Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 24 Ноябр, 2008 - Published 18:39 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони - журналист Сергей Ежков
Сергей Ежков ҳукумат унинг танқидларига нима учун тоқат қилаётгани ҳақида ўз қарашига эга
BBCUzbek.com ўқувчиларининг саволларига тошкентлик журналист, "Узметроном" интернет нашри Бош муҳарири Сергей Ежков жавоб беради.

Сергей Ежков 1953 йилда Москва остонасида дунёга келган.

Туғилган жойини тасодифий, деб атайди.

Унинг айтишича, бобоси, бобосининг бобоси, шунингдек, она томондан ҳам икки авлод нарёғидаги аждодлари Тошкентда яшашган.

Тошкентдаги 110-ўрта мактабни битирган.

Журналист айни мактабда россиялик ўзбек миллиардер Алишер Усмонов ҳам таҳсил олгани ва мактабни бир йилда тамомлашганини алоҳида хотирлайди.

Аммо Сергей Ежковнинг сўзларига кўра, бўлажак миллиардер билан танишлиги шу ерда ниҳоясига етади.

Унинг ўзи 1970 йилда аввалига Тошкентдаги ҳарбий билим юрти, кейин эса матбаа техникумларига ўқишга киради, аммо ҳар икки билим юртидан ҳам ҳайдалади.

Ҳайдалиш сабабини "ялқовлик" деб изоҳлайди.

Ҳарбий хизматдан сўнг аввалига Тошкентдаги рўзномалардан бирига ишга жойлашади, кейин эса Тошкент Давлат Университетининг журналистика факультети сиртқи бўлимига ўқишга киради.

Собиқ Компартия, кейинроқ эса Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг рус тилидаги етакчи нашри бўлган "Правда Востока" рўзномасида хизмат қилади.

1990-йиллар ўрталарида айни рўзноманинг ҳуқуқий бўлимини бошқарган Ежков ижтимоий, ҳуқуқий мавзудаги бир қатор чиқишлари билан танилади.

Жумладан, ҳукумат нашрида куч тизимларининг фаолияти танқид қилинган мақолаларни эълон қилади.

2006 йил бошларида рус тилидаги "Uzmetronom.com" интернет нашрига асос солади.

"Узметроном" ўзбек ҳукумати ҳақида кескин танқидий чиқишларга ўрин беришига қарамай, таҳририяти Ўзбекистон ичкарисида бўлган ягона нашрдир.

Сергей Ежковнинг ўзи Ўзбекистон ҳукумати бу каби нашрга қандай тоқат килаётгани ҳақида ўқувчилар ва ҳамкасбларида саволлар пайдо бўлишини "табиий", деб атайди.

Ежковнинг сўзларига кўра, "Узметроном" унинг учун "ўз фикрини ифода қилиш имконияти"дир.


Би-би-си: Лондондан Хенри исмли тингловчимиз "Узметроном"нинг инглиз тилидаги нашрини йўлга қўйиш режангиз борми?", деб сўрабди, марҳамат.

Сергей Ежков: Режалар бор, аммо ҳаммаси молияга бориб тақалади. Гап шундаки, "Узметроном"ни ҳеч ким молияламайди. Мен ҳеч қандай грант олмайман. Шундай бўлса ҳам, инглиз тилидаги нашрни йўлга қўйиш режаси бўлган. Чунки ўқувчилар доираси тобора кенгайиб бораяпти.

Би-би-си: Ўзбекистондан Сайид Охун иcмли ҳамкасбингиз сўрабди: "Сизнингча, журналист ким, у ҳокимиятнинг қўлидаги қуролми, сиёсий фитначиларнинг қўлида ўйинчоқми?. Умуман, унинг асл бурчи нима? Ва Ўзбекистон шароитида журналист ким, деб биласиз?".

Сергей Ежков: Журналистнинг бурчи униси ҳам, буниси ҳам эмас. Журналистнинг бурчи жамиятда, мамлакатда ва дунёда бўлаётган воқеаларга кўзгу тутиш ва жамоатчиликни воқеа-ҳодисалардан огоҳ этиш. Ҳамкасбимиз берган тавсифга келсак, ҳа, Ўзбекистонда ҳукуматга хизмат кўрсатадиган журналистлар бор, бундан ташқари яна бизнес ва алоҳида сиёсатчиларга хизмат кўрсатадиган журналистлар бор. Умуман олганда, Ўзбекистон бу борада истисно эмас. Бундай тоифадаги журналистлар бошқа мамлакатларда ҳам бор. Журналистиканинг ўзига келсак, бугунги Ўзбекистондаги журналистика бу, шубҳасиз, ҳокимият журналистикасидир. Бунга ҳеч ким шубҳа қилмайди.

Би-би-си: Тоҳир исмли ўқувчимиз "сиз ўзингизни жасур журналист деб ҳисоблайсизми ёки қўрқоқ" қабилида савол берибди...

Сергей Ежков: Билмайман. "Жасур" ёки "қўрқоқ" деган тоифа... Биласизми, журналистика мен учун бир кўнгилхушлик, гардкам... Дейлик, худди "рус рулеткаси"га ўхшаган. Албатта, Ўзбекистонда оғриқли масалаларни кўтарган ҳар қандай журналист ҳокимият, бизнес ёки жиноий олам назарида ўзини хавф остига қўяди. Аммо нима ҳам килардик, касбимиз шу. Мен таваккал қилишни яхши кўраман...

Би-би-си: "Узметроном" веб саҳифасида Россияга ён босувчи мақолалар кўп ёзилади. Бунга қандай шарҳ берасиз?" деб сўрабди Олмониядан Азизий.

Сергей Ежков: Мен холис бўлишга ҳаракат қиламан, ҳамма нарсага холис кўз билан қарашга уринаман. Буни менинг маколаларимдан кўрсангиз бўлади. Мени "россияпараст" деб айтиш қийин. Гарчи шундай даъволар бўлган...

Би-би-си: Яна бир ўқувчимиз- Ўзбекистондан Бўстон, "сизнинг мақолаларингизда, ўзингиз айтмоқчи, "туб миллат" га қандайдир нафрат сезилиб туради, бу нима билан боғлиқ?" деб сўраган.

Сергей Ежков: Менинг биронта ҳам мақоламни "туб аҳолига нафрат" ва ё хатто уни "менсимаслик" деб ҳам талқин қилиш мумкин эмас. Мен табиатан жуда бағрикенг одамман. Мен учун у ёки бу одамнинг миллати эмас, балки шахсий фазилатлари муҳим. Менинг биронта ҳам мақоламдан ирқчилик, радикализм ёки экстремизм унсурларини тополмайсиз. Менимча, ўқувчингизнинг бу даъволари асоссиз.

Би-би-си: Саволнинг давоми ҳам бор экан. "... мақолаларингизда холислик етишмайди. Сиз ҳамма нарсада ёмонликни қидирасиз ва бунда ҳокимиятни айблайсиз. Холис бўлишингизга нима халақит беради?".

Сергей Ежков: Биринчидан, ёмон нарсани қидириш, албатта, нохолисликни англатмайди. Гап шундаки, мен расмий ахборот воситалари яратган бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат қиламан. Афсуски, бизнинг матбуотимиз жиддий муаммоларни муҳокама қилмайди, уларни кўтариб чиқмайди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам менинг сайтимда яхши хабарлардан кўра кўпроқ ёмон хабарлар чиқар. Ёмон деганда мен муаммоларни назарда тутаяпман. Мен аввал ҳам айтганман, Ўзбекистонда мустақиликни куйлайдиган булбуллар менсиз ҳам ошиб-тошиб ётибди. Ахир кимдир "кўнгилсиз" нарсаларни ҳам гапириши керак-ку!..

Би-би-си: Кўпгина ўқувчиларимиз " сиз қандай қилиб Ўзбекистонда туриб, ўзбек ҳукуматини бемалол танқид қиласиз, сизга нима учун индашмайди?" қабилида савол беришган. Масалан, Киевдан Билолиддин Аъзамжонов "сизнинг танқидларингиз кўзбўямачилик эмасми, Ўзбекистон ҳукуматида паноҳингиз йўқми?" деб сўрабди. Марҳамат.

Сергей Ежков: Мен ҳукуматдан менга тоқат қилаётгани учун миннатдорман. Менга ҳақиқатан ҳам халақит бермаётгани ва ишлашга қўйиб бераётгани учун ҳокимиятга раҳмат, дейман. Аммо менга ҳеч ким ёрдам ҳам бераётгани йўқ. Бу иккинчи даражали масала. Асосийси, халақит беришмаса бўлгани...

Би-би-си: Шерзод Қудрат ўзбекларнинг ўзга мамлакатларда мардикорлик қилишларини ҳукумат 17 йил давомида олиб борган иқтисодий сиёсат натижаси, деб баҳолайсизми, деган саволни берибди.

Сергей Ежков: Йўқ, бундай деб ҳисобламайман. Гап шундаки, бугун россияликлар Оврўпога бориб ишлашаяпти, ўзбеклар эса Россия ва Қозоғистонга. Худди шундай, польяклар ёки Олмонияга кетишаяпти. Русларда бир мақол бор. "Балиқ чуқур жойни, одам яхши жойни орзу қилади", деган. Яъни менинг назаримда нормал миграция жараёни юз бераяпти. Иккинчи томондан, Ўзбекистондаги демографик вазият ҳам бор. Аҳоли сони шиддат билан ўсиб бораяпти. Ҳеч қандай иқтисод, у хатто энг оламшумул бўлса ҳам, Ўзбекистондаги каби демографик портлашга дош бермайди. Ўзбекистондан муҳожирлик оқими ҳамма вақт бўлади. Бу ёмон нарса эмас, бу воқеълик ва уни қабул қилиш керак.

Би-би-си: Навбатдаги савол ҳам Ўзбекистондаги иқтисодий вазият билан боғлиқ. Канададан Бунёд: "сизнингча, ҳозирги оғир иқтисодий аҳвол учун ким айбдор, Рустам Азимов ва Элёр Ғаниевми ёки Каримовнинг ўзими?".

Сергей Ежков: Мураккаб вазият учун ҳамма вақт президент ҳам, ҳукумат ҳам бирдек жавобгар. Чунки ҳокимият уларнинг қўлида. Дунёда идеал ҳукумат ҳам, президент ҳам йўқ. Уларга одамларга ёндошгандек ёндошиш керак, бутун яхши ва ёмон томонлари билан, фазилат ва қусурлари билан. Уларга мутлақлик нуқтаи назаридан қарамаслик керак.

Би-би-си: Тошкентдан Абдурашид бугунги ўзбек зиёлилари, уларнинг жамиятдаги воқеаларга муносабати билан боғлиқ фикрингизни сўраган.

Сергей Ежков: Зиёлилар ҳамма вақт, ҳамма замонларда жамиятда фаол рол ўйнашдан кўра кўпроқ ғингшиш, норозиликларини очиқ эмас-да, балки пана-паналарда гапириб юриш билан овора бўлишган. Бугунги ўзбек зиёлиси ўз ичига қамалиб олган. Мунозарага киришса ҳам фақат ўзига ўхшаганлар билан киришади. Бундай мунозарани мен "ошхонадаги мунозара" деб айтган бўлардим. Афсуски, бугун на Россия ва на Ўзбекистонда зиёлилар миллатнинг виждони эмас ва бу менимча ёмон.

Би-би-си: Москвадан Фарруҳ Собитов сўрабди: "Сизнингча, Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон алал-оқибат кимни стратегик шерик сифатида танлайди-АҚШними, Россия ёки Хитойними?".

Сергей Ежков: Бу ерда ҳам мутлақ бир нарсани айтиш қийин. Ўзбекистон Америка билан ҳам, Хитой, Ислом дунёси билан ҳам ва албаттаки, биринчи навбатда, Россия билан алоқаларни бирдек ривожлантиришдан манфаатдор. Нима учун биринчи навбатда? Чунки Ўзбекистон ўн етти йил давомида рус тилини сақлаб қолди, ўзбеклар иш излаб Америкага эмас, балки Россияга боришаяпти. Ўзбеклар Россияда аллақачон ўз ўринларини топиб олишган, уларнинг ичидан миллиардерлар етишиб чиқаяпти. Алоқалар албатта ривожланади. Аммо фақат битта давлатга қараб қолиш керак эмас. Ҳамма давлатлар билан алоқаларни ривожлантириш керак. Кичик давлатлар, унча катта бўлмаган давлатлар бошқа ўлкалар билан, дунё билан баҳамжиҳатликда ривожланади.

Би-би-си: Ва ниҳоят АҚШдан ёзган тингловчимиз Ўзбекистоннинг кейинги президенти билан боғлиқ башоратларингизни сўрабди. "Гулнора Каримованинг бу ўринга давогарлиги қанчалик ўринли?", -деб сўраяпти.

Сергей Ежков: Биринчидан, биласиз, бизда сайловлар яқинда, ўтган йилнинг декабрида бўлиб ўтди. Бугун Ўзбекистоннинг кейинги президенти ким бўлишини башорат қилишга, менимча, хали эрта. Гулнора Каримовага келсак, у ҳақдаги гаплар миш-мишдан бошқа нарса эмас. У ҳокимиятга келмайди. Мен бунга аминман.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Додожон АтоуллоБи-би-си меҳмони
Додожон Атоулло озодлик, матбуот ва мухолифат ҳақида
Дилором ИсҳоқоваБи-би-си меҳмони
Дилором Исҳоқова Рауф Парфи, шеърият ва сиёсат ҳақида
Юлдуз УсмоноваБи-би-си меҳмони
Юлдуз Усмонова ўзи, ижоди ва 'подшою маликалар' ҳақида
Зайнаб ХонлароваЗайнаб Хонларова:
'50 йилдирки мен ҳамиша жонли овозда куйлайман'
Алишер ТаксановАлишер Таксанов:
"Ўзбекистонда хусусий мулк йўқ экан, қолган ислоҳотлар фойдасиз"
Қаҳҳор ҲожиматовБи-би-си меҳмони:
"Ҳожиматов йиғмаси" муаллифи гиёҳлар хислати ҳақида
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy