Human Rights Watch: Германия Марказий Осиё лидерларига босим ўтказсин - Янгиликлар Ўзбекистон Дунё

Сурат манбаси, President.uz
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя этувчи Human Rights Watch гуруҳига кўра, Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан пайдо бўлган шок тўлқинлари Марказий Осиё лидерларини бошқа иттифоқчилар, хусусан Европадагилари билан алоқаларни мустаҳкамлашга ундаган.
Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўлими директори Ҳю Уиллямсоннинг ёзишича, Германия бу янгича яқинликдан шу минтақадаги инсонларнинг ҳуқуқларини яхшилаш йўлида фойдаланиши керак.
"Сиёсий сабабларга эга судлашлар, сўз эркинлигининг бостирилиши, қийноқлар учун жазосизлик Марказий Осиё бўйлаб кенг тарқалган. 2022 йилда Қозоғистон ва Ўзбекистондаги норозилик намойишларида 250дан ошиқ одам нобуд бўлди, бу ўлимлар учун ҳеч ким тўғри жазога тортилмади. Қирғизистонда ҳукумат фуқаролик жамияти ва мустақил матбуотга қарши янги ҳужумлар тўлқинини амалга оширмоқда. Тожикистон мухолиф овозларга қарши босимини кучайтирган ва Тоғли Бадаҳшон мухтор ҳудудидаги тинч намойишларни зўравонлик билан бостирган. Туркманистон дунёдаги энг ёпиқ ва репрессив давлатлардан бири бўлиб қолмоқда", - деб ёзади у.
Айни дамда, унинг ёзишича, Украина уруши стратегик жиҳатдан муҳим ва табиий заҳираларга бой Марказий Осиёга янгича эътиборни жамлади.
29 сентябрда Германия канцлери Олаф Шольцнинг бешта Марказий Осиё давлати раҳбарлари билан учрашиши Европа давлатлари учун биринчи шундай учрашув бўлди. Уларни Германия президенти қароргоҳида Президент Франк-Валтер Штайнмайер ҳам қабул қилди.

Ундан бир ҳафта аввал эса АҚШ Президенти Жо Байден бешта Марказий осиёлик ҳамкасблари билан илк саммитини ўтказди. Бу саммит ортидан лидерлар инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга бел боғлаганликлари ҳақида қўшма баёнот чиқардилар.
Ўтган бир йил ичида Европа Кенгаши президенти Шарл Мишел Марказий Осиё давлат раҳбарлари билан икки марта учрашди.
"Германия Марказий Осиё лидерларига уларнинг мамлакатларидаги ўта ёмон инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича босим ўтказиш имконини қўлдан бой бермаслиги керак", - деб ёзади Human Rights Watch.
Ўтган ҳафта Берлинга ташриф буюрган Марказий Осиё лидерларини Ўзбекистон ва Тожикистондаги инсон ҳуқуқлари топталишидан норози кишилар қарши олишди. Йиғилганлар Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари истеъфосини талаб қилиб қичқирдилар. Баъзи намойишчилар Имомали Раҳмонни олиб кетаётган кортежга туҳумлар отдилар.
Намойиш ташкилотчиси бўлган "Олға Ўзбекистон" гуруҳи раҳбари Намоз Нормўминнинг Би-би-сига айтишича, Шавкат Мирзиёев давлат тепасига келганидан бери сиёсий ислоҳотларни ўтказмади.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














