Швеция Прокурори: Ўзбекистон билан маълумот алмашуви мавжуд

Сурат манбаси, none

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан боғлиқ машмашадаги охирги хабар унинг яқин шериклари узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилгани ҳақидадир.

Айни вақтда "Телисонера" мобил телефон ширкатининг Ўзбекистон бозорига кириб келиш учун пора берганлиги гумони билан айнан Гаяне Авакян ва бошқаларни ўз ичига олган текширув жараёни Швеция ва Швецарияда очилганлиги маълум.

Ана шу текширувлар учун Ўзбекистонда чиқарилган ҳукмлар қандай таъсир кўрсатади?

Швеция Коррупцияга қарши кураш бўлинмаси Бош прокурори Гуннар Штетлернинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, бу ҳукмларнинг Ғарбдаги текширув жараёнларига таъсири ҳақида ҳозирча бирон нарса дейиш мушкул.

Гуннар Штетлер: Гаяне Авакян ва Рустам Мадумаровларнинг жазога ҳукм қилинганлари ҳақидаги маълумот мен учун янги. Мен бу ҳақда матбуот орқали атиги 2 соатча аввал хабар топдим ва тафсилотларни текшириш ниятидаман. Ўзбекистон расмийларидан маълумот сўрайман, балки мактуб йўлларман. Бу ердаги текширув жараёнига бу ҳукм не қадар таъсир қилишини айта олмайман, чунки айтганимдек Ўзбекистондаги ишнинг тафсилотлари менга маълум эмас. Яна бир нарсани айтиб ўтиш керак: Авакян хоним Швециядаги текширувнинг асосий нишони эмас.

Би-би-си: Бу жараёнларни кузатиб келаётган журналистларнинг айтишларича, ушбу иш бўйича Ўзбекистон ва Ғарбдаги текширувчилар орасида ҳамкорлик мавжуд. Лекин сизга ҳукм ҳақида расман билдириш берилмаган бўлса, буни ҳамкорлик деб атаб бўлмаса керак?

Гуннар Штетлер: Менга ўзбек расмийлари анчагина маълумот беришган. Тўғри баъзи электрон мактубларим жавобсиз қолгандир ҳозирча, лекин мана бу охирги ҳодисалар ҳақида алоҳида сўровнома жўнатаман.

Би-би-си: Бироқ гап бу текширув жараёни борасидаги ҳамкорлик ҳақида кетаётган бўлса, унда ҳукм ўқилиши каби йирик ўзгариш рўй берса-ю, сизга маълумот берилмаса, сиз бу ҳақда матбуотдан хабар топсангиз, буниси бироз нотабиий эмасми?

Гуннар Штетлер: Афсуски бу ҳақда ҳеч қандай хулосага бора олмайман. Вақти келиб, қўшимча маълумотларни олгандан кейин бир хулоса чиқарамиз. Лекин ҳозир бирон нарса дея олмайман.

Би-би-си: Ўзбек расмийлари Авакян ва бошқалар устидан маҳкама ўтказиб, жазога тортгач, улар билан боғлиқ Ғарб банкларида музлатиб қўйилган маблағларни қайтариш масаласини ҳеч кўтаришганми?

Гуннар Штетлер: Мен бу ҳақда изоҳ бера олмайман. Чунки менинг қўлимда ҳозирда тўлиқ маълумот йўқ, турли тахминларни ўртага ташламоқчи эмасман.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02