You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Спектакль судда сўнгги сўзлар
Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг эътиборини ўзига жалб қилган Тошкентдаги маҳкамада айбланувчиларга сўнгги сўз берилган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 12 киши устидан кўриб чиқилаётган маҳкаманинг 26 апрелдаги мажлисида айбланаётганлардан 11 нафари сўзлаганлар.
12 айбланувчига Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш, "Ҳизбут-Таҳрир" ноқонуний диний ташкилотига аъзолик, жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш сингари диний-сиёсий айбловлар илгари сурилган.
Айбланаётганларнинг қамоққа олиниши, дастлабки тергови ва суд жараёнларини кузатаётган норасмий Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи хабар тарқатишича, сохта жиноят иши Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси ходимлари томонидан 2016 йилнинг августида қўзғатилган.
Октябрь ойида эса тергов учун Миллий Хавфсизлик хизмати республика идорасига ўтказилган.
Суд шу йилнинг февралида бошланган.
Маҳкамадаги сўнгги сўзларида айбланувчилар ўзларининг "Ҳизбут-Таҳрир"га аъзоликларини, жиноят иши бўйича ўзларига қўйилган бошқа айбловларни инкор этганлар.
Ҳунарманд усталар, синфдош ва курсдошлардан иборат гуруҳнинг ягона "айби" - «пул йиғиб "гап ўйнаганлари" эканини айтганлар.
"Гап" Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида, хусусан, Тошкент шаҳрида дўстлар, ҳаммаслаклар, ҳамкасблар муайян вақтда йиғилиб зиёфат ва бошқа кўнгилочар тадбирлар уюштириб, жамоавий ҳордиқ чиқариш шаклидир.
Тошкентда суди бўлаётган инсонлар ҳам 20-22 кишидан иборат "гап"ни анча йиллардан буён ташкил қилиб келганлар.
Ораларида ҳунармандлари ҳам бўлган инсонлар ҳар ойда 500 минг сўмдан "чёрная касса" ўзаро молиявий ёрдамини ташкил қилганлар.
Тўпланган маблағ тўй тайёргарлиги ёки ногирон болалар даволаниши сингари "Гап"нинг ўта муҳтож иштирокчисига берилган.
12 айбланувчидан бири Ҳусниддин Иноғомовнинг онаси Шоҳида Иноғомованинг айтишича, ногирон невараси учун эшитиш аппарати ана шу "чёрная касса" маблағидан харид қилинган.
Суддаги кўрсатмалари пайти айбланувчилар қийноқлар остида айбларни ўз бўйниларига олишга мажбур бўлганларини айтганлар.
1 киши сўнгги сўзини айтмаган, бу одам Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тахминича, МХХ провокатори бўлган.
Ташаббус гуруҳи Тошкентдаги маҳкамани "спектакль суд" деб атаган.
Кейинги маҳкама 5 май кунига режалаштирилган.
Шундан сўнг суд ҳукми кутилади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг