Тошкентда прописка қилинадиганлар рўйхати қисқарди

Муваққат президент Шавкат Мирзиёев прописка билан қонунчиликка ўзгартириш киритиш ҳақидаги ҳужжатни 23 сентябрда имзолади.

Янги ўзгартиришларга мувофиқ, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатда турган инсонларнинг ўз қариндошларини пропискага қўйишлари мураккаблаштирилган.

"Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 14 сентябрдаги қонуни билан тасдиқланган "Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати изоҳи"да "рўйхатнинг 2, 3, 5, 9-12 бандларига мувофиқ, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган фуқароларнинг қариндошлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинмайди", деб қайд этилган.

Ўзбекистон пойтахтидаги прописка мавзуси Интернет социал тармоқларидаги сўнгги кунлардаги энг қизғин муҳокама қилинаётган мавзуга айланган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўзларининг қайси тоифага киришларини, бу бандлар ўзларига таалуқли ёки йўқлигини баҳс қилмоқдалар.

Эндиликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискада бўлганларнинг фақат эри ёки хотини, вояга етган турмуш қурмаган фарзандлари, ўзаро ва ёки илгариги никоҳдан дунёга келган вояга етмаган фарзандлари ҳамда асраб олинган фарзандларигина доимий пропискадан ўтишлари мумкин.

Бундан аввал бир инсон Тошкент шахри ёки вилоятида пропискага қўйилганидан сўнг унинг биринчи ва иккинчи даражали қариндошлари ҳам доимий прописка олиши мумкин эди.

Эндиликда рўйхатнинг 2-банди бўйича, Тошкент ва Тошкент вилоятига доимий пропискага қўйилувчи фуқаронинг қуйидаги қариндошларигина пропискага қўйилиши мумкин: унинг рафиқаси, оила қурмаган (уйланмаган ва турмушга чиқмаган) вояга етган фарзандлари ҳамда эр-хотиннинг биргаликдаги ва (ёки) илгариги никоҳидан туғилган ёхуд никоҳсиз туғилган вояга етмаган болалари, шунингдек асраб олинган фарзандлар.

Албатта бундай янгилик кўплаб "прописка" илинжида юрган ўзбекистонликларнинг эътиборини тортган.

Ижтимоий тармоқларда ҳам мана шундай баҳслар кузатилади:

Zulya Emirzakovaушбу ўзгартма конституцияга зид эканлигини эслатиб ёзади: "Конституцияда эса умуман бошқача талқин, тил ожиз."

Hakimjon Madaminov "Прописка ва паспорт назорати - қонун қабул қилувчи шахслар учун шармандадир, ўз халқи эркинлигининг ахмоқона дискриминацияси."

"Ўзбек бўла туриб ўзимизи шаҳримизга поопискада туриш қийин бўлса буни нима дейиш керак. Келажак ўсиши учун ҳам йўлни очиб қўйиш керак, инсонларга осонлик яратиш керак, деб ўйлайман," деб ёзган Шаҳноза Абдуллаева.

Aleksandr Sheremetev фикрига кўра: "Тошкент ва Ўзбекистон бу 2 алоҳида мамлакатдир. Қўшимча қилиб Тошкент атрофини худди Берлин каби девор билан ўраб олиб ичкаридан назорат-кузатув минораларини ўрнатиш керак."

Шаҳноза Абдуллаева: "Аҳолига шароитни яхши қилиб қўйса ҳеч ким Тошкентга кўчиб кетмайди, албатта. Свет, газ, яхши бўлса ким кетади ўз туғилиб ўсган жойидан!!!!"

Худди шу фикрни El'nora Madjanova ҳам билдирган: "Вилоятларда яшаш тарзини максимал тарзда яхшилаш керак, иш билан таъминлаш керак, шундагина бу муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлади."

Айрим фойдаланувчилар эса бу янгиликдан мамнун кўринади:

"Ва ниҳоят тўғри қарор қабул қилинибти," деб ёзган Dilbar Isayeva.

Irosh Khasanova: "Тошкент резинадан ясалмаган."

Faina Babickova: "Жуда яхши. Шаҳар келгиндилардан тозаланади."

Мадина Ишкуватова: "Тўғри қилишибти. Бу қонунни аввалроқ киритиш керак эди."

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.