|
'Ихтилофларни олдини олиш раҳбарлар иродасига боғлиқ' | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Ўшда туғилиб ўсган журналист ҳозир Америкадаги Жон Ҳопкинс университети Халқаро тадқиқотлар марказида фаолият юритади. Жаноб Ҳамидов Марказий Осиё сиёсати, ижтимоий ўзгаришлар ва сиёсий Ислом масалаларида Айни дамда минтақанинг уч давлати учрашган ва аҳоли ўта зич Фарғона водийсидаги миллий низолар эҳтимоли, ёш давлатлардаги миллий озчиликлар муаммолари, уларни бартараф этиш йўллари ҳамда ёш мустақил давлатлар сиёсатида муҳим ўрин тутган сиёсий ўзгаришлар ҳам тадқиқотчи диққат марказидаги мавзулардан саналади. Шунингдек, у Овросиё тамаддунлари мавзусини ўрганган. Айни дамда, АҚШда истиқомат қиладиган ёш таҳлилчи Америкадаги президентлик сайловлари, янги президент ким бўлиши Марказий Осиёга нисбатан Вашингтон тутажак мавқеда қандай аксланиши борасида ҳам сизни қизиқтирган саволларга жавоб беради. АҚШ жамиятида қора танли сиёсатчининг президентлик сайловида номзод сифатида курашишгача етиб келиши қай ўзгаришлардан дарак бериши, Вашингтон ташқи сиёсатида бирон сезиларли ўзгаришлар кутилиб-кутилмаслиги ва ёхуд Ироқ ҳамда Афғонистон урушлари тақдирида сўнгги президентлик сайлови натижаси қандай из солиши хусусида ҳам саволлар ўртага чиқиши мумкин. Алишер Ҳамидовнинг саволларга жавоблари Би-би-си: Алишер, Олмота шаҳридан Тоҳир Саидов "ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз, қаерларда таълим олгансиз", деб сўрабдилар. Алишер Ҳамидов: Тоҳирбек, саволингиз учун катта раҳмат! Мен Қирғизистоннинг Аравон ноҳиясида туғилиб ўсганман. Ўрта мактабни битирганимдан кейин Ўш давлат университетида Чет тиллар факултетида таълим олганман. Ундан кейин бир неча йиллар давомида Ўш шаҳрининг журналистика соҳасида ишлаб келганман. Оммавий ахборот воситаларида раҳбарлик қилганман. 2001 йилда Американинг Давлат департаменти томонидан берилган Маски стипендиясини ютиб ва шу Маски дастурига қатнашиб, икки йил мобайнида магистратурада ўқиганман. Бу даражани олганимдан сўнг мен Вашингтон шаҳридаги Жон Ҳопкинс номли университетига докторликни ёқлаш учун келганман. Ҳозир Вашингтон шаҳрида илмий-тадқиқот олиб бормоқдаман. Би-би-си: Алишер, Сиз учун келган саволлардан бир нечаси АҚШда бўлиб ўтган сайловлар билан боғлиқ. Швецариядан Отабек исмли мухлисимиз ёзадилар- "АҚШда Барак Обама нималарни уддалай олади, Сиз унинг фикрларини биртомонлама деб айтгандингиз, мана энди у Президент этиб сайланди, қайси йўлдан кетади?" Алишер Ҳамидов: Барак Обама қора танли номзод бўлиб, унинг ютиб чиқиши Америка аҳолисини завқлантирмоқда ҳозир. Мана мен сайлов куни кўрдим ёшлар, қолаверса кексалар ҳам кўчага чиқиб, завқланиб, бир-бирларини қучиб, жуда ҳам хурсанд бўлишди. Бу хурсандчилик, албатта жуда ҳам юксак даражада ва бу нарса Барак Обама учун ҳам яхши, ҳам бир томондан ёмон ҳам деб ўйлайман. Чунки, ундан кутилаётган ўзгаришлар, сиёсий талаблар жуда ҳам юксак даражада. Унинг олдида тўртта муҳим масала турибди. Биринчиси- иқтисодий масалалар. Ўзингиз биласиз, ҳозир глобал иқтисодий инқироз Америкадан бошланган. Иккинчи масала, бу- ижтимоий ислоҳотлар. Саломатликни сақлаш соҳасида ўзгартиришлар киритиш. Америкада бу жуда долзарб масала ҳисобланади. Учинчи масала, бу -террорга қарши уруш. Президент Буш тарафидан бошланган иккита урушга гувоҳ бўлмоқдамиз. Американинг қўшинлари бир неча йиллардан буён Афғонистон ва Ироқда. Америка аҳолисининг шу урушлар даражасига норозилиги юксак даражада. Тўртинчи масала бу-Американинг ташқи имиджини ўзгартириш. Биласиз ўзингиз ҳам, салбий фикрлар бор Америкага қарши. Дунёнинг аҳолиси Америка раҳбарлари олиб бораётган сиёсатидан жуда ҳам норози. Аммо, бу муаммоларни ҳал этишни уддалай оладими Обама? Менинг фикримча, у бу масалаларни ҳал қилиш имкониятига эга. Биринчидан, у аҳолининг ишончига эга. Сайловлар кўрсатдики, Обама жуда ҳам катта сиёсий дастакка эга. Бундан ташқари Американинг Конгресси Обама тарафида. Биласиз, сайловларда демократлар кўпчиликни қўлга киритишди. Яна шуни айтиш керакки, Обаманинг сайланиши шу масалалардан биттасини ечишда ўзининг ҳиссасини қўшди. Американинг ташқи имиджи ҳозирдан ўзгаришни бошлади. Африка, Оврўпо, қолаверса, Осиёда ҳамма Американинг сайловларидан мамнун. Би-би-си: Ўзбекистондан хат йўллаган Саид Саидий исмли тингловчимиз "мен АҚШда бир мунча фурсат яшаганимда, америкаликларнинг ўзлари ҳар икки фуқарони ҳам, (Би-би-си: бу ерда номзодни демоқчи бўлганлар шекилли) мукаммал эмас, дастурлари ҳам юзаки дейишган эди. Сизнингча ҳам шундайми? Ўзбекистонга нисбатан МакКейннинг қаттиққўл сиёсати фойдалими ёки Обаманинг дипломатик ҳаракатлари?", деб ёзганлар. Марҳамат. Алишер Ҳамидов: Агар Обаманинг дастури юзаки бўлганда, кўп америкаликлар унга овоз бермасди ва у ғолиб чиқмасди. Менинг фикримча, унинг кампанияси жуда ҳам мукаммал бўлган ва хилма-хил усуллар, стратегиялар ишлатилган. Америкада бунчалик кўп одам қатнашмаганди сайловларда, айниқса ёшлар. Ташқи сиёсатга келсак, Обама ростдан ҳам ташқи сиёсатда МакКейн билан солиштирилса, унчалик кўп тажрибага эга эмас. МакКейн шахсий тажрибага эга, Ўзбекистонга, Қирғизистонга, Қозоғистонга борган. Ўзбекистонга борганида Каримов билан учрашиш ниятини билдирган, лекин Каримов уни қабул қилмаган. МакКейн Америкага қайтиб келганидан кейин Ўзбекистонга қарши бир неча санкциялар ҳам қабул қилиш тарафдори бўлган. Бизнинг пойтахтларимиз-Тошкентда, Астана, Бишкекда Обаманинг ғалабасини жуда ҳам эҳтиёткорлик билан кузатишмоқда. Обама демократ, демократлар эса, инсон ҳуқуқларини, қолаверса, демократияни олдинга суриш тарафдори бўлиб келган. Менинг фикримча, Обама ташқи сиёсатида энг муҳими ўзини, Американинг қизиқишларини олдинга қўяди. Ва прагматик, эҳтиёткорлик дипломатиясини илгари суриши аниқ гап. Сабаби, унинг олдида шунақа тажрибали инсон бор. Ўзбекистонга ёки Қирғизистонга нисбатан Обама ҳам эҳтиёткорлик билан қарайди деб ўйлайман. Би-би-си: Лондондан Бунёд эса, "Обаманинг ғалабаси Марказий Осиёдаги қайси соҳалар ривожига таъсир кўрсата олиши мумкин", деб сўраганлар.Марҳамат. Алишер Ҳамидов: Менимча, газ ва энергия соҳалари ривожланиши мумкин. Боя айтганимдек, иқтисодий муаммолар Обама ҳал этиши керак бўлган энг муҳим масала. Шу муаммоларни ечиш учун заҳиралари туфайли Марказий Осиё республикалари унга қизиқиш уйғотади. Яна бир марта айтиб ўтаман энергия секторлари ривожланиши мумкин. Би-би-си: Навбатдаги саволимиз глобал иқтисодий инқироз ва унинг Марказий Осиёга таъсири билан боғлиқ. Швецариядан Отабек жаҳон бозоридаги иқтисодий тангликни олдини олиш учун нималар қилиш кераклиги ва айни иқтисодий инқироз Марказий Осиёга, хусусан Ўзбекистонга қандай таъсир қилаётгани билан қизиққан. Алишер Ҳамидов: Глобал иқтисодий инқироз бутун дунё бўйича ўзининг таъсирини кўрсатмоқда. Марказий Осиёга ҳам таъсири билинмоқда. Мана Россияга вақтинча ишлаш учун борган юртдошларимиз ишларсиз қоляпти, кўп одамларнинг минтақамизга қайтишларига тўғри келяпти. Бу инқироз бизнинг минтақамизга шунақа таъсир кўрсатмоқда. Банкларимиз мазкур инқироздан салбий тутқич олади деб ўйлайман. Лекин, давлатларимиз раҳбарлари бу муаммодан хабардор. Мана Қозоғистонда банкларни қутқариш бўйича фондлар тузилмоқда. Қолаверса, қозоқ раҳбарлари иқтисодга жуда ҳам катта миқдордаги пулни олиб кириб, аҳолига озгина бўлса ҳам, иш ва бошқа иқтисодий ёрдам кўрсатиш йўлларини ўйлашмоқда. Ўзбекистоннинг иқтисодий сиёсати бекилган, бир тарафдан инқироз Ўзбекистонга унақа катта таъсир ҳам кўрсатмайди деган фикр бор экспертларнинг орасида. Глобал иқтисодий инқирознинг олдини олиш учун бир неча ислоҳотлар ўтказиш лозим. Жаҳон бозорларида содир бўлаётган жараёнларнинг устидан назорат қилиш кераклигини ойдинлашмоқда. Айниқса, биржалар устидан давлат назоратини кучайтириши кераклиги аниқ бўлди. Банкларни ҳам назорат қилиш керак, иккинчидан уларга реформалар киргизиш керак. Би-би-си: Отабек яна сўрайдилар: "Марказий Осиё ҳудудидаги электр энергияси, сув ва нефт муаммоларининг ечимлари нима деб ўйлайсиз?" Алишер Ҳамидов: Бу муаммолар минтақамизда нимадан келиб чиққан? Раҳбарларимиз яхши ўтириб бир-бирлари билан музокаралар олиб бормаганлари учун ва яхши суҳбатлаша олмаганлиги учун... Лекин, Душанбеда саммит бўлиб ўтган сентябр ойида, ўшанда раҳбарларимиз бир ёқадан бош чиқариб ойдин суҳбат қилишган. Шу суҳбатнинг натижаси шундаки, бир неча келишувларга қўл қўйилган. Ўзбекистон ва Қозоғистон Қирғизистон билан Тожикистонга қиш пайтида энергия соҳасида ёрдам бериш борасида ўзларининг хоҳишларини билдиришган. Қирғизистон билан Тожикистон эса, қиш мавсумида сувни сақлашга ўз истакларини билдиришди. Бу менинг назаримда ижобий қадам. Ана шундай музокаралар ва ойдин суҳбатлар давом этиши керак. Би-би-си: Кореядан савол йўллаган Мансуржон, аҳоли ўта зич Фарғона водийсидаги миллий низолар эҳтимоли ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эканлар. Ўзбекистондан Асрор исмли мухлисимиз эса, "агар Марказий Осиёда ихтилофлар келиб чиқадиган бўлса, бу қанақа ихтилофлар бўлиши мумкин- этник қарама-қаршиликларми ёки диний ихтилофларми ва ё сув каби табиий заҳиралар устидан кураш бўладими", деб сўрайдилар. Алишер Ҳамидов: Шуни айтиб ўтиш керакки, ихтилофлар бизнинг минтақамизда узоқ вақтлардан бери сезилиб келган. Бунга сиёсий, қолаверса, иқтисодий сабаблар бор эди. Лекин, охирги йилларда минтақамизда бир неча тенденциялар пайдо бўлган. Улардан бири- аҳолининг кўп қисми Россияга, Қозоғистонга ва бошқа жойларга иш миграцияси билан кетишган. Шунинг учун минтақамизда ихтилофларнинг содир бўлиш эҳтимоллари у даражада катта эмас, деб ўйлайман. Агар ихтилофлар келиб чиқадиган бўлса, улар маҳаллий доирада бўлади. У ҳам бўлса, заҳиралар учун рақобатдан ва чегаралардаги ечилмаган муаммолардан келиб чиқади. Охирги йилларда биз Қирғизистон билан Тожикистон чегарасида, Ўзбекистон билан Тожикистон чегараларида чегарачилар орасида шунақа ихтилофлар чиқаётганини кузатмоқдамиз. Ундан ташқари чегарада яшаётган аҳоли ҳам бир-бири билан шунақа кичик кўламдаги конфликтларга боришади. Сув, ер каби маҳаллий масалалар долзарб бўлиб қолади. Аммо, мазкур ихтилофлар ва келишмовчиликларни олдини олиш бўйича маҳаллий механизмларимиз мавжуд. Масалан, Тожикистон билан Қирғизистоннинг чегарасида қишлоқларнинг оқсақоллари бир-бирлари билан музокаралар олиб боришади, чегарлароша қўмиталар тузишади мана шу конфликтларни олдини олиш бўйича. Ана шу маҳаллий механизмлар кучайтирилиши керак. Донорлар ҳам улар билан бирга ишлашлари керак. Би-би-си: Тайланддан савол йўллаган Ғолиб- "Фарғона водийсида 2005 йилда бўлиб ўтган фожеанинг асосий сабаби нима деб ўйлайсиз? Диний саводхонликми ёки иқтисодий етишмовчилик? Келажакда яна шунга ўхшаш салбий низоларни олдини олиш учун Ўзбекистон Республикаси, қолаверса, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари қанақа чора-тадбирлар қўллаши лозим бўлади деб ҳисоблайсиз?" деб ёзганлар. Алишер Ҳамидов: Андижон фожеаси биз ҳаммамиз учун жуда катта фожиа. Унинг сабаблари диний эмас, дин қандайдир рол ўйнаган бўлиши мумкин, лекин оз бўлган бу деб ўйлайман. Фожеани иқтисодий ва сиёсий сабаблар келтириб чиқарган. Ундан ташқари тасодиф факторлар ҳам ўзининг ҳиссасини қўшган. Андижонда 2005 йилнинг бошларигача Қобилжон Обидов деган раҳбар ишлаб келган. У ўзининг иқтисодий дастурлари билан Ўзбекистонда жуда ҳам машҳур бўлган. Аҳоли ҳам бир неча иқтисодий муаммоларини ўзлари ечишга ҳаракат қилган. Андижонда бир гуруҳ ишбилармон, диндор ёшлар ўзларининг бир неча ширкатларини очишган ва шу губернатор билан яхши ишлашган. Андижон фожиасининг сиёсий сабабларидан бири бу марказнинг Андижонга нисбатан ишончнинг камайиб кетишган. Президент Каримов Андижонда Исломий тадбиркорлар ҳокимиятни қўлга киритишган деб ишонган. Менимча, агар Президент ўзи бориб, кузатиб, мана шу иқтисодий динамикани, тадбиркорларнинг қилаётган яхши ишларини кўрганида, у бошқа фикрга эга бўларди. Бу тадбиркорларнинг аҳолига жуда ҳам кўп ёрдами теккан. Улар ҳокимиятга қарши эмас, балки ҳокимият билан бирга ишлашган. Лекин, Ўзбекистоннинг Миллий Хавфсизлик хизмати диндорларга нисбатан шунақа ишончсизлик билан қарайдики, менимча, улар Президентга нотўғри маълумотлар етказишган. Президентнинг ўзида ҳам Исломий диндорларга нисбатан стреотиплари бор. Мана шу тасодиф факторлар, сиёсий ва иқтисодий факторлар билан бирлашиб, Андижон фожиасини олиб келган деб ўйлайман. Келажакда бундай ҳолларни олдини олиш учун ҳукумат ана шундай тадбиркорлар билан бирга ҳамкорлик қилиши керак. Қирғизистонда бу нарса кузатилмоқда ҳозир. Динга нисбатан сиёсатни ҳам ўзгартириш керак. Ўзбекистонда бу нарса жуда долзарб масала. Диндорлар устидан назоратни кучайтириш ўрнига ҳокимият ва раҳбарлар улар билан бирга ишлаш йўлларини ўйлашлари керак деб ўйлайман. Би-би-си: АҚШдан хат йўллаган Баҳодир Усмон- "тадқиқотчи сифатида айтингчи, минтақамизда ҳақиқатдан ҳам Ислом дини шунчалик радикаллашганми ёки Совет раҳбариятидан қолган ўқимаган, яъни ўзлари ўқишни хоҳламаган, билим олишни истамайдиган раҳбариятимизни ўйлаб топган ишими?" дейдилар. Шунингдек, "Ўзбекистон ташқарисида қанчадан-қанча қора ишлар қилаётган ва шу билан бирга катта-катта ширкатларда юқори лавозимларда ишлаётган ёшларимизни бирлаштириш учун нималар қилиш керак деб ўйлайсиз ёки шундай ташкилотлар мавжудми", деб сўраганлар. Алишер Ҳамидов: Баҳодир аканинг саволлари жуда ҳам ўринли. Исломий радикал кучлар йўқ эмас минтақамизда, улар бор. Лекин, уларнинг кучи қолаверса, одамлар орасидаги нуфузларини хавфсизлик хизматлари ходимлари муболиға қилиб келтиришмоқда. Охирги йилларда Исломий жамоатларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг аҳоли орасида ҳурмат эга бўлишлари каби янги тенденция пайдо бўлган. Бу Исломий жамоатлар қандай иш олиб бормоқда ҳозир? Мана Андижонда ҳам фожиадан олдин бир гуруҳ тадбиркорлар ўзларининг динидан келиб чиқиб, амалий ишлар олиб борганлар. Ҳозир Марказий Осиёнинг ҳар жойида кузатилмоқда бу ҳолат. Масалан, Ўш мисолида айтадиган бўлсам, масжидларда тузилган диний жамоатлар бир-бирларига шу иқтисодий ёрдам кўрсатишни бошлашган ҳозир. Бозорларда, ўз ширкатларида Исломий ишбилармонлик принципларини асосида фаолият олиб боришмоқда. Бир-бирларига кредитлар беришмоқда. Аҳолига ёрдами тегмоқда уларнинг ҳозир. Бу радикалларга қарши жуда ҳам кучли жавоб, менимча. Афсуски, раҳбарларимиз уларнинг иқтисодий ишларини салбий тарафдан кўришмоқда. Улар билан ҳамкорлик қилиш ўрнига улар учун баъзи бир жойларда, айниқса Ўзбекистонда хилма-хил тўсиқлар яратишмоқда. Бу, менимча, жуда салбий ҳолат. Ёшларни бирлаштириш ҳақидаги саволга келсак...кўп ёшларимиз ўзлари ҳаракат қилишлари керак бирлашиш учун, ўзларида хоҳиш бўлиши керак. Четдан кимдир келиб уларни бирлаштиришга ҳаракат қилса, самарали бўлмайди деб ўйлайман. Бирлашишга истак ёшларнинг ўзларидан келиб чиқиши лозим. Мана АҚШда кўпгина Марказий Осиёдан келган ёшларнинг турли шаҳарларда клублари, ассоциациялари пайдо бўляпти. Ва улар аста-секин интернет орқали ва бошқа коммуникация йўллари орқали бирлашишмоқда. Би-би-си: Японияда Камран ўзларининг тадқиқот йўналишлари Сизники билан ўхшаш экани ҳақида айтарканлар, "давлат бошқарувида "transparency", яъни шаффофлик (қандай даражада эканлигидан қатъий назар) жуда муҳим, бунинг учун эса, жамиятнинг иқтисодий-сиёсий жараёнга қизиқишини уйғотиши талаб қилинади, аммо, бу ўз йўлида баъзи кескинликларни келтириб чиқариши мумкин. Хуллас, Ўзбекистон учун "transparency"га эришишнинг қандай йўлларини таклиф қилган бўлардингиз", деб сўраганлар. Алишер Ҳамидов: Шаффофликка эришишнинг бир неча йўллари бор. Биринчидан, бу мухолифат тарафидан олдинга сурилади. Афсуски, Ўзбекистонда раҳбарлар ҳозир шаффофлик, мана шу "transparency" масалаларига қизиқмаган ва қизиқмайди ҳам. Аҳолининг ичида ҳам шаффофликка эришилиши учун кучли бир тилак бўлмагани учун давлат ҳам ўзгармайди. Айтмоқчиманки, бу масалани илгари суришда мухолифатнинг роли жуда ҳам юксак. Афсуски, Ўзбекистон мухолифати ҳозир бирлашмаган, уларнинг кўпи мамлакатдан ташқарида ва уларнинг орасида кўп муаммолар бор. Би-би-си: АҚШдан савол йўллаган Камолиддин Абдулвоҳид - "Ўзбек мухолифатида янги соғлом куч пайдо бўлишига ишонасизми", деб сўраганлар. Алишер Ҳамидов: Ҳа, ишонаман. Менимча, бу нарсани кузатса ҳам бўлади. Ёшлар ҳозир бирлашишмоқда. Марказий Осиё давлатларининг авторитар раҳбарлари сиёсатларидан норозиликларини очиқдан-очиқ билдиришмоқда улар. Бирга учрашиб, суҳбатлашишмоқда. Аммо, кўп ёшлар ҳозир Ўзбекистоннинг ўзидан чети-Россияда, Америкада, Европада. Ва уларнинг Ўзбекистон ичкарисига таъсир кўрсатишлари учун жуда кўп тўсиқлар бор. Би-би-си: Яна бир мухлисимиз- "Каримов билан учрашиш имконияти бўлганида, унга қандай савол берган бўлардингиз ва у билан нима ҳақда гаплашган бўлардингиз?" деб сўраганлар. Алишер Ҳамидов: "Ислом ака қачон истеъфога чиқмоқчисиз ва ўрнингизга кимни қўйиб кетмоқчисиз?- деб сўраган бўлардим. Би-би-си: Айни пайтда Баҳодир, "дўстингиз Алишернинг ўлимига кимларнинг қўли бор деб ўйлайсиз", деб сўраганлар. Швейцариядан савол йўллаган Отабек ҳам, ишларингизга ривож тилаган ҳолда, "кўп мақолаларингизда Ўзбекистон, қолаверса, Ўрта Осиё ҳақида очиқча гапирасиз, бошингизга Алишер Соиповнинг куни тушишидан қўрқмайсизми", деб сўрабдилар. Алишер Ҳамидов: Дўстим Алишер Соиповнинг ўлими биз, унинг дўстлари учун, ҳаммамиз учун катта фожеа бўлди. Ва мени энг хафа қиладигани- унинг қотиллари ҳанузгача аниқланмагани. Қирғизистон раҳбарияти бу масалада бир амалий ишларни олиб бормоқда деб айтсак, менимча, бу муболиға бўлади. Улар кўп иш қилишмади бу масала бўйича. Алишернинг ўрни ҳанузгача сезилмоқда, унинг йўқлиги... У кетганидан кейин Ўшда, Жанубий Қирғизистонда журналистиканинг ҳам сифати пасайди десам муболиға бўлмайди. Алишернинг фожеаси биз ҳаммамиз учун бир салбий сабоқ бўлди. Агар мен Алишер ўлдирилганидан кейин қўрқмайман, қўрқмай журналистлик фаолиятимни давом эттираман десам озгина нотўғри бўлади. Шахсий хавфсизлик масаласи кўп журналистлар учун жуда ҳам муҳим масала. Биз учун Алишернинг ўлими фақат фожеа эмас, ўрнак ҳам бўлиб қолади. Авторитар давлатларнинг журналистларга бўлган таъсиридан салбий сабоқ бўлиб қолади. Би-би-си: Қаердан эканларини ёзмаган Мавлина эса, "нега АҚШда истиқомад қиляпсиз? Қайтиш ниятингиз борми? Агар йўқ бўлса, Ўзбекистоннинг ривожи Сизни қизиқтирмайдими", деб сўрайдилар. Алишер Ҳамидов: Мен Вашингтон шаҳрида истиқомад қилишимнинг асосий сабаби бу ерда илмий-тадқиқот олиб бориш учун жуда кўп шароитлар мавжуд. Кўп институтлар, университетлар бор, кутубхоналар кўп. Лекин, келажакда докторликни қўлга киритганимдан сўнг, албатта, минтақамизга қайтиш ниятидаман. Қирғизистоннинг, Ўзбекистоннинг, қолаверса Қозоғистоннинг дорулфунунларида дарс бермоқчиман. Қайтишни исташимнинг яна бир сабаби, ҳали уйланмаганман, бориб ўзимга ўша ердан умр йўлдош топмоқчиман. Би-би-си: Алишер, Би-би-си билан суҳбатга рози бўлганингиз учун раҳмат. Келажакдаги режаларингиз амалга ошишини тилаб қоламиз! |
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||