Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 08 Сентябр, 2008 - Published 15:43 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Надежда: Одамларда бир йўл қолди - Ўзбекистонни тарк этиш
Надежда Атаева
Атаева хоним ғарбда бошпана излаган Ўзбекистонликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Надежда Атаева bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимиз саволларига жавоб берди.

40-ёшли Надежда Атаева Тошкент Давлат Университети журналистика факультети ва Москва Гуманитар Институти ҳуқуқшунослик факультетларини тамомлаган.

2000 йилга қадар бир неча йил давомида Ўзбекистонга хорижий сармояларни киритиш билан шуғулланган.

Надежа Атаева ўз фаолияти доирасига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланишини тадқиқ этиш кирганини айтади.

У айни шу йилларда Ўзбекистон идорий доираларининг иш услубини яхши англаб етганини айтади. Бунга, узининг айтишича, ҳукуматнинг юқори идораларида узоқ йиллар давомида ишлаган отаси, Олим Атаев, берган йўриқлар ёрдамида эришган.

Надежда Атаевага кўра, отаси "бошига келган кулфатлар" уни инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан жиддий шуғулланишга ундаган.

Олим Атаев 1997 йилдан 2000 баҳорига қадар Ўзбекистон "Ўздонмаҳсулот" давлат корпоратсияси раиси вазифасини бажарган.

Надежда Атаеванинг айтишича, 2000 йил баҳорида Олим Атаев тўсатдан ғойиб бўлади ва кўп ўтмай Ўзбекистон Бош прокуратураси кутилмаганда унга нисбатан қидирув эълон қилади.

2000 йилда Ўзбекистон ҳукумати, Надежда Атаеванинг таъбири билан айтганда, "сохта уйдирмалар билан" Олим Атаевни давлатнинг беш милион доллар мол-мулкини ўмаришда айблайди.

Надежда Атаева Ўзбекитонни зудлик билан тарк этишга мажбур бўлганини ва ўз отасини ҳимоя қилишга қарор берганини айтади.

Надежда Атаева ўз отаси билан деярли икки ярим йил ўтиб Франсанинг ле-Манс шаҳрида учрашади. Улар ҳозирда Франсада сиёсий бошпана олганлар.

"Биз аста-секинлик ва изтироб билан мамлакатимиздаги режим моҳиятини тушуниб борардик, - дейди Надежда Атаева. - Андижон фожеаси ҳақидаги хабар кульминацион нуқта эди."

Ўшандан буён Надежа Атаева инсон ҳуқуқлари билан фаол шуғулланаётганини айтади.

Надежда Атаева ҳозирга қадар Ўзбекистонда болалар меҳнатини бекор қилиш ва сиёсий маҳкумларни озод этиш каби қатор ижтимоий тадбирларни ўтказган.

Надежда Атаева билан суҳбат

Мўъмин, Ўзбекистон: Ўзбекистондаги воқеликларга баъзи халқаро ташкилотлар ўз танқидий муносабатларини билдиришади, давлат раҳбари номига турли русумдаги ноталар ҳам берилади. Лекин, аниқ жавоб олингани ҳали билинмаяпти. Буни қандай тушунса бўлади?

Надежда Атаева: Бу ўринда Ислом Каримовнинг мамлакат ижроий ҳокимияти раҳбари эканини эсга олиш керак. Унга келадиган мактубларга жавоб бериш билан Ташқи ишлар вазирлигидан тортиб Президент Девонига қадар барча масъул идоралар шуғулланишади. Зеро, конституцияга мувофиқ, Ислом Каримов инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари гарантидир. Хўш, нима учун бу ноталарга Каримовнинг шахсан ўзи жавоб бермайди? Мен бунга жавоб аниқ, деб ўйлайман. Ўзбекистонда кузатувчилар инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари давомли поймол этилишини кузатишади. Агар Каримов барча саволларга жавоб бериш билан шуғулланса, унинг бошқа ишларни бажаришга умуман вақти қолмайди.

Абду Рашид: Биринчи савол: Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини қандай қилиб олиш мумкин?

Надежда Атаева: Ўзбекистонда қийноқлар оммавий тус олган. Улар Ўзбекистонда ўзига хос хусусиятга эга. Жаҳон тажрибасида қийноқлар асосан терговда бўлган шахсни қўйилган айбловга иқрор эттириш учун қўлланилиши маълум. Лекин Ўзбекистонда судланган шахслар ҳам қийноқларга тутилади. Режим жамиятнинг фаол қисмини батамом эзиб ташлаган. Бу ҳукуматнинг сиёсий топшириғи остида амалга оширилган. Шунинг учун Ўзбекистонда қийноқларни халқаро ҳамжамият аралашуви билангина йўқотиш мумкин. Бунинг учун БМТнинг қийноқларга қарши маърузачиси Ўзбекистонга бориб қийноқларга солинган одамлар билан учрашиши ва қийноқларни бартараф этиш мумкин бўлган омилларни топиши керак бўлади. Дунёда гумондор шахс содир этган жиноятни уни қийноққа солмасдан исботлаш учун қўлланиладиган кўплаб замонавий усуллар бор.

Абду Рашид: Иккинчи савол: шоир Юсуф Жуманинг ўғли Машраб Жуманинг қамоқдан қочганига ишонасизми ёки у жисмонан йўқотилганми?

Надежда Атаева: Биласизми, мен на у ва на бу версияга қўшиламан. Менимча, Ўзбекистондаги қамоқхоналардан қочиш амалда имконсиз. Машраб Жумани жисмонан йўқ қилишлари ҳам мумкин эмас, деб ўйлайман. Ҳукуматда жамоатчилик назарида бўлган шахслар ҳақидаги маълумотларни яширишдек бир ёмон одат бор. Машрабнинг тақдирига ойдинлик киритиш учун нафақат маҳаллий, балки халқаро ҳуқуқ ташкилотлари ҳам аралашишлари керак, деб ўйлайман. Улар Ўзбекистон ҳукуматидан Машраб Жума ҳақида маълумот беришни талаб қилишлари зарур. Усуф Жума ва унинг оиласига бўлган муносабат Ўзбекистонда сиёсий ва фуқаровий ҳуқуқларни қандай йўллар билан бостирилиши ҳақида халқаро ҳамжамиятга яхши ўрнак бўла олади.

Абдулла Абдураҳмонов, Нью-Йорк, АҚШ: Надежда хоним, ўтган йили дўстим АҚШ фуқаролигини олди. Лекин Ўзбекистонга бориб келмоқчи бўлганида унга Ўзбекистон консулхонасида виза беришмабди.... Бу ҳолатга ойдинлик киритсангиз.

Надежда Атаева: Очиқ айтадиган бўлсам, бу амалдаги Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсатдир. Умуман олганда, мавжуд қонунчилик ҳамда фуқаровий ва сиёсий ҳақ-ҳуқуқлар ҳақидаги халқаро битимнинг 12 бандига мувофиқ бир мамлакат фуқароси ўз мамлакатига истаган пайтда қайтиши мумкин. Лекин собиқ фуқаронинг виза олиш аризаси хорижий фуқаро аризалари сингари кўриб чиқилади. Ўзбекистон элчихонаси эса виза берилмагани юзасидан изоҳ бермаасликка ҳақлидир.

Абдулла Саломов, Ўзбекистон: Биринчи савол: Надежда Олимбоевна, май ойи охирида Саиджаҳон Зайнобиддинов
“Фергана.ру” веб сайти орқали халкаро ҳамжамиятга заргарона чиқиш қилди. Кейинги ҳафтасида уч нафар сиёсий маҳбус озод этилди, жумладан, Мўътабар Тожибоева ҳам. Лекин "жасур" Мўътабар Тожибоева қамоқдан чиқиб, қилган баёнотларидан сўнг, кетма-кет икки таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси қамоққа тушди. Бу - инкор этиб бўлмас муайян фактлар. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жасурлик кўрсатиб, ўзига ва бошқаларга нуқул кулфат келтиргандан кўра, мулоҳазали фаолият билан фойда келтирган яхши эмасми?

Надежда Атаева: Бу, тушунишимча, ташкилотимиз фаолиятига билдирилаётган танқидий фикрдир. Чунки, ташкилотимиз сиёсий маҳбуслар ҳақидаги янги рўйхатдан кўнгли тўлмаганини маълум қилган эди. Мен Мўътабар Тожибоеванинг кескин танқидларга тўла баёнотлари икки инсон ҳуқуқлари фаоли, Солижон Абдураҳмонов ва Аъзам Турғуновларнинг ҳибсга олинишига сабаб бўлди, деб ҳисобламайман. Бизнинг ишонишимизча, давлат амалда сиёсий маҳбусларни озод қилиш жараёнини бошлаётгандек тутаяпти ўзини, лекин тизимни ўзгартиргани йўқ. Бу кўзбўямачиликдан бошқа ҳеч нарса эмас. Ҳа, бир томондан Мўътабар Тожибоева ва Аҳмаджон Одилов кабилар озод этилди. Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу сиёсати туфайли бизнинг баёнотларимиз, гўёки, пучга чиққандек туюлаяпти. Лекин, бошқа томондан, ҳали кўплаб инсонлар сиёсий ва диний қарашлари учун панжаралар ортида қолмоқда. Кўриниб турибдики, режимнинг ишлаш услуби ўзгаргани йўқ.. Биз мана шу кўзбўямачиликни танқид қилдик. Бу - бизнинг мавқеимиз. Кимдир бу мавқега қўшилиши, кимдир унга қарши чиқиши мумкин.

Абдулла Саломов, Ўзбекистон: Иккинчи савол: Надежда Олимбоевна, Ўрта Осиёлик муҳорижлар ҳуқуқларини ҳимоя қилмокда экансиз. Бунинг учун ҳурматга лойиқсиз. Лекин муҳорижларнинг аксари ўз ҳуқуқларини яхши таниган ва ширин жонларини авайлашни яхши биладиганлардир. Агар ҳимоянгиз мақсади Россиядаги меҳнат муҳорижлари бўлса, унда Париждан туриб, уларни қандай қилиб ҳимоя қилаяпсиз?

Надежда Атаева: Россияда фуқаролар ҳуқуқларини
“Фуқаровий кўмак” ташкилоти ҳимоя қилади. Бизнинг ташкилот у ерда ўзининг ҳамкорларига эга. Бундай шерикларимиз Қозоғистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам бор. Биз, одатда, биздан ёрдам сўраб мурожат қилган шахсларнинг ишлари билан шуғулланамиз. Биздан ёрдам сўраган шахснинг кимлиги аниқлангач, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ёки тегишли органлардан унга ёрдаб беришни сўраш масаласини муҳокама этамиз. Лекин, бизга мурожаат қилганларнинг барчасига ҳам ёрдам кўрсатавермаймиз. Мисол учун, қочқинлик мақомини олиш учун ариза топширганларнинг ҳаммаси ҳам паспортга эга эмас. Биз Ўзбекистондаги ўз манбаларимиз ва шерикларимиз ёрдамида бундай шахсларнинг кимлигини аниқлашга ҳаракат қиламиз. Бизда доғистонлик ёки чеченистонлик фуқароларнинг ўзини Ўзбекистон фуқароси кўрсатиб, қочқинлик мақомини олишга уринган ҳолатлар ҳам бўлган. Баъзи бир ҳолатларда эса ўзбекистонлик фуқаролар ёлғон кўрсатмалар билан қочқин мақомини олишга уриниб кўрганлар.

Грин, Британия: Сиз рус, француз ва инглиз тилларини билар экансиз, лекин ўзбек тилини билмас экансиз, шу ростми?

Надежда Атаева: Биласизми, мен фақат рус тилини яхши биламан, деб айта оламан. Ўзбек тилини ростдан ҳам билмайман, лекин оз-моз тушунаман. Бу менинг катта камчилигим. Буни тан оламан. Ҳозирда ўзбек шоири Ёдгор Обид менга тил бўйича дарс бераяпти. Мақсад – мана шу камчиликни йўқотиш. Француз тилида эса мукаммал бўлмаса ҳамки, ўз фикримни яхшигина тушунтира оламан. Инглиз тилини бўлса луғатлар орқали тушанаман.

Сергей: Ўзбекистонда ўзгаришлар бўлса, у ерга қайтиб ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланиш ниятингиз борми?

Надежда Атаева: Шубҳасиз, Ўзбекистон менинг мамлакатим бўлган ва шундай қолади. Мен Ўзбекистон фуқаролигини сақлаб қолганман. Лекин, нималигини билмайману, Ўзбекистон ҳукумати мени “собиқ фуқаро” дейди. Бунга қандай асослари бор, билмадим. Аммо, нима бўлганида ҳам, мен Ўзбекистон фуқаросиман, ўзимни ўзбек миллатига мансуб деб биламан. Агар Ўзбекистонга қайтиш имкони туғилса, шубҳасиз ўз фаолиятимни давом эттираман.

Бўстон, Ўзбекистон: Надежда хоним, отангиз ишлари бўйича батафсилроқ айтиб берсангиз: нима бўлган? Нима сабаб ҳукумат “ёмон кўз” билан қаради жаноб Атаевга?

Надежда Атаева: Бу узун ҳикоя. Келгуси йилда бизнинг бошимиздан ўтган воқеалар ҳақида отам иккаламиз ёзиб тугатаётган китобни чоп этишга умид қилаяпман. Аммо қисқача қилиб қуйидагиларни айтиш мумкин: ўша пайтдаги бош вазир, бош вазир ўринбосарлари отамни йиғиб олинган дон маҳсулотлари миқдори бўйича нотўғри маълумот беришга мажбурлашган. Отам бундай қилишдан бош тортади. Отам ўша пайтда “Президент Каримов гирд-атрофида нима бўлаётганидан хабардор эмас” деган фикрда бўлган. Отам бу маълумотни бор йўллар билан Ислом Каримовгача етказишга ҳаракат қилади. Лекин, афсуски, отам Президент Каримов билан телефон орқали суҳбатлашишга муваффақ бўлганидан кейин бир неча кун ўтиб, отамга қарши жиноий иш қўзғатилади. Жиноий ишлар нон маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мослашган идоранинг етакчи ходимлари ҳамда мен ва акамга ҳам қарши жиноий иш қўзғатилади. Албаттаки, бу уйдирилган иш эди. Шу йилнинг октябр ойида БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитасининг экспертлари мазкур иш юзасидан мен топширган аризани кўриб чиқишади ва умид қиламанки, отамнинг ҳеч қачон ўз халқи манфаатларига қарши чиқмагани исботланади.

Ғайратбек, Тошкент: Давлат идорасида катта лавозимда ишлаган амалдорнинг ўғирлик қилмаслигига ишонасизми?

Надежда Атаева: Биласизми, Ўзбекистонда ҳамма мулозимлар ўғирлик қилишади, деб айта олмайман. Бу, албатта, ифодали қилиб айтганда. Аммо, айтишим керакки, Ўзбекистонда бир-бирига чирмашиб кетган коррупция тизими мавжуд. Буни оддий Ўзбекистон фуқароси ҳам тасдиқлаши мумкин. Мисол учун, бир оддий йигит юридик институтга ўқишга кирмоқчи бўлса ёки давлат идорасида ишламоқчи бўлса, мен айтган коррупцияга рўбарў бўлади. Ўзбекистонда маҳаллийчилик ва гуруҳбозлик каби иллатлар кенг тарақалган. Ҳозирги режим даврида бу иллатлар янада чуқур илдиз отди. Шунинг учун, халқ давлатга ишонмайди ва мавжуд вазиятдан чиқиб кетиш йўлларини фақат ўзи излайди. Одамларда бир йўл қолди – Ўзбекистонни тарк этиш. Улар Ўзбекистон ичкарисида адолат қарор топишига ишонишмайди.


Рукнимизнинг кейинги меҳмонлари кимлар бўлишини истайсиз?

Бу ҳақдаги фикрларингизни кутиб қоламиз.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Қаҳҳор ҲожиматовБи-би-си меҳмони:
"Ҳожиматов йиғмаси" муаллифи гиёҳлар хислати ҳақида
Сайрам ИсаеваСайрам Исаева:
'Санъат учун чегараларни бузиб ташлаган бўлардим...'
Muhabbat ShamayevaМуҳаббат Шамаева
"Ўзбекистон - ватаним, соғинаман, албатта..."
Александр ПикаевАлександр Пикаев:
'Cобиқ Иттифоқ парчаланиши ҳали тугади, деб бўлмайди'
Тошпўлат ЙўлдошевБи-би-си меҳмони
Т.Йўлдошев: 'Каримов Ўзбекистонни ҳалокат ёқасига келтирди'
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy