Москвадаги ёнғинда етти меҳнат муҳожири ҳалок бўлган

Меҳнат муҳожирлари яшовчилари кўчирилган эски, яроқсиз бинода яшаганлар

Сурат манбаси, BB

Сурат тагсўзи, Меҳнат муҳожирлари яшовчилари кўчирилган эски, яроқсиз бинода яшаганлар
    • Author, Давлат Қудрат
    • Role, Би-би-си, Москва

Москва марказида чиққан ёнғиндан етти нафар марказий осиёлик меҳнат муҳожири ҳалок бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин электр иситиш жиҳозларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида рўй берган бўлиши мумкин.

Расмийларга кўра, ҳалок ва ярадор бўлганларнинг аксари тожикистонлик фаррошлар бўлишган.

Россия Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги расмийларига кўра, ёнғин аҳолиси кўчирилган эски, яроқсиз уч қаватли бинода рўй берган.

Дастлабки маълумотлар бўйича бино ертўласида марказий осиёлик фаррошлар истиқомат қилишган.

Уларнинг баъзилари ертўлада оила аъзолари ва кичик болалари билан биргаликда кун кечиришган.

Ёнғиндан қурбон бўлганларнинг аксарияти Тожикистон фуқаролари эканлиги айтилади.

Москва Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги ходимларига кўра, муҳожирлар тутундан бўғилиб ўлган бўлишлари мумкин.

Ўт ўчирувчилар 20 кишини оловдан олиб чиқишга улгурган.

Беш киши шифохонага ётқизилган.

Расмийлар фикрича, ёнғин электрдаги қисқа туташув ёки электр иситиш жиҳозларидан нотўғри фойдаланиш натижасида юз берган бўлиши мумкин.

Ўз навбатда бино атайин ёқиб юборилган бўлиши мумкин деган фикрлар ҳам янграмоқда.

Ҳодиса бўйича Россия прокуратураси жиноий иш қўзғатган. Айни вақтда Россия ҳудудида меҳнат муҳожирларнинг бахтсиз ҳодисалардан ўлиш ҳоллари камаймагани айтилади.

Жорий йилнинг феврал ойида Ростов вилоятининг Батайск шаҳрида рўй берган ёнғин оқибатида тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси нобуд бўлганди.

Ҳалок бўлганларнинг 2 нафари балоғат ёшига етмаган болалар бўлишган.

2009 йилда Москва жануби-шарқида юз берган ёнғин етти нафар Тожикистон фуқароси умрига зомин бўлганди.

Тожикистон Меҳнат вазирлиги маълумоти бўйича ўтган йили Россия ҳудудида 800 га яқин тожикистонлик ҳалок бўлган.