|
ББС меҳмони - Шўро даври примадоннаси Зайнаб Хонларова | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Зайнабхонимнинг ижросидаги қўшиқлар шу пайтга қадар дунёнинг турли давлатлари саҳналаридан янграб келади. Зайнаб Хонларованинг беқиёс ижрочилик қобилияти сабаб шарқ мусиқаси ихлосмандлари ўша даврнинг энг сара қўшиқлари билан бевосита танишишга муяссар бўлишади. Зайнабхонимнинг ижоди ҳақида битилган кўплаб мақолалардан бирининг муаллифига кўра, " Зайнаб Хонларова - Озарбайжон 20 аср маданий ҳаётининг ҳақиқий ҳодисасидир." Ҳануз ижодий фаолиятдан тўхтамаган Зайнаб хоним 100 дан ортиқ қўшиқлар муаллифидир. Таниқли хонанда Зайнаб Хонларова муштарийларимиз саволларига жавоблари билан: Би-би-си: Зайнаб хоним, мухлисларингизнинг аксарияти дунёнинг турли бурчакларидан санъатингиз қаршисида бош эгиб, сизга ўз саволларини йўллашган. Илк саволимиз оврўполик бир мухлисингиздан. У киши, "Қадрли Зайнаб хоним, Шўролар Иттифоқи парчалангандан кейин ижодий ҳаётингиз қандай кечди?" деб қизиққанлар. Марҳамат, Зайнаб хоним: Зайнаб Хонларова: Ҳаётимдан нолимайман. Чунки мустақил давлатда яшаяпмиз. Биз демократик бир республикада яшаяпмиз. Кун сайин Озарбайжоннинг чиройига чирой қўшилиб бормоқда. Куни-кеча ўз президентимизни сайлаб олдик. Мен учун бирор бир қийинчиликнинг ўзи йўқ. Мен ўзим истаган қўшиқни куйлашим, дунёнинг истаган давлатига боришим ва концертлар беришим мумкин. Ҳаётим жуда яхши. Қаерга бормай, мени худди ўз фарзандларидек қабул қилишади. Дунёнинг қай бир бурчагида бўлмай, мени худди ўз қўшиқчиларидек кўришади. Гастрол сафарлари билан жами 70 та давлатда бўлганман, 70 та! Ҳар сафар концерт берганимда олқишлар билан кутиб олишади. Мана яқинда "Ҳайдар Алиев" номидаги сарой қайта ишга тушаяпти. Мен келаси ой бошларида шу ерда концерт беришни режалаяпман. Ҳозир шунга тайёрланаяпман. Би-би-си: У киши сизга улкан ижодий ютуқлар тилаб қолибдилар. Буюк Британиядан Равшанжон эса, "Ҳурматли Зайнаб Хонларова, сиз Шўро даврининг энг ёрқин эстрада юлдузларидан бири эдингиз. Ҳозир ўша даврларни қанчалик соғинасиз? Собиқ Шўро республикаларига қанчалик тез-тез гастролларга чиқиб турасиз? Ҳозир сизни бу давлатларда қандай қарши олишади?" деб савол сўраганлар. Марҳамат, Зайнаб хоним: Зайнаб Хонларова: Йўқ, ҳозир у даврларни соғиниб, афсус чекмайман. Чунки Шўро даврида қанчалик машҳур бўлган бўлсам, ҳозир ҳам худди шундайман. 50 йилдан буён саҳнадаман. Шу йиллар бадалида бошимдан нималар ўтмади, дейсиз. Лекин машҳурлигимча қолишга муваффақ бўлдим, деб бемалол айта оламан. Бунинг учун халқимдан ниҳоятда миннатдорман. Энди гастролга борган давлатларимда мени қандай қарши олишлари саволига келадиган бўлсак, дунёда саҳнада ярим аср бўлган эса-да, уни инсонлар шунча вақт давомида бирдек севган хонанда камдан-кам топилса керак. Мен шундай хонандалардан бири бўлганимдан ниҳоятда бахтиёрман. Мана, бўлажак концертимга ҳам чипталар қўлма-қўл бўлиб кетган. Икки кунлик концертимнинг бирортасига чипта қолмаган, ҳаммаси сотилиб кетган. Би-би-си: Зайнаб хоним, Англиядан Жавоҳирбек эса, сизга бир нечта савол йўллаганлар. Жавоҳирбек энг аввало, "Мен сизнинг қўшиқларингизни эшитишни жуда-жуда истайман, аммо қаердан топишни билмайман. Қўшиқларингизни қайси веб саҳифадан топсам бўлади ёки ўзингизнинг шахсий веб саҳифангиз борми?" деб сўраганлар. Канададан Мунирахон ҳам, “ Зайнаб опа, сизнинг хонишларингизни интернет саҳифаларида эшитиш мумкинми?” деб савол йўллабдилар. Марҳамат, Зайнаб хоним. Зайнаб Хонларова: Ҳа, менинг ўз шахсий веб саҳифам бор, манзили – www.zeynabxanlarova.com - бу ерда менинг қўшиқларим, мен ҳақимда барча маълумотлар бор. Барча қизиққанлар ушбу веб саҳифага кириб, бемалол менинг ижодим билан танишишлари мумкин. Би-би-си: Жавоҳирбек яна, "Ҳозир Ўзбекистонда концерт бера оласизми? Ўзбекистонга гастрол сафари билан эмас, шунчаки ташриф билан бўлса ҳам бориш истагингиз борми?" деб қизиққанлар: Зайнаб Хонларова: Ўзбекистон менинг қалбимдан жой олган. Мен жорий йилнинг ўн еттинчи ва ўн саккизинчи декабр кунлари Ўзбекистонда концерт бераман. Чунки ўзбекистонлик қардошларимни жуда-жуда яхши кўраман. Туркияни, Тожикистонни, мусулмон бўлган барча давлатларни ниҳоятда яхши кўраман. Би-би-си: Жавоҳирбек сизга Аллоҳдан узоқ ва баракали умр тилаб қолибдилар. Ўзбекистонлик бошқа бир мухлисингиз эса, "Зайнаб опа, сиз юлдуз хонанда бўлиш билан бирга Озарбайжон парламенти аъзоси ҳам экансиз. Ўз фаолиятингиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, қўшиқчи бўлиш осон эканми ёки сиёсатчи? Ким сифатида халққа кўпроқ ёрдамим тегаяпти деб ўйлайсиз?" деб савол йўллаганлар. Мубинахон эса, "Сизнингча, қўшиқчилик ва сиёсат орасида боғлиқлик борми?" деб сўраганлар: Зайнаб Хонларова: Йўқ, бу икки фаолиятим ҳеч қачон бир-бирига монеълик қилмаган. Шу пайтга қадар бирор бир озар хонандаси 25 йил у ёқда турсин, 5 йил ҳам парламент аъзоси бўлганича йўқ. Мени халқ 25 йилдан буён мени парламент аъзоси этиб сайлаётганидан ниҳоятда фахрланаман. 25 йил бир йигитнинг умридир. Ва парламент аъзоси сифатидаги фаолиятим менинг қўшиқчилигимга ҳеч қачон ҳалақит берган эмас. Мен бу икки ишни ҳамоҳангликда олиб бораман. Мисол учун, Японияда концерт берадиган бўлсам, мен у ерда озарийча қўшиқ куйлайман. Мен бу икки давлат ўртасида кўприк вазифасини бажараман. Яъни, ўз навбатида, японча қўшиқларни Озарбайжонга ҳам олиб келаман. Мана шунинг ўзи дўстлик, мана шунинг ўзи сиёсатдир. Мен дунё халқлари орасида дўстликка замин яратаман. Яқин келажакда бир қанча хорижий давлатларга яна концерт сафарларим режаланган. Тез орада гастролларим бошланади. Би-би-си: Швецариядан Отабек эса, "Ўзбекистонлик ёш хонанда Севинч Мўминова билан муносабатингиз қандай? Унинг ижодини қандай баҳолайсиз?" деб сўраяптилар: Зайнаб Хонларова: Севинч жуда яхши куйлайди. Унинг куйлаш услуби менга ёқади. Яхши, гўзал хонанда. Мен унинг ижодини юқори баҳолайман. Би-би-си: Оврўпо давлатларининг биридан савол йўллаган Ҳусанжон эса, "Зайнаб опа, оилангиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз, фарзандларингиз борми, бор бўлишса, уларнинг орасида бирортаси сизга ўхшаб қўшиқчи бўлганми, умуман фарзандларингизнинг қўшиқчи бўлишларига қандай қарайсиз?" деб қизиққан: Зайнаб Хонларова: Демак, менинг иккита ўғлим бор. Уларнинг иккови ҳам юрист, прокурордирлар. Шунингдек, иккита келиним, икки қиз ва икки ўғил набираларим бор. Лекин ораларида қўшиқчиси йўқ. Би-би-си: Яна бир мухлисингиз эса, "Қадрли Зайнабхон, мен сизнинг қўшиқчилик қобилиятингизни ниҳоятда қадрлайман, ҳурмат қиламан ва ҳануз саҳнада эканингиздан мамнунман. Мана, сизга замондош қўшиқчилар кўпчилигининг катта саҳнани тарк этганларига анча бўлди. Сиз эса, ноябр ойида навбатдаги концертингизни бермоқчи экансиз. Бунчалик муваффақиятингиз сирини нимада кўрасиз? " деб сўраяптилар: Зайнаб Хонларова: Нима десам экан, менимча, қўшиқчи ўз халқини севиши керак. Мен шу пайтга қадар бирор марта бўлсин фонограммадан фойдаланмаганман. Мен ҳамиша қўшиқларимни жонли айтаман. Халқни ҳеч қачон алдамайман. Халқни фонограмма билан алдамаслик керак. Шунинг учун ҳам халқ ҳамиша мени яхши қарши олиб, қўшиқларимни шу пайтга қадар яхши кўриб, тинглаб келади. Яна нима дейишим мумкин, юқорида ҳам айтиб ўтганимдек, ўша даврда қўшиқчи сифатида қандай машҳур бўлган бўлсам, ҳозир ҳам худди шундайман. Мени ниҳоятда қувонтиргани -концерт залидан чиқишим билан Зайнаб Хонларовани бир кўрай, деб атрофимда ҳамиша сон мингта мухлисларим парвона бўлишади. Мен ҳеч қачон тўйларда, ресторанларда ашула айтмаганман. Мен ҳеч қачон ичкилик бўлган ерларга яқин йўламайман. Мен ҳамиша ўзининг қадрини билган, ўзини ҳурмат қилган инсонман. Ўзимга бўлган ҳурмат эса, халқимга бўлган ҳурматдир. Агар халқингни ҳурмат қилсанг, у ҳам сени ҳурмат қилади. Ва халқ орасида ҳам қўшиқчи сифатида машҳурлигингча қолаверасан. Би-би-си: Агар малол келмаса, Зайнаб хоним бўлажак концертингиз ҳақида ҳам икки оғиз гапириб берсангиз: Зайнаб Хонларова: Мен 5 ва 6 ноябр кунлари икки кун кетма-кет “Ҳайдар Алиев” номидаги саройда концерт бераман. Ва ҳар куни турли тилларда битилган 30 та қўшиқни ижро этишни режалаяпман. Уларнинг орасида ўзбекча, тожикча, афғонча, сенегалча, украинча, молдованча, туркча, форсча,.. ашулалар бор. Мақом дейсизми, оркестра жўрлигида айтиладиган ашулалар дейсизми....30 та қўшиқни ҳар куни уч соатлик концерт дастуримга сиғдирмоқчиман. Буни ҳар қандай қўшиқчи ҳам уддалай олмайди. Кўпчилик қўшиқчилар фонограммани қўйиб олиб, оғизларини қимирлатиб туришади, холос. Мен эса, ҳеч қачон бундай қилмаганман ва қилмайман ҳам. Би-би-си: Лондондан яна бир мухлисингиз эса, "Ассалому алайкум эстрадамизнинг талантли, ўзига хос юлдузи қадрли Зайнабхон. Шўролар Иттифоқи қулаши ортидан кўплаб машҳур қўшиқчилар Россияда қолиш ёки бошқа хорижий юртларга кетишни афзал билишди. Нега сиз Озарбайжонда қолиш қарорини бердингиз?" деб сўраяптилар: Зайнаб хоним: Озарбайжон мен туғилган тупроқдир. Мен халқимни, тупроғимни севаман. Мен бу юртни ташлаб, ҳеч қачон, ҳеч қаерга кетмайман. Нима учун кетишим керак?! Мени Озарбайжонда ҳурмат қилишади, халқ, миллат севади, менга ишонч билдириб, депутат қилиб сайлашган бўлса, саҳнага чиқсам, олқишлар билан кутиб олишса, қандай қилиб бошқа ерга, ўзга бир юртга кетишим мумкин?! Йўқ, ҳеч қачон, мен ҳеч вақт тупроғимни, халқимни ҳеч нарсага алишмайман. Би-би-си: Зайнаб хоним, агар суҳбатимиз ниҳоясида ўз мухлисларингизга тилакларингиз бўлса, марҳамат, микрофонимиз очиқ: Зайнаб Хонларова: Дунёда мени севган қанча инсон бўлса, уларнинг барчасини бағримга босиб қоламан. Ҳаммаларини ўпиб қоламан. Барчаларига тан- сиҳатлик тилайман. Улар ҳамиша мусиқани севиб юришсин. Мусиқани севган одам ҳеч қачон ўз ёшлик тароватини йўқотмайди. Мусиқа ҳаётимизнинг ҳар бир дақиқасида, қайғули ва бахтли онларимизда ҳам керакдир. Чунки мусиқа бизни яшатади. Мен дунёдаги барча миллат ва элат вакилларига соғ-омонлик тилаб қоламан. Ҳамиша уларга омад ёр бўлсин. Би-би-си: Катта раҳмат Зайнаб хоним. Биз ҳам сизнинг ижодий ва шахсий ҳаётингизда улкан омадлар тилаб қоламиз. |
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||