Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 25 Ноябр, 2004 - Published 17:40 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Тоҳир Йўлдош ўспиринлари
Тоҳир Йўлдош
ЎИҲ раҳбари Тоҳир Йўлдош яқинда намойиш этилган видеотасмасида АҚШ кучларига қарши курашишда давом этишини айтган
Покистон армияси қўмондони Ўзбек жангари гуруҳи раҳбарини Афғон-Покистон чегара ҳудудларида Покистон кучларига қарши амалиётларда вояга етмаган болалардан фойдаланаётганликда айблаган.

Пешовар шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Генерал Сафдор Ҳусайн Исломий жангарилар экани таҳмин қилинаётган Марказий Осиёлик уч йигит, жумладан икки ўспиринни намойиш этган.

Жаноб Ҳусайннинг айтишича, ўспиринлар Покистон қўшинларига қарши ҳужумлар Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдош томонидан ташкиллаштирилиб молияланаётгани ҳақида кўрсатма берганлар.

Хабар тафсилотларини билиш мақсадида Би-би-си Ўзбек хизмати Пешовардан журналист Раҳимулло Юсуфзайга боғланди.

Раҳимулло Юсуфзай: Генерал-лейтенант Сафдор Ҳусайн Пешоварда матбуот анжумани уюштириб, 23 ноябр куни Жанубий Вазиристонда ушланган дея айтиб, уч нафар марказий осиёлик йигитни кўрсатди.

Генерал-лейтенантга сўзларига кўра, ҳудуддаги хорижий жангариларни ушлашга ёрдам берганларга мукофот эълон килингач, қавм вакиллари бу болаларни ушлашга ёрдам беришган.

Ушланганлардан бири, тожикистонлик 14-ёшли Холид анчайин аввал қўлга олинган экан, унинг ўзи биз билан суҳбатда, мени бир неча ой илгари ўғирлаб олиб келишган деб айтган.

Унинг айтишича, у билан бирга яна тўрт нафар тожикистонлик болани ҳам мактабга кетишаётганда машинада келган одамлар йўлда ушлаб, Афғонистон орқали Покистонга олиб келишган ва у ўзини мужоҳид эмасман демоқда.

26-яшар ўзбекистонлик Абдуқаххор ва афғонистонлик 12-ёшар Ҳусайн эса ўтган сешанба куни қўлга олинганлар.

Тамил йўлбарслари таркибидаги ўспирин аскарлар
Халқаро ҳисоботларга кўра, бутун жаҳон бўйлаб ҳарбий амалиётларга болаларни жалб этиш ҳоллари ошмоқда.
Би-би-си: Ўзбекистонлик йигит ўсмир эмас экан. Уни ким деб айтишяпти. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзосими?

Раҳимулло Юсуфзай: Покистонлик журналистларга кўра, ўзбекистонлик Абдуқаххор ҳали Толибон даврида диний мадрасада ўқиш учун Тожикистонга келади.

Кейинроқ, Толибон назоратидаги Афғонистонга боргани ва Толибон қудратдан кетгач, унинг озод қавмлар яшовчи ҳудудларга келиб қолгани айтилмоқда.

Ярим йилча олдин у Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдош билан учрашгани ҳам айтилмоқда. Унга кўра, Тоҳир Йўлдош уларни Покистон кучларига қарши курашишга чақирган.

Би-би-си: Вояга етмаганларнинг Покистонда қолган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати таркибида мавжудлиги бўйича бу ягона ҳодисами, ёки бошқа воқеалар ҳам учраганми?

Вазиристон жангчилари
Вазиристонда бир неча юз нафар хорижий жангарилар қолгани айтилади.
Раҳимулло Юсуфзай: Биз ҳозирча Тожикистон ва Афғонистонлик шу икки ўспирин ҳакида биламиз. Покистон мулозимларига кўра, ёши энг кичик бўлмиш Ҳусайн ҳам қурол кўтариб юрган ва йўл четларига бомба ўрнатиш ишларида қатнашишга ундалган.

Вазиристонда ҳозир қанча хорижий жангари қолгани маълум эмас. Бир неча юзтача қолгани айтилмоқда. Лекин, айни ҳудудларни тозалаяпмиз деб айтаётган Покистон ҳарбийларига кўра, у ерда қолаётган хорижий жангариларнинг аксари Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатларидан келишган ва кўпи Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларидир.

Қочиб кетганлар эса Афғонистон ва ёки озод қавмлар яшовчи бошқа минтақаларга ўтиб кетган бўлиши мумкин дейилмоқда. Покистон расмийларига кўра, хорижий жангарилар таркибида 16-17-ёшар ўспиринлар мавжуд.

Би-би-си: Ҳибсга олинган йигитларнинг тақдири энди нима бўлиши айтилмоқдами?

Раҳимулло Юсуфзай: Вояга етмаганларни қайта тарбиялаш борасида гапирилмоқда.

Аммо, Покистон ҳарбий мулозимлари уларни бўлғуси террорчилар деб ҳам атаб чиқишди. Лекин бу йигитчалар ўз мамлакатларига топшириладими, йуқми маълум эмас. Бу ҳакида Покистон расмийлари ҳеч гап айтишмаяпти ва, ҳойнаҳой, бу болалар қайси мамлакат фуқароси бўлишса, ўша давлатлар билан масалани кўриб чиқишлари мумкин.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy