Тошкентдаги "рекорд палов" ур-йиқитга сабаб бўлди
8 сентябр куни Тошкент шаҳрида марказий йўлларни ёпиб ўтказилган Ўзбегим миллий фестивали одамларнинг ур-йиқитига сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган тасвирларда оломоннинг текин мева ва палов олиш илинжида бир-бирини эзаётганини кўриш мумкин.
Видеолардаги бақир-чақирданодамлар орасида ёш болаларнинг ҳам борлигини билиш мумкин.
Тадбирни ёритган блоггерларнинг ёзишича, ташкилотчилар сайл тарзида ташкил қилинган фестивални тўғри ташкил қила олмаган.
"Бир томондан фестивални ҳамма жойда реклама қилишди. Бироқ у ерга кириш учун эса фақат элчихонадан виза талаб қилинмади холос", - деб ёзади Facebook да 80 мингдан ортиқ ўқувчисига эга Troll.uz саҳифаси асосчиси Умид Гафуров.
170 минггга яқин аъзоси бор Потрибитель.уз саҳифасидан Лилия Николенко у берган эълонни ўқиб тадбирга борганлардан узр сўради.
Унинг ёзишича, тадбирнинг ёпиқ бўлиши ҳақида расман хабар берилмаган. Сайлгоҳга эрталабки соат 10 да етиб борган Николенко у ерда интернет ўчирилгани боис кириш чегараланганини маълум қилишнинг имкони бўлмаганини ёзди.
"Ҳаммамиз ичкарига одамларни қўйиб юборилиши ҳақида расмий хабарни кутдик. Соат 12:00, 15:00 ёки 18:00 да қўйиб юборишади, деб умид қилдик. Соат 17:00 да Тошкент шаҳар ИИББ вакилидан сўраганимда у одамларни киритмаслик буйруғи ички ишлар бош бошқармасидан келганини айтди", деб ёзади у.
Тадбир ташкилотчиси бўлмиш MilliyTV билан боғланишнинг имконияти бўлмади.
MilliyTV нинг Facebookдаги саҳифасига норози оҳангда қолдирилган изоҳларга масъуллар жавоб бермаган.
Тошкентда тайёрланган дунёдаги энг улкан 7360 кг келувчи палов Гиннес Рекордлар қўмитаси томонидан расман рўйхатга олинди.
Ушбу палов Гиннес рекордлар китобига кирган биринчи ўзбек миллий таоми бўлди.
Ўзбекистон пойтахтидан олинган хабарларга кўра, уни тайёрлаш учун 50 нафар ошпаз 6 соат вақт сарфлашган.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
