Қозоғистон: ҳарбий учоқ ҳалокатига техник носозлик сабаб бўлган

Сўнгги янгиланиш 22 январ 2013 - 13:46 GMT

Терговчиларга кўра, ноқулай об-ҳаво ҳам учоқ бошқарувини қийинлаштирган

27 кишининг ўлимига олиб келган АН-72 ҳарбий учоғи ҳалокати сабаблари маълум бўлган.

Қарийб бир ой ўрганишлар ортидан учоқнинг автопилоти ишдан чиққан деган хуласага келинган.

Бундан ташқари, учоқнинг бошқа ускуналарида ҳам носозлик аниқланган.

Текширув хулосасига кўра, ўша кунги ноқулай об-ҳаво ҳам учоқни бошқаришда қийинчиликлар туғдирган.

'Қўл бошқаруви'

"Командир учишни қўл бошқаруви ёрдамида давом эттирган, бу Ан-72 нинг ёзги бошқаруви кўрсатмасига зид эмас. Учоқ командири бошқарувни ўзининг ёрдамчисига топширади. Бу йўловчиларни ташиётганда ман қилинган", - деган Бош прокуратура расмий вакили Нурдаулет Суиндиқов.

Бош прокуратура тарқатган хабарга кўра, учоқ ҳавога кўтарилганидан 2 соату 49 дақиқа ўтгач, баландликни ўлчовчи радио ускуна ишдан чиққан.

Учиш баландликни ўлчовчи барометрик ускуналарнинг кўрсатмасига биноан давом эттирилган.

Учишдан олдин ўтказилган текширувлар натижасида барометрик ускуналарнинг ҳам хатоликлар билан ишлагани аниқланган.

Учувчиларнинг суҳбатидан учоқнинг музлаб қолган пайти бўлгани ҳам ошкор бўлган.

18:31 да учоқ қўна бошлайди. Экипажнинг суҳбатларидан учоқ оғир об-ҳаво шароитида ва кўриш чекланган ҳолатда қўна бошлаган.

Терговда аниқ бўлишича, қўниш жараёнида учоқ командири диспетчернинг Чимкент аэропорти барометрик баландлик ўлчови босимини ўрнатиш кўрсатмасини бажармаган.

Натижада баландлик ўлчови 385 метргача хато кўрсатган бўлиши мумкин.

25 декабр куни соат 18:51 да Остонадан Чимкентга учган АН-72 ҳарбий учоғи ҳалокатга учраган.

Учоқ бортида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати раҳбари полковник Турғамбек Стамбеков бошчилигидаги ҳарбийлар бўлган.

Қозоғистон матбуоти юқори мартабали ҳарбийнинг Чимкент орқали музокаралар ўтказиш учун Тошкентга учаётгани ҳақида ёзган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.

]]>