳақида Бош прокуратура томонидан назоратга олингани ва "ножўя ҳаракатлар" йўқлиги айтилган.
"Мурожаатингизни ўрганиш давомида, Самарқанд вилоят прокуратураси ходимлари томонидан ножўя хатти-ҳаракатлар содир этилгани аниқланмади", дейилади Прокуратура органлари тергов тармоқлари фаолияти устидан назорат бошқармаси бошлиғи томонидан ёзилган жавоб хатида.
"Шикоятимиз бўйича Тошкентдан махсус одам келган. Лекин айбланувчиларни бир кун олдин янада қаттиқроқ қўрқитишган. Агар қийноқлар бўлди, деб айтсанг бундан бадтар қиламиз, дейишган. Кейин яқинларимиз текширувчига қийнашмади, деб айтишга мажбур бўлишган", дейди Би-би-си манбаси.
Би-би-си ушбу даъволарни тасдиқлатиш учун жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судига мурожаат қилди. Раис ўринбосари Акбар Туропов ушбу масаладан хабари борлигини айтди, аммо гўшакни қўйиб қўйди.
Раис ўринбосари билан боғланишга қилган кейинги уринишлар бесамар кетди.
"Энг катта ўғрилар - прокурорлар"
Президент Шавкат Мирзиёев 2 август куни ўтказилган видеоселекторда прокуратура ходимларини қаттиқ танқид қилган. У олдинги тизимдан қолган прокурорларнинг 80 фоизини бўшатганини ва охиригача ўзгартиришни ваъда берган. У прокурорларни ёмон кўришини билдирган.
"Мен ўзи прокурор деган одамни, кечирасизлару, жуда ёмон кўраман. Буни очиқча айтяпман, нимага десангиз мен район ҳокими бўлганман, вилоят ҳокими бўлганман. Бу ноинсофларни ғўддайишини, прокурорча бўлиб дарров юриши ўзгариб қолишини, одамни менсимаслигини жуда яхши биламан. Ўзи энг катта ўғри улар". - деган у.
Президентнинг прокурорларни танқид қилган аудио ёзуви интернетга сиздирилган. У олдинги Бош прокурордан қолган тизимни ахлатга тенглаштирган.
"Мана биз янги Бош прокурор қўйдик, 80 фоиз одамни ўзгартирдик, олдинги қолган ахлатдан, олдинги тизимдан, Бош прокурор қолдирган ўғри тизимидан 20-15 фоиз одамлар юрибди. Барибир ўзгартирамиз охиригача. Ё прокурор ҳалол бўлиб ишлайди, ё умуман прокуратурани йўқ қиламиз", - деган Президент.
Президент айрим прокурорларни "аҳмоқ" деган ва фамилиясини ҳам тўғри ёзолмаслигини айтган. Мирзиёев давлат олдида ҳеч ким авторитет бўлмаслигини ва фақат халқ авторитет эканлигини таъкидлаган.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02