Хитой полицияси 8 уйғурни отиб ўлдирган

Сурат манбаси, AP
Хитойнинг мусулмон уйғурлар яшайдиган Шинжон минтақасида душанба куни юз берган тўқнашувларда полиция 8 кишини отиб ўлдирган.
Давлат матбуотининг хабар беришича, тўқнашувлар пичоқ ва портловчи моддалар билан қуролланган шахс Ёркентдаги полиция идорасига ҳужум қилиши ортидан юз берган.
Полиция орасида талофат бўлган-бўлмагани номаълум.
"Эрталабки соат 6:30 лар атрофида қароқчилар Қашғарнинг Ёркент бўлгаси полиция идорасига пичоқлар билан ҳужум қилган. Уларп портловчи моддаларни отганлар, полиция автомобилларига ўт қўйганлар. Полиция кескин чоралар кўрган, саккизтаси отиб ўлдирилган, бир нафари қўлга олинган", дейилади полиция хабарида.
'Уч ёвуз куч'
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Ёркентдаги ҳодиса юзасидан Пекинда журналистлар учун махсус брифинг ташкил қилган.
Унда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Цин Ган сўзларига кўра, бу ҳужум Хитой рўпара келиб турган 3 таҳдид ҳақиқий эканини тасдиқлайди.
"Бу ҳужум бизнинг ватанимиз ва жамиятимизга қарши бўлган "уч кучнинг" реаллигини тасдиқлайди. Ва улар бизнинг мамлакатимиз, жамиятимиз, ҳаётлар ва инсонларнинг мол-мулкига жиддий хавф туғдираётганларини кўрсатади. Хитой ҳукумати уларга қарши қонунлар доирасида қаттиқ зарба беради", деб айтган Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Цин Ган.
Хитой террорчилик, экстремизм ва бўлгинчиликни "уч ёвуз куч" деб эълон қилган.
Пекиннинг айни доктринаси Шанҳай ташкилотига аъзо ва уйғурлар билан диний ҳамда этник яқинликка эга Марказий Осиё ҳукуматлари томонидан дастакланади.
Расмийларга кўра, Ёркентдаги ҳодиса юзасидан тергов бошланган.
Икки ҳафта муқаддам айни минтақада содир бўлган тартибсизликларда икки нафар полиция ходими дохил 16 киши ҳалок бўлган эди.
Шу йилнинг ўзида Шинжонда юз берган ҳодисаларда 100дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Расмий Пекин зўравонликлар учун "уйғур бўлгинчилари" масъул эканини айтган.
Октябр ойи охирларида Пекиннинг Тянанмен майдонидаги оломонга келиб урилган машинанинг ёниб кетиши натижасида беш киши ҳалок бўлган эди.
Хитой ҳодисани Шинжонга алоқадор гуруҳ томонидан уюштирилган террорчи ҳужум дея тасвирлаган.
Полиция машина ичида ҳалок бўлган уч кишининг шинжонлик уйғурлар эканини айтган.
Мажбурий стерилизация
Хитой ҳукумати одатда зўравонликларда экстремистларни айблайди, уйғур фаоллари эса этник танглик ва Хитойнинг қаттиқ назоратини асосий сабаб қилиб кўрсатадилар.
Минтақадан келаётган хабарларни мустақил манбаълардан тасдиқлаш қийин, чунки Шинжондан ахборот оқими қаттиқ назорат қилинади.
Бундан 3 кун олдин айнан Ёркентда Хитойнинг бир оилага бир бола сиёсати доирасида уйғур аёллари 6 ва 9 ойлик ҳомиласини аборт қилишга мажбур этилганлари ва ҳатто бир ҳомила тирик туғилиб, кейин нобуд бўлгани ҳақидаги хабар интернет ижтимоий тармоқларида ғазабларга сабаб бўлган.
Декабр ойи бошида Қашғарга яқин Кўҳна Шаҳарда ҳам 14 инсон ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалган, ўша ҳужумда ҳам Хитой ҳукумати уйғур террорчилари полиция идорасига ҳужум қилдилар, дея хабар тарқатганди.
Жаҳон Уйғурлар Конгресси ижроия қўмитаси раиси Тўлқин Исонинг Би-би-си билан суҳбатдла айтишича, душанба куни Ёркентда юз берган ҳодисада полиция идорасига ҳужум қилинмаган.
"Хитой полицияси арз-додини айтиш учун борган тинч уйғур фуқароларини отиб ташлаган", - дейди уйғур фаоли.
Унинг сўзларига кўра, қуролланган Хитой соқчиларига пичоқ билан ҳужум қилиш "ақлга сиғмайди".
"Хитой ҳукумати ўз норозилигини тинч йўл билан изҳор қилишга уринаётган уйғурлар ҳаракатини қурол йўли билан бостирмоқда", - дейди Тўлқин Исо.
Бундан 3 кун олдин айнан Ёркентда Хитойнинг бир оилага бир бола сиёсати доирасида уйғур аёллари 6 ва 9 ойлик ҳомиласини аборт қилишга мажбур этилганлари ва ҳатто бир ҳомила тирик туғилиб, кейин нобуд бўлгани ҳақидаги хабар интернет ижтимоий тармоқларида ғазабларга сабаб бўлган.
Уйғур фаолининг айтишича, Хитой полицияси уйма-уй юриб, Хитойнинг бир болали оила сиёсатини куч билан тадбиқ қилишга уринмоқда.
"Улар динимизга, одатларимизга тажовуз қилмоқда", - дейди Тўлқин Исо.
Унинг фикрича, Ёркентдаги ҳодисадан уйғурларнинг оилани режалаштириш сиёсатига қарши халқ орасида ва ижтимоий тармоқларда кучайиб бораётган норозиликларини бостириш йўлида фойдаланиши мумкин.
Яқинда Хитой "бир оилага бир бола" сиёсатини юмшатаётганини эълон қилган.
1970-йилларда жорий этилган сиёсат Хитой аҳолиси сонини 400 милионга қисқартириш имконини бергани айтилади.
Этник озчилик бўлган уйғурларга нисбатан расман бир бола сиёсати қўлланилмаган.
Аммо уйғур аёлларига нисбатан мажбурий стерилизация амалиётининг кенг қўлланиши айтилади.
Маҳаллий мулозимлар ўтган ҳафта 4 нафар уйғур аёлларнинг ҳомилалари мажбуран олиб ташланганини тасдиқлашган.
Вашингтонда жойлашган "Озод Осиё" радиосининг уйғур бўлими Ҳўтон шаҳар оилани режалаштириш мулозими Ават Ханнинг "мен фақат юқоридан келган буйруқни бажараяпман" деган сўзларини келтирган.
Маҳаллий мулозимлар одамлар орасидаги норозиликлар сабаб ҳозирда мажбурий аборт амалиётларини тўхтатиб туриш масаласи кўриб чиқилаётганини ҳам айтишган.












