|
Би-би-си меҳмони - Гулнора Олтиева | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Гулнора Олтиева 1961 йилда Бухоро вилояти Қоракўл тумани собиқ Максим Горький колхозида зиёли оиласида туғилган. 1979 йилда ўрта мактабни тугатган. Ўша йили мактаб ўқитувчиси сифатида фаолият бошлаган шоир Юсуф Жумаев билан турмуш қурган. Ҳозир уларнинг олти нафар фарзанди бор. Гулнора Олтиева 1998 йилда Қоракўл тумани Эгамберди Раҳимбердиев жамоа хўжалигидан ер олиб, "Оллоқули" фермер хўжалигига асос солган. Турмуш ўртоғи Юсуф Жума ва фарзандлари билан ўзларининг фермер хўжалигида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирганлар. Гулнора Олтиева Юсуф Жума билан турмуш қурганидан бошлаб, шоир билан ёнма-ён туриб адолатсизликка қарши курашиб келганини айтади. Юсуф Жума 1980 йилларда шеъриятга кириб келган, унинг "Ҳақиқатнинг олтин олмаси" номли илк шеърий тўплами 1984 йилда чоп этилган. Мухолифатдаги "Бирлик" халқ ҳаракати фаолларидан бўлган шоир 2001 йилда бир туркум шеърлари учун "давлат тузумига тажовуз қилиш"да айбланиб, қамоққа ташланган. Юсуф Жума ва оиласи Президент Каримовнинг сиёсатини очиқ танқид қилганлари ва амалдаги тузумга нисбатан фаол фуқаролик мавқеъини эгаллаганликлари учун таъқиб қилинаётганликларини айтишади. 2007 йил ноябрида Гулнора Олтиевага қарши Бухоро вилоят Миллий Хавфсизлик хизмати конституциявий тузумга тажовуз қилиш банди билан жиноий иш очиб, қидирув эълон қилган.
2007 йил 10 декабрда Юсуф Жума ва ўғиллари Президент Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб қилиб, намойишлар уюштиришади. Бухоро милицияси шоир ва ўғилларини ҳокимият вакилига бўйсунмаслик ва тан жароҳати етказишда айблаб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғайди. Турмуш ўртоғи Юсуф Жума ва ўғиллари Бобур ва Машраб ҳибсга олинганларидан кейин Гулнора Олтиева Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган. Бухоро вилоят суди 50 ёшли шоир Юсуф Жумани 2008 йил апрелида беш йилга озодликдан маҳрум этган. Қорақалпоғистондаги "Жаслиқ" қамоқхонасида сақланаётган шоир билан кўришган ягона шахс-унинг қизи Феруза отасининг қийноқлардан шикоят этганини айтган. Шу кунларда Оврўпо Иттифоқига раислик қилаётган Франция Президенти Николя Саркозига мактуб йўллаган Гулнора Олтиева турмуш ўртоғи Юсуф Жумани озод этиш ва қамоқда бедарак кетгани айтилган ўғли Машрабнинг тақдирига ойдинлик киритишда кўмак беришни сўраган. Гулнора Олтиеванинг саволларга жавоблари Би-би-си: Бир неча ўқувчимиз сизнинг Оврўпо Иттифоқига раислик қилаётган Франция Президенти Николя Саркозига ёзган мактубингиз ҳақида сўрашган. Улар, шу мактубингизга жавоб олдингизми, қандай жавоб бўлди, деган саволларни беришган. Гулнора Олтиева: Мен Франция Президенти Николя Саркозига ёзган мактубимга ҳалигача жавоб олмадим. Лекин у кишидан ижобий жавоб оламан, деган умиддаман. Чунки у киши кўпгина ишларни ижобий қилганлар, кўпчиликка ёрдам берган эканлар, мен шунинг учун ҳам умидвор бўлиб турибман. Албатта, Юсуф акамга ёрдамлари тегади, деган умидим бор. Би-би-си: Бошқа халқаро ташкилотларга қилган мурожаатларингизга қандай жавоб бўлди? Гулнора Олтиева: Мен кўпгина ташкилотларга мурожаат қилдим. Турмуш ўртоғим Юсуф Жумаев қамалганларидан бери, ўғлим қамалганидан буёғи мен ҳамма жойларга мурожаат қилдим. Лекин ҳалигача бирортасидан жавоб олмадим. Америка элчихонасидангина жавоб олдим. Биз қўлимиздан келганча ёрдам беришга ҳаракат қиламиз, деган жавобни олдим. Би-би-си: Абду Рашид исми билан хат юборган ўқувчимиз, 2007 йил 10 декабр куни уйингизда эдингизми? Агар уйингизда бўлсангиз, ўша кунги отишма қандай бўлди? 10 декабрда уйингизга қуролли ҳужумдан мақсад нима эди, деб сўрапти. Гулнора Олтиева: Ҳамма билади – менга қидирув эълон қилингандан кейин яшириниб юришга мажбур бўлганман. Қоракўлда пикет қилинганда болаларингизни, турмуш ўртоғингизни қувлашди, деган гапни эшитганимдан кейин улардан хабар олиш учун уйимга келдим. Соат олтилардан ўтган пайтда уйимизга сон-саноқсиз машиналарда қуролли кишилар ҳужум қилиб, шунақа отишмалар, шунақа нарсалар бўлдики, мен киноларда ҳам кўрмаганман. Мени бўрттириб айтаяпти, дейишлари мумкин. Лекин шунчалик шафқатсизлик қилишдики... Инсон боласининг қўлидан келмайдиган шафқатсизликнинг мен гувоҳи бўлдим. Ўқларнинг орасидан чиқиб кетишимиз Худонинг бир мўъжизаси бўлди. Қимирлаган қамишнинг остига ҳам ўқлар уздилар. Қуролли ҳужумдан мақсадлари – адолатсизликка қарши Юсуф акам доим тўхтаб жавоб берганлар, доим адолатcизликка қарши курашиб келганлар. Шу Юсуф акамнинг овозларини ўчириш, оилавий қилинадиган пикетлар, оилавий чиқишлар – ҳаммасини йўққа чиқариш, йўқотиш бўлган буларнинг мақсадлари. Би-би-си: Сизга келган бир неча мактубда, нима учун сизга нисбатан Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилиш айби билан қидирув эълон қилишган, деган саволни беришган. Гулнора Олтиева: Менга қидирув эълон қилишгани сайловдан олдин эди. Сайловдан олдин сохта имзоларни тўплай бошладилар - сайловсиз президент тахтда қолиши учун. Мен шу нарсаларни аниқлашга, фош қилишга эришганман. Ўзларининг қилаётган бошқа ноқонуний ишларининг фош бўлишини истамагандилар, фош бўлди. Шунинг учун менга тузумни ағдармоқчи, деган статьяни қўйишди. Би-би-си: Зокир Умар савол берипти: 2007 йил 17 декабрда Юсуф Жуманинг қўлга тушишига сабаб нима бўлди? Гулнора Олтиева: Қўлга тушишларига сотқинлик сабаб бўлди. Яна Юсуф акамнинг ҳеч қачон Ватандан чиқиб кетиш ниятлари бўлмаган. “Ҳеч қачон Ватандан чиқмайман”, деган сўзларини қайта-сайта такрорлардилар. “Нима бўлса ҳам мен Ватанда курашаман, Ватанимда қоламан”, деб Тошкентда яшириниб юрмоқчи бўлиб, Тошкентга кетдилар. Ўша жойда сотқинлар туфайли қўлга тушдилар. Би-би-си: Ўзининг мактубига “ўзбек студенти” деб имзо чеккан ўқувчимиз, “хўжайинингиз тўғрисида хабарим бор. Лекин фарзандингиз Машраб тўғрисида анчадан бери ҳеч қандай хабар йўқ. Сўрамоқчиман: фарзандингиздан хабар борми", деб савол берипти. Гулнора Олтиева: Ўзимнинг ҳам Юсуф акам ҳақида ҳам хабарим йўқ. Қариндошларимиз ҳам боришаяпти, кўрсатишмаяпти. Адвокатларга ҳам кўрсатишмаяпти. Ҳар ҳолда қизим бориб кўриб келган. Ўғлим Машраб ҳақида ҳеч қанақа хабарим йўқ. У қаерда, нима бўлди, аҳволи қанақа, ҳеч ким айтмаяпти. Унга қидирув эълон қилишган. Ўликми-тирикми эканидан менинг ҳозирча хабарим йўқ. Би-би-си: Ўзбекистондан Мухтор Умаров шундай савол берипти: Сиз фермер хўжалиги раҳбари экансиз. Нима учун Ўзбекистонда пахта унумдорлиги йилдан-йилга тушиб бораяпти? Гулнора Олтиева: Ўзбекистонда пахта унумдорлигининг тушиб кетишига сабаб шуки, Ўзбекистонда эгасизлик ва коррупция кенг қулоч ёйган. Масалан, мен узоққа бормасдан Қоракўлда бўлаётган воқеаларни айтиб берсам, бир ойда тўртта давлат идорасининг “куни” бўлади. Пул йиғадиган кун. Бир кун прокурорники, бир кун ИИБ бошлиғиники, бир кун ҳокимники, бир кун СНБники. Бир кун “химия”(кимёвий ўғитлар билан таъминлаш учун масъул туман идораси)да мисол учун прокурор учун пул йиғилса, бир кун «заготзерно”да йиғилади, бир кун пахта заводда, бир кун нефтебазада. Пул йиғилгандан кейин шу пулларни қаердан чиқаришади? Фермернинг чўнтагидан чиқаришади. Масалан, “химия”дан пул йиғиладиган бўлса, фермер 100 қоп минерал ўғит олмоқчи бўлса, 100 қопнинг 50 қопини сотишади ўша жойда милиция бошлиғи ёки прокурорга бериш учун. Фермер 50 қопни уйга олиб келади. Иқтисодни биласиз, трактор ишлатиш керак, ерда ишлашнинг ўзи бўлмайди. Фермер ўша доридан ҳам сотади, бола-чақа боқиш керак, ҳеч қанақа ойлик йўқ. Шунинг учун дорини сотади, соляркани сотади, еридан чиққан буғдойдан ўғирлаб сотади. Мана шунақалар бўлади-да, пахтага минерал ўғит, ишлов бериш учун соляркага ўхшаган нарсалар жуда кам миқдорда қолади. Ҳокимдан, прокурордан, СНБдан, ИИБ бошлиғидан ортгани пахтага ишлатилади. Ундоқ бўлгандан кейин унумдорлик қайдан бўлади? Пахта унумдорлигининг тушиб кеишига - мен билишимча, аниқ исботи билан порахўрлик, коррупция сабаб. Би-би-си: Шотландиядан Отабек савол берипти: Европа Иттифоқи Ўзбекистондан санкцияни олиб ташлаб, у ерда инсон ҳуқуқлари бўйича анча ютуқларга эришилганини таъкидлади. Бунга сизнинг муносабатингиз қандай? Гулнора Олтиева: Алдагани бола яхши деганларидек, Европа ҳам алданишга яхшими ёки ўзи алдангиси келгани учун алданаяптими? Европа ўзини-ўзи алдади, холос. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳеч ўзгаргани йўқ. Европа Иттифоқининг бундай сиёсати мутлақо нотўғри. Чунки Ўзбекистонда ҳам Европанинг сиёсатларидан умидвор бўлиб ўтирганлар, турмаларда сақланаётганлар оз эмас эди. Биз ҳам қутуламиз, бизнинг ҳам ҳуқуқларимиз тикланар, Европанинг бизга ёрдами тегар, деб умидвор бўлган нашта-нашта кўзлар умидсизлик кўз ёшини тўкишига мен Европанинг сиёсати ҳам сабабчи деб ўйлайман. Инсон ҳуқуқларига риоя қилинмаётган мамлакатга санкцияни кучайтириш ўрнига санкцияни олганлиги мутлақо нотўғри. Қамоқдагилар хўп майли. Ана менинг 22 яшар ўғлим бедарак. Қани, деб ҳамма жойга мурожаат қилаяпман, ёрдам беринглар, топиб беринглар, деб. Қулоқларини кар, кўзларини кўр қилиб, яна Каримовнинг доирасига ўйнаб, ўзларини ўзлари алдадилар. Сиёсий маҳбуслар қон қақшаб ётишипти қийноқларга солиниб. Мана турмуш ўртоғим Юсуф Жумаев бир шоир. Ҳақиқатни куйлаб, ҳақиқатни қаламга олиб келаётган инсон қарийб 1 йилдан бери президентнинг шахсий душмани сифатида қийноқларга солиниб келаяпти. Энг даҳшатли "Жаслиқ" турмасида. Ҳар сафар борганларида "У карцерда. Жиноят содир қилгани учун карцерда", дейишади. "Нима жиноят қилипти?", деса, айтиб беришолмайди. Лекин соғликларидан ажралиб, қийноқларга солиниб ётиптилар. Буни менинг мурожаат қилмаган жойим қолмаяпти. Минг афсуски, Европа бунга қулоқ солишни ҳам, эшитишни ҳам истамади, менимча. Бўлмаса, жазо чораларини юмшатмас эди ҳам. Би-би-си: Сизга саволлардан бири - Солижон Абдураҳмоновнинг қамалишини қандай изоҳлайсиз? Гулнора Олтиева: Ўзим турмуш ўртоғим адолатсизликка қарши курашиб юрганларида ёнларида ҳамқадам бўлганлигим учун шу нарсалардан хабарим бор - бу Ўзбекистон ҳукуматига келган касаллик. Ким адолатдан сўз очса ё ҳақ тарафда туриб, бир мазлумнинг, бир жабрланган кишининг ёнини олса, у албатта, ё "нашаванд" бўлади, ё "порахўр" бўлади. Юсуф акамнинг бир шеърларида айтилган ҳам: Адолатдан сўз очсанг қамаб қўядилар, Ана шунинг учун мен ҳам Солижон аканинг оиласидагиларга, ўзига сабр тилайман. Ноҳақ қамалганлигини ҳаммамиз билиб турибмиз, ноҳақ қамалганлар деб айтоламан бир оғиздан. Би-би-си: Қирғизистондан Одилжон Маҳдумий шундай савол берипти: Балки афсусдадирсиз ўзини ва оиласини таҳликага қолдирган эр билан турмуш қурганингизга? Гулнора Олтиева: Ҳамма вақт ҳам биз - турк аёллари шубҳа қилмаганмиз - ҳақиқий эркаклар майдон ичинда бўлади. Адолатсизликка қарши тура билади. Адолатсизликка қарши кураша билади. Аллоҳга минг шукурки, менинг турмуш ўртоғим ҳамма вақт адолатсизликка қарши курашиб келдилар. Майдондан ҳеч қачон жонларини ё фарзандларини, оилаларини ўйлаб қочмадилар, чекинмадилар, курашдилар. Ватанининг ва халқининг олдидаги бурчларини бажаришга доим тайёр тўхтадилар. Агар ҳар қанақа аёл ҳам ўзини менинг ўрнимда кўрганда, пушаймон қилмас эди. Бундай эр билан яшаётгани учун фахрланар эди, холос. Мен ҳамма вақт шу гапни айтиб келаяпман, Аллоҳга минг шукур, умрлари узун бўлсин, шундай турмуш ўртоғим борлигидан фахрланаман. Би-би-си: Бизга мактуб ёзган Шерали Равшанов Юсуф Жумани қамаб Ислом Каримов ёмон шоҳ сифатида тарихда қолишини ўйламасмикан, деган мазмунда мулоҳаза билдирипти... Гулнора Олтиева: Энди Ислом Каримов ёмон шоҳ сифатида тарихда қолиб бўлди. Унга у ёғи ҳам, бу ёғи ҳам бир бўлиб қолган шоҳ у. У ҳеч нимани ўйламайди. У агарда ўзининг келажагини, тарих деган нарса борлигини ўйлаган тақдирда бу кеча-кундузда Юсуф акамни қамамаган бўларди, Юсуф акамни қамаш ўрнига Эврил Туронни қамоқдан чиқариб юбориб, ўзининг обрўига обрў қўшган бўларди. Сиёсий маҳбусларни, Рашид Бекжонларни қамоқлардан чиқариб ўзга обрў орттирган бўларди. Энди Ислом Каримовнинг ёши бунақа ўчакишиб яшайдиган ёшдан анча ўтиб қолди. Энди у фақат халқидан, қилган қилиқларидан кечирим сўраш ёшига кирди. Сиёсий маҳбусларни чиқариб. Мана масалан, Эврил Турон йиллаб қуёш нурини кўрмасдан ётипти. Рашид Бекжонлар ётишипти. Ана Юсуф акам ҳеч қанақа гуноҳлари йўқ жойда ётиптилар. Буларни қамаш ақли бор шоҳ учун уят. Худодан қўрқиш керак ҳеч бўлмаса. Ўзининг ҳам фарзандлари борлигини, невараси борлигини ўйламаган одам тарих деган нарсани ўйламайди. Ана Солижон акани, Аъзам Турғуновларни қамаяпти. Уларни бу ёшда қамашлиги тарихни ўйламаслигидан дарак. Эртанги кунини ўйламаслигидан дарак. Би-би-си: Сиздан Ўзбекистонда халқнинг иқтисодий аҳволи йилдан-йилга ёмонлашаётгани сабаби ҳақидаги фикрингизни ҳам сўрашган. Гулнора Олтиева: Бунинг сабабини мен коррупциядан деб биламан. Ҳозир "каттакон"лар ўз чўнтакларини ўйлашаяпти. Порахўрлик авж олган. Шунинг учун ҳам оддий халқнинг аҳволи ёмонлашиб бораяпти, дей ўйлайман. |
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||