You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон-Тожикистон: Чорак аср деганда илк парвоз
Ҳаво йўли орқали икки давлат пойтахтини қайта бир-бирига боғлаган илк парвозни Тожикистоннинг "Сомон Эйр" ҳаво ширкати амалга оширган.
Тожикистон учоғи бугун тушга яқин Тошкентга бориб қўнган.
Расмий хабарларга кўра, бу - техник рейс бўлган.
Бу икки қўшни давлат ўртасидаги мунтазам парвозлар эса, 20 февралдан бошланади.
Аммо ҳозирча ҳафтасида бир марта - ҳар душанба кунлари амалга оширилади.
Шу йил март ойи охиридан бошлаб эса, "Сомон Эйр" Душанбедан Тошкентга амалга ошираётган рейслар сони яна биттага кўпаяди.
Ўзбекистон пойтахтига бориш истагида бўлган йўловчилар пайшанба кунлари ҳам бу ҳаво ширкати хизматидан фойдаланишлари мумкин бўлади.
Аён бўлишича, кейинчалик Тожикистондан Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига ҳам парвозлар уюштириш режаси йўқ эмас.
"Тарихий парвоз"
"Тарихий парвоз"ни амалга оширган учоқнинг дастлабки йўловчилари асосан ҳаво ширкати масъулларининг ўзлари бўлишган.
Улар билан бирга Тошкенга бир гуруҳ журналистлар ва 14 нафар оддий тожикистонликлар ҳам учишган.
Жаъми йўловчиларнинг сони 50 дан ортиқ бўлган.
Хабарларга кўра, улар пойтахт Тошкентда тўғридан-тўғри ўзаро парвозларни тўлиқ қайта йўлга қўйиш билан боғлиқ қолган расмиятчиликларни ҳал этиб олишади.
Учоқ ортга - Тожикистон пойтахтига маҳаллий вақт билан кечки соат 18:00 дан қайтади.
Душанбедан Тошкентга парвозлар маҳаллий вақт билан эрталабки соат 10:00 да амалга оширилади.
Парвоз вақти эса, 45 дақиқани ташкил этади.
Аввалроқ бир томонлама чипта нархининг 1164 сомоний ($140 доллар) бўлиши айтилган.
Тўғридан-тўғри ҳаво парвозларининг қайта йўлга қўйилиши ва ҳафтасига икки марта амалга оширилиши ҳар икки давлат фуқаролари учун сафар машаққатларини анча енгиллаштириши кутилмоқда.
Аммо учоқ чиптаси қиймати аллақачон оддий тожикистонликлар орасида яхшигина норозиликларга ҳам сабаб бўлиб улгурган.
Улар турли интернет нашрлари ва ижтимоий-мулоқот тармоқларида қолдирган фикрларида бу каби қийматдан ўз тушунмовчиликларини изҳор этишган.
Қандай қилиб бу икки қўшни давлат ўртасидаги бор-йўғи 45 дақиқалик парвоз учун чипта қиймати "бу қадар қиммат" бўлиши мумкинлигини ақлларига сиғдира олмаётганликларини айтишган.
Ўзаро алоқалар
Таъкидлаш жоиз, қарийб чорак асрлик вақт давомида бу икки қўшни давлат ўртасида ҳаво ва автобус қатнови бўлмаган.
Тожикистондаги сўнгги фуқаролар уруши ва икки давлат ўртасида вужудга келган сиёсий тангликлар боис, тўғридан-тўғри парвозлар 1993 йилда тўхтатиб қўйилган.
Томонлар ҳаво парвозларини ўтган йил ноябрь ойида, Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг ўлимидан икки ойча ўтиб, келишиб олишган.
Ҳали муваққат президент экан, Ўзбекистоннинг амалдаги янги раҳбари Шавкат Мирзиёев қўшни давлатлар билан алоқаларни яхшилаш истагида эканликларини айтган.
Ўз ташқи сиёсатларида энг бирламчи эътиборларини минтақа мамлакатларига қаратишларини баён қилган.
Расмий Тошкент томонидан ўтган бир неча ойнинг ўзида бу йўлда қатор ижобий қадамлар қўйилган, аммо Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида амалда бўлган виза тизими ҳалича бекор қилинмаган.
Ўтган ой ўрталарида "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиаширкати Бош директори Валерий Тян ўзлари ҳам тез орада Тожикистонга парвозларни йўлга қўйиш истагида эканликларини маълум қилган.
"Сомон Эйр" жорий пайтда пойтахт Душанбедан дунёнинг қатор давлатлари: Германия, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Хитой, Россия ва Қозоғистонга ўз парвозларини муваффақиятли равишда амалга ошириб келади.
Тожикистоннинг бу ҳаво ширкати ўз ихтиёрида "Боинг 737-300, -800 ва -900" каби йўловчи ташувчи қатор замонавий учоқларга эга.
Тожикистонлик ёзувчининг Тошкент-Ленинобод парвозлари ҳақида хотираси: "Йигирма дақиқада уйга етардик..."
Тошкентда ӯқиб юрган пайтимда Тошкентдан Ленинободга самолёт -учоқда бориб келардим. Агар учоқнинг ӽавога кӯтарилиши ва ерга қӯниш вақтини ҳисобга олмаса, йигирма дақиқада манзилга етардик. Чипта нархи ӽам қиммат эмас эди. Тӯрт сӯм. Биз талабалар учун чиптанинг ярим нархи олинарди. Яъни Тошкентдан уйга - Хўжандга борадиган бӯлсам, 2 сӯмга чипта сотиб олардим.
Ӯша пайтлар Ленинобод - Тошкент йӯналишида кӯпроқ Ан-24 самолёти парвоз қиларди. Гарчи шовқини бирмунча кучлироқ бӯлса-да, у ӯз даврининг ишончли учоқларидан бири эди.
Тошкентда ӽам, Ленинобод, яъни ӽозирги Хўжандда ӽам аэропорт, яъни қӯналғага кириб чиқиш жуда осон эди. Чиптангиз ва ӽужжатингиз бӯлса, бӯлгани, назоратчилар уни бирров кӯришарди-да, ӯтказиб юборишарди. Мен бирон йӯловчини узоқ ушлаб қолишганини кӯрган эмасман.
Ленинободдан Тошкентга, Тошкентдан Ленинободга кунига уч мартадан самолётлар парвоз қиларди. Эрталаб, тушда ва кечқурунлари. Кӯпинча одамлар қайтиш чипталарини ӽам сотиб олиб, тонгда самолётга чиқиб, Тошкентда ишларини битиришгач, кечқурунги рейсда қайтиб келишарди.
1981-йилда Москвадан уйга қайтаётиб, Москва-Ленинобод самолётидан қолиб кетибман. Москвадан Домодедовога таксида борган бӯлсам-да, кечикибман. Ӯша куни Ленинободга бошқа рейс йӯқ. Суриштирсам, Тошкентга самолёт бор экан ва бахтимга чипта ӽам бор экан. Хуллас, кечикканим учун жарима пулини тӯлаб, Тошкентга чипта сотиб олдим. Тошкентга етиб олганимиздан сӯнг, вокзал томонга жӯнадим. Кечки поездда Ленинободга етиб бордим. Гарчи беш-олти соат ӯтмасдан Ленинобод вокзалига тушган бӯлсам-да, поезд жуда имиллаб юргандек туюлди. Чунки йигирма дақиқада Ленинободга етказиб қӯядиган самолётга ӯрганиб қолган эдим-да!
Талабалик пайтимда поездга камдан-кам чиқардим. Поезд не, автобусда ӽам жуда оз кетардим. Бӯлмаса, ӯша пайтлари автобус Тошкентдан йӯлга чиқса уч соат деганда Ленинобод автовокзалига кириб борарди. Автобус чиптасининг нархи самолётникидан арзонроқ эди. Уч сӯм эллик тийин!
Ленинободдан фақат Тошкентга эмас, балки Ӯзбекистоннинг бошқа шаӽарларига ӽам самолётларнинг мунтазам парвози йӯлга қӯйилганди. Навоийга, Самарқандга учадиган учоқлар ӽам йӯловчилар билан тӯла бӯларди.
Мен орадан 23 йилдан кӯпроқ вақт ӯтгандан кейин Душанбедан Тошкентга гарчи ӽозирча техник парвоз ӽисобланса-да, йӯловчи ташиш самолёти учганини эшитиб хурсанд бӯлдим. Бир мен эмас, жуда кӯпчилик бу хабардан қувонди. 20-февралдан бошлаб икки қӯшни мамлакат пойтахтлари орасида мунтазам парвоз йӯлга қӯйилар экан.
Кӯплар қатори менда ӽам янги бир умид пайдо бӯлди. Балки кӯп вақт ӯтмасдан Хўжанд ва Тошкент, Хўжанд ва Самарқанд ӯртасида йӯловчи ташиш самолётлари парвоз қила бошлар. Умидсиз шайтон дейдилар.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBC UZBEK
- Facebook- BBC UZBEK
- Google+ BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype - bbcuzbekradio
- bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг