Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 28 Июл, 2006 - Published 13:50 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
'Улар Ўзбекистонга қайта олмайдилар'
Покистон-Эрон чегараси(Алишер Соипов олган сурат)
Зоҳидон Покистон билан чегарадаги шаҳар
2001 йилда Афғонистонда Толибон АҚШ томонидан тор-мор этилиши натижасида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Толибоннинг ўзбекистонлик тарафдорлари минтақага тарқалиб кетгани айтилади. Уларнинг аксари Покистонда ва баъзилари Эронда паноҳ топишган.

Қирғизистонлик журналист Алишер Соипов бир йилча илгари Эрондаги ўзбекистонлик муҳожирлар билан учрашишга муваффақ бўлганди. Би-би-си Алишер Соиповдан ушбу учрашув таассуротларини сўраган.

Алишер Соипов: Эроннинг жануби-шарқида Зоҳидон шаҳри бор. Зоҳидон Покистон билан Афғонистон чегарасига яқин жойда жойлашган. Ўша шаҳарда бўлганди бу учрашув. Улар Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг аъзолари, уларнинг оила аъзолари, танишлари эдилар. Улар бу ҳаракат сафидан чиқиб кетганлар. Ўзларининг айтишларича, жанговар ҳаракатларда иштирок этишмаган. Яъни, оилали одамларга қуролли ҳаракатларда қатнашмасликка изн берилган экан. Ва улар Афғонистонда хўжалик ишлари билан машғул бўлишганини айтишди. Айримлари ҳайдовчилик қилишган, айримлари ошпаз бўлганлар. Ўша одамлар билан кўришгандик Зоҳидонда.

Би-би-си: Уларнинг сони қанча эди ва қандай қилиб бориб қолишган Эронга?

Ўзбекистонлик муҳожирлар фарзандлари(Алишер Соипов олган сурат)
Болалар ҳеч қаерда ўқимайди, тиббий муолажа ололмайдилар
Алишер Соипов: Уларнинг сони, адашмасам, ўша аёллари, болалари билан қўшиб ҳисоблаганда, тахминан саксон-юз нафар эди. Ва уларнинг ўзларининг айтишларича, 2001 йил 11 сентябрдаги Америка портлашларидан кейин АҚШ бошчилигидаги аксилтеррор коалиция кучлари Афғонистонда терроризмга қарши кураш амалиётлари бошлаганидан кейин қоча-қоч бошланган, бомба,
снарядлар тушган. Бу пайтда "ким
жонини омон сақлаб қолса,
сақлаб қолсин", дейилган.

Улар бола-чақалари билан Афғонистондан Покистонга қараб йўл олишган. Бир мунча муддат Покистоннинг Пешовар шаҳрида, кейин Карочи шаҳрида, шу чегарага яқин жойларда яшаб юришган. Ўзларига тазйиқ кучайгани, Покистон махсус хизматлари, бошқа бир қуроллий гуруҳлар уларга нисбатан бир агрессив муносабатда бўлгани учун Покистонни ҳам тарк этиб Эронга кўчиб ўтишга қарор қилишган. Зоҳидон шаҳрига келишиб, ҳар ким қўлидан нима иш келса, айтайлик, устачилик, бўёқчилик билан шуғулланган. Улар жуда абгор аҳволда ҳаёт кечиришарди. Фарзандлари бор ҳар бирининг - биттадан, иккита-учтадан, бештадан фарзандлари бор. Болаларнинг кўпчилиги Тожикистонда, Афғонистонда, Покистон, Эронда туғилган. Улар ҳеч қаерда ўқимайди, тиббий муолажа ололмайдилар, уларга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмайди. Умуман, ҳеч кимда ҳужжати йўқ.

Би-би-си: Уларнинг мақоми қандай ўзи Эронда? Эрон ҳукумати қандай қарайди уларга? Масалан қочқин мақоми берилганми уларга?

Зоҳидон кўчаси(Алишер Соипов олган сурат)
Зоҳидон - ўзбек муҳожирлари бошпана топган маскан
Алишер Соипов: Уларнинг аксари, ўзларининг айтишларига қараганда, Покистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар комиссарлигига ариза топширишган, яъни бошпана излаётган шахс сифатида рўйхатдан ўтишган. Ва баъзилари ўша Эронга етиб борганидан кейин Зоҳидон шаҳрида бошпана излаётган шахс ҳужжатини олишган.

Лекин Афғонистондан Эронга келган бир миллиондан ортиқ қочқин борлиги учун ўша ўзбек қочқинларининг аризаларини тезлик билан кўриб чиқиш имконияти бўлмаган. Бу одамлар учун келажак йўқ, яъни Ўзбекистонга қайта олмайдилар, қайтсалар террорист деб отиладилар, чопиладилар. Ёки бўлмаса бошқа бир давлатларга эркин чиқиб кета олмайдилар. Хужжатлари йўқ. Ва Эронда ҳам ўта қашшоқлар дейиш мумкин. Ўта қашшоқ, мусофир ҳолатида яшашга мажбур бўлган одамлар эди улар.

Би-би-си: Сиз айтдингизки, улар Ўзбекистонга қайтишса террорист деб маҳкамага тортилишлари мумкин деб. Бу гапни уларга ким айтган? Ёки улар Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилишганми, биз адашиб қолдик, энди ватанимизга қайтмоқчимиз деб?

Алишер Соипов: Уни улар Ўзбекистонга қайтган, Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилган одамлар мисолида айтишди. Чунки ўша қайтганларнинг деярли ҳаммаси қамалган ва узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинганлар. Ва қайтганларнинг баъзи бирларининг ўлдирилганини айтишди. Орқага йўл йўқлигини, Ўзбекистонга бора олмасликларини, ватан соғинчи нақадар кучли бўлмасин, яқинлари билан кўришиш истаги нақадар кучли бўлмасин қайтишга йўл йўқлигини айтдилар. Агар имконияти бўлса, уларга одам сифатида қараб бошпана берилса, тинчлик билан яшаш истагидалар. Умуман ҳеч кимга ёки Ўзбекистон ҳукуматига, халқига қарши ғараз ниятлари йўқлигини айтишганди ўшанда.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
ИЧКИ САҲИФАЛАР
Тоҳир Йўлдош ўспиринлари
25 Ноябр, 2004 | Bosh Sahifa
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy