Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 10 Ноябр, 2008 - Published 14:03 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони - мухолифатдаги журналист Додожон Атоулло
Додожон Атоулло
Додожон Атоулло Тожикистон ҳукуматининг энг ашаддий танқидчиларидан биридир
Би-би-си меҳмони - Тожикистон ҳукуматига мухолифатда бўлган таниқли журналист Додожон Атоулло.

У bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

52-ёшли Москва Давлат Университетининг журналистика куллиётини тамомлаган.

Тўқсонинчи йиллар бошида Тожикистонда фуқаролар уруши бошланишидан аввал коммунистик ҳукуматга мухолифатда бўлган демократик кучларни дастаклаган.

Додожон Атоулло 1991 йилда Тожикистонда илк мустақил ва энг оммабоп газета - "Чароғи рўз"ни таъсис этган.

Тожикистонда ҳукумат бошига Имомали Раҳмон келар экан Додожон Атоулло ватанини тарк этади ва аввал Қозоғистонда ва кейинчалик Россияда ўз газетаси чопини давом эттиради.

1997 йилда Тожикистонда президент тарафдорлари ва Бирлашган Тожик Мухолифати ўртасида яраш битими имзоланиши ва коалицион ҳукумат барпо этилиши ортидан журналист ватанига қайтади.

Тожикистонда у "Ҳьюман Райтс Уотч" ва "Амнести Интернейшнл" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, журналистларни ҳимоя қилиш бўйича Америка қўмитаси билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Бироқ Додожон Атоуллонинг ҳам Тожикистон президентини ва ҳам Бирлашган Тожик Мухолифатини танқид этиши унга нисбатан кескин муносабатни шакллантиради.

2000 йилда Атоулло яна Россияга қайтишга мажбур бўлади. У ерда "Чароғи рўз" газетаси нашрини қайтадан йўлга қўяди ва Россияда нашр этилувчи "Новоя газета" билан ҳамкорлик қила бошлайди.

Додожон Атоуллонинг айтишича, тожик ҳукумати Россия ҳуқуқ-тартибот идораларига бир неча бор мурожаат қилиб, уни тутиб беришни сўрайди. Натижада Додожон Атоулло Олмонияда сиёсий бошпана олишга мажбур бўлади.

У 2000 йилдан буён Марказий Осиёдаги Демократик Кучлар Форумига раисдошлик қилади.

Додожон Атоулло яқинда "Ватандор" номли янги сиёсий ҳаракатга асос солди. У бу ҳаракатнинг асосий мақсади "демократик йўллар билан Имомали Раҳмон ҳукуматини қудратдан четлаштириш" эканини айтади.

Тожикистон Бош Прокуратураси Додожон Атоуллони "миллий адоват уйғотиш ва конституцион тузумни ағдаришга уриниш" да айблаб, унга нисбатан қидирув эълон қилган.

Би-би-си: Малвина, Тошкент: Журналист бўлганингиз учун сиздан сўрашни маъқул кўрдим. ОАВ тижорийлашгани яхшими ёки давлат томонидан таъминлангани?

Додожон Атоулло: Мен матбуот эркин, мустақил бўлиши керак, деб ўйлайман. Агар матбуот давлат ихтиёрида бўлса, унда у ҳукумат юритаётган сиёсат тарғиботи ва ташвиқотининг бир қисмига айланиб қолади. Матбуот демократия, эркин бозор, реклама берувчилар бўлган давлатлардагина ривожланиши мумкин. Ҳозирги дунёда рекламасиз замонавий, сўнги янгиликлардан воқиф ва эркин матбуотни яратиш мумкин эмас. Лекин, бахтсизлик шундаки, кўпчилик сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги фақат журанлистларга зарур, деб ўйлайди. Бундай эмас. Эркин матбуот, илк навбатда, жамиятга керак. Шунинг учун жамият ҳам моддий ёрдам билан, обуна бўлиш билан эркин матбуотни дастаклаб туриши керак.

Би-би-си: Малвина, Тошкент: Газета чиқаришда қандайдир муаммоларга дуч келдингизми?

Додожон Атоулло: “Чароғи рўз” Тожикистоннинг биринчи мустақил ва хусусий газетаси эди. Бу газета ҳали Совет Иттифоқи пайтида, ҳали Коммунистик диктатура бўлган пайтда ташкил этилган эди. Лекин, бизнинг авлод вакиллари яхши эслашади, ўша пайтда одамлар озодлик эйфорияси, озодлик баҳоридан маст эдилар. Менимча, Тожикистон ўшанда минтақадаги энг эркин давлатга айланганди. Саксонинчи йиллар охирида Тожикистонда кўплаб газеталар, жумладан “Чароғи рўз", кўплаб партия ва ижтимоий ҳаракатлар пайдо бўлди. Албатта, Тожикистон Коммунистик Партияси Марказий Қўмитаси, Тожикистон Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан бизга босимлар бўлиб турарди. Лекин, шунга қарамасдан, газетамиз чиқишда давом этарди ва Тожикистондаги энг оммабоп нашрга айланганди. Чунки газета атрофида коммунистлар ва демократлар, либераллар ва Ислом Уйғониш Партияси тарафдорлари чордона қуриб ўтирган “тожик дастурхони”га айланган эди. “Чароғи рўз” ҳар ким ўйлаганини гапира оладиган озодликнинг кичик оролчаси эди. Ҳукуматга теппасига келгач, жаноб Раҳмон биринчи ўринда журналистларни халқ душмани, дея эълон қилди. У бизнинг ўнлаб газеталаримизни беркитиб ташлади, идораларимизни ёқиб ташлашди. Биз 1992 йилда Тожикистонни тарк этишга мажбур бўлдик. “Чароғи рўз” ўшандан буён хорижда чоп этилади.

Би-би-си: Жозиба Кеш, Лондон: Мустақилликдан сўнг шаклланган авлод ҳақида нимаалар дея оласиз? Уларда Ватанга бўлган муҳаббат, ватанпарварлик туйғуларини молиявий эврилишлар янчиб кетмадими?

Додожон Атоулло: Озодлик – ҳар бир халқ орзуси. Озодлик – ўз ватани келажаги ҳақида қайғурган ҳар бир инсон орзуси. Аммо, афсуслар бўлсинки, мустақиллик бизнинг ўлкаларга, айниқса Тожикистонга шодлик, бахт олиб келмади. Бизнинг мустақиллик қон билан ва уруш эвазига келди. Мустақиллик ортидан “қочқин”, “меҳнат муҳожири” сўзлари пайдо бўлди. Ички уруш даврида Тожикистонда 150 минг одам ҳалок этилди. Нобуд бўлганларнинг аксари ёшлар эди. Уршуш пайтида минглаб уйлар, юзлаб қишлоқлар ёқиб ташланди. Шунинг учун мустақилликдан кейин улғайган авлодни мен “йўқолган авлод” деб айтган бўлардим. Бу авлод - мактаб кўрмаган, қалам-қоғози бўлмаган авлод. Бу даврда муқаддас нарсаси деярли бўлмаган, бесавод ва қуллик психологиясини қабул қилаётган бир авлод етишиб чиққанидан мен жуда ҳам афсус қиламан. Аммо бунга улар эмас, балки ўз халқи учун мутлақо ҳеч нарса қилмайдиган Тожикистон ҳукумати айбдор.

Би-би-си: Аъзам Ғафуров, Хўжанд, Тожикистон: Аввалги Совет Республикалари орасида қайси мамлакатда демократик тузум ўрнатилган деб ҳисоблайсиз?

Додожон Атоулло: Менимча, собиқ Совет республикалари орасида Болтиқбўйи давлатлари – Эстония, Литва ва Латвияни демократик, деб ҳисоблаш мумкин. Ҳозирда эса демократия аломатларини Украинва ва қисман Гуржистонда кўришимиз мумкин. Марказий Осиёда эса у ёки бу даражада Қирғизистонни демократик давлат, деб айтсак бўларди. Аммо, афсуски, бугунги кунда у ерда демократия тонги ўрнига, демократиянинг ботишини кўраяпмиз. У ердаги демократик институтлар ҳам емирила бошлади.

Би-би-си: Маҳмуд, Ўзбекистон: Ўзбекистоннинг ЕВРОАЗЕСдан чиқиб кетишини қандай баҳолайсиз?

Додожон Атоулло: Мени фикримни бўлмоқчи бўлсангиз, мен МДҲ ва унга боғлиқ ташкилотлар келажаги ҳақида хушбин эмасман. Вақт бу тизимларнинг ҳеч нарса қила олмаганини ва қила олмаслигини кўрсатди. Чунки ҳар бир мамлакатнинг ўз манфаати бор. МДҲ атрофида аъзо мамлакатларни бирлаштириб турадиган ягона ғоя йўқ. МДҲ ва ЕВРОАЗЭСда тугал бўлмаган нуқталар жуда ҳам кўп. Оғизда дипломатлар “халқлар дўстлиги”, “умумий манфаатлар”. “стратегик шериклик” деган ибораларни кўп қўллашади, аммо халқлар ҳаётига таъсир кўрсата оладиган аниқ воситалар бу инситутларда кўзга ташланмайди. Ўзбекистоннинг ЕВРОАЗЭСдан чиқиши илк навбатда Тожикистонга ноқулайликлар туғдиради. Ҳозирга қадар Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида виза тартиби кучда қолмоқда. Бундан тожиклар ҳам, ўзбеклар ҳам азоб чекишмоқда. Бу ўзаро алоқаларда яна бир одим ортга кетишни англатади.

Би-би-си: Юсуф Отажонов, Нью-Йорк: Ўрта Осиёдаги мухолифат кучлари нега тарқоқ, жипс эмас?

Додожон Атоулло: Жаноб Отажонов ҳақ. Биз бир неча бор бирлашишга ҳаракат қилиб кўрганмиз. Эсимда бор, биз 2000 йилда Лондонда учрашиб, Марказий Осиёдаги
Демократик Кучлар Форумини таъсис этдик. Унда Марказий Осиёдаги деярли барча
мухолиф кучлар бор эди. Аммо орадан шунча йил ўтган эса ҳамки, мухолиф кучлар бирлаша олмадик. Бир кучга айлана олмадик. Лекин, ҳали ҳам кеч эмас, бирлашсак бўлади. Юзага келган вазиятдан чиқиш учун нафақат мухолифат кучлари, балки олимлар, зиёлилар, халқлар бир тан бир жон бўлишлари шарт, деб ўйлайман. Зеро тупроқни олтинга айлантиришга қодир Марказий Осиё халқлари бундай кўргулукларга лойиқ эмас. Менга Москва ёки бошқа шаҳарларда тожик, ўзбек ёки қирғиз ўқитувчилари, муҳандислари, ёшларининг сариқ чақа учун жон бериб, жон олиб ишлаётганини кўриш менга жуда ҳам оғриқли.

Би-би-си: Рустам Обид, Душанбе, Тожикистон: Тожикистонда аҳоли турмуш даражасини қандай қилиб яхшилаш мумкин?

Додожон Атоулло: Биласизми, мен учун давлат иш юритадиган, уни ташкил қиладиган менежердир. Тожикистондаги иш юритувчилар эса ҳеч нарсага қодир эмас. Улар ёлғон-яшиқлар билан ҳукумат теппасига келиб қолган турли тоифадаги одамлардир. Тожикистонда жорий ҳукумат бор экан, ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмайди, деб ўйлайман. Йўл битта – бу ҳукумат истеъфога чиқиши, янги сайловлар ўтказилиб, ўз ишини яхши биладиган мутахассислардан иборат янги ҳукумат тузилиши керак. Ҳозирда эса Тожикистонда ҳамма нарса – шаҳар-қишлоқлар, ширкатлар, ҳукумат ва парламент – Раҳмонов ва унинг қўлида. Тожикистон Раҳмон оилавий пудратига айланган.

Би-би-си: Малкольм Икс, Англия: Тожикистонда ишсизлик муаммосини қандай ҳал қилиш мумкин?

Додожон Атоулло: Тожикистондаги 7 миллионлик аҳолининг 2 миллиондан кўпроғи гастербайтерлардир, яъни мамлакат ташқарисида ишлашади. Агар эртага, Худо кўрсатмасин, Россия виза тартибини жорий этса ёки меҳнат муҳожирларига нисбатан чекловлар жорий этса борми, у пайтнинг ўзидаёқ Тожикистонда ўз-ўзидан намоишлар, исёнлар бошланиб кетиши ёки давлат тўнтариши юз бериши мумкин. Тожикистон меҳнат муҳожирлари ҳисобигагина жон сақлаб келаётир. Бу – ҳаёт эмас. Ишсизлик муаммосини эса фақат бир йўл билан – одамларга қўшимча иш жойларини барпо этиш ва уларнинг иш юритишларига йўл қўйиб бериш билангина ҳал қилиш мумкин. Мен тожик ишбилармонлари билан тез-тез суҳбатлашиб тураман. Улар, агар ҳукумат бизни ишлашимизга халақит бермаса, биз завод ва фабрикалар қурган бўлардик, кичик корхоналар ташкил этган бўлардик, дейишади.

Би-би-си: Рустам: Тожикистон президенти сизга вақтида ватанга қайтишни ва бирга ишлашни таклиф қилган, лекин нега ҳалигача қайтмадингиз?

Додожон Атоулло: Ҳа, тан оламан, мен Президент Раҳмон билан тўрт соат давомида суҳбатлашганман. Биз тўрт соат давомида унинг хонасида гаплашдик. У менга ватанга қайтишни бир шарт билан таклиф қилди. У менга журналистика соҳасидан кетиш шартини қўйди. Яъни мен уни, оиласини ва ҳукуматни танқид қилишни тўхтатишим керак эди. Бунинг эвазига у менга давлат ишига тайинлашни ваъда қилди. Аммо, бу таклиф мен учун қабул қилиб бўлмас эди. Мен ўн етти йиллик курашимни ўзимга қандайдир мансаб олиш учун сарфлаганим йўқ. Мен нима қилган бўлсам, ўз ғоям, халқим ва болаларим келажаги учун қилдим. Мен Тожикистоннинг эркин давлат бўлишини истайман. Мен халқим ўз ватани билан фахр қилишини истайман. Шунинг учун мен Раҳмон билан олиш-беришга бормадим. Раҳмон сукут эвазига катта миқдорда пул ва катта имтиёзларни таклиф қилганди. Ўн етти йилдан буён мен ўнлаб яшаш жойларни ўзгартирдим, ўнлаб мамлакатларда паноҳ изладим. Баъзан мен: “Менинг ҳаётим бу ўзгалар уйи, ўзга тиллар, ўзгалар нони ва доимий сафармикан?!” деб ўйлаб қоламан. Лекин ҳеч қачон пушаймонлик ҳисси бўлмаган менда. Чунки, бу йўлни ўзим танлаганман. Шунинг учун мени алдаш, йўлдан оздириш, сотиб олиш уринишлари беҳуда. Яқинда менга нисбатан жиноий иш қўзғатишди. Лекин, мени ўлдирмаган нарса мени янада жасоратлироқ қилади. Мен нима қилмайин, улар учун ёмон. Демак, мен ҳақ йўлдаман.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Алишгер ҲамидовБи-би-си меҳмони
Алишер Ҳамидов саволларга жавоб қайтарди
Дилором ИсҳоқоваБи-би-си меҳмони
Дилором Исҳоқова Рауф Парфи, шеърият ва сиёсат ҳақида
Зайнаб ХонлароваЗайнаб Хонларова:
'50 йилдирки мен ҳамиша жонли овозда куйлайман'
Гулнора ОлтиеваГулнора Олтиева:
'Оврўпо мурожаатимга қулоқ солишни истамади'
Юлдуз УсмоноваБи-би-си меҳмони
Юлдуз Усмонова ўзи, ижоди ва 'подшою маликалар' ҳақида
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy