Янги тайинлов: Президент Эмомали Раҳмон яна бир қизини кўтарди - минтақа ва сиёсат Tojikiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
Тожикистон президенти қизи Рухшонани мамлакатининг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги элчиси этиб тайинлади.
У Эмомали Раҳмоннинг еттита қизидан биттасидир.
Тўнғич қизи Озода ўз маъмуриятининг раҳбари, катта ўғли Рустам эса, сенат раиси ва Душанбе ҳокими ҳам бўлади.
Янгилик Тожикистондаги сўнгги кадрлар алмашинуви фонида олинган.
Алоқадор мавзулар:
Янги тайинлов
Янги тайинловга оид фармонга шахсан Эмомали Раҳмоннинг ўзи имзо чеккан, матни Тожикистон президентининг расмий веб саҳифасида эълон қилинган.
Asia-Plus интернет нашрининг ёзишича, собиқ элчи Масуд Халифазоданинг эса, "бошқа ишга ўтгани муносабати билан" ўз вазифасидан четлатилгани айтилган.
Маълум бўлишича, Рухшона Эмомали бунгача Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган.
Вазирликнинг Халқаро ташкилотлар бўлими бошлиғи ўринбосари вазифасини бажарган.
Asia-Plus интернет нашрининг ёзишича, у орада Тожикистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасида ҳам ишлаган.
Лондонда Тожикистоннинг Буюк Британиядаги савдо вакили бўлган эри билан бирга яшаган.
Беш йилча олдин "Дипломатик фаолият асослари", деган китоби ҳам чиққан.
Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг ўзи хабар берган.
Аммо мутахассислиги борасидаги маълумотлар кенг матбуотда кўзга ташланмайди.
Фарзандлар ва лавозимлар

Сурат манбаси, facebook/official
Тожикистон президентининг тўнғич қизи Озода Раҳмон ҳам ўз вақтида мамлакат Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган.
Озода Раҳмон вазирнинг муовини бўлган, унга яна биринчи ўринбосарлик қилган, Консуллик бўлимини ҳам бошқарган.
Президент маъмурияти раҳбари даражасига худди шу ердан кўтарилган.
Ўғли Рустам Эмомали эгаллаб турган Миллий Мажлис раислиги эса, Тожикистонда президентликдан кейин энг қудратли иккинчи лавозим саналади.

Сурат манбаси, official
Сўнгги йилларда минтақа давлатлари бўладими ёки дунё, президент оилаларининг мамлакат сиёсий ҳаётида қанчалик фаоллашиб бораётгани таҳлилчиларнинг алоҳида эътиборларига молик мавзулардан бирига айлангани кўрилади.
Турли ижтимоий мулоқот тармоқларида энг кўп баҳсу мунозараларга сабаб воқеълик экани кузатилади.
Кимдир буни бошқарувдаги тизим табиати, президент отанинг қудратига йўйаётган бўлса, бошқаси бунга қобилияти, салоҳияти бўлса, нега йўқ, у ҳам ўша мамлакатнинг бир фуқароси, қаддини урсин, омадини берсин, деган муносабатда экани англашилади.
Яна бирларининг президентлар фарзандлари билан боғлиқ воқеалар ривожини "хайрлиси бўлсин", дея анчайин "хавотир" билан кузатиб турганликлари маълум бўлади.
Сиёсий таҳлилчилар эса, ўз таҳлилларида ҳали-ҳануз анчайин эҳтиёткор мавқеъда, уларга кўра президент отанинг қизи бўладими, куёви ёки ўғли, ўз яқинларини ишга олиши ҳуқуқчилик нуқта назридан манфаатлар тўқнашуви талқинида мақбул иш бўлмаслиги мумкин.
Аммо таҳлилчилар баҳоси, танқидчилар танқиди ва оддий одамларнинг қизғин акс-садоларига қарамай, бу каби тажриба ҳануз амалда.
Дейлик, халқаро баҳоларда дунёнинг энг демократик иккита давлатидан биттаси сифатида кўрилувчи Америка Қўшма Штатларида президент Дональд Трамп қизи Иванканинг қанчалик сиёсий фаоллиги, йилларки, баҳсу мунозаралар марказида бўлиб келган.
Минтақада нима гап?

Сурат манбаси, GettyImages/Yves Forestier
Худди шу манзарада минтақавий таҳлилчилар бунга ўхшаш ҳолат аксарият Марказий Осиё давлатларига ҳам бирдек хос эканига, йилларки, эътибор қаратиб келишган.
Фақат Ўзбекистон эмас, қолган аксарият минтақа давлатларида ҳам президентлар фарзандларининг бир ёки бирваракайига бир нечта лавозимни эгаллаб келишгани ёки туришгани кузатилган ва ҳамон кузатилади.
Буларнинг барчаси эса, аллақачон "Марказий Осиё: демократиями ва ё монархия, Марказий Осиёда демократия ишлайдими? Балки хонликлар ва бекликларга қайтиш маъқулдир?", - каби саволларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Бошқа томондан, таҳлилчилар диққат-маркази ва хулосасидаги бу каби саволлар ҳалича бирор бир минтақа давлати оммавий-ахборот воситаларида ўзининг таҳлилий талқини, баҳосини топмаган.
Оддий аҳоли, оддий одамларнинг бу хусусдаги фикр, мулоҳаза ва муносабатлари ҳам аксарият ҳолларда ўзаро суҳбатлар ёки ижтимоий мулоқот тармоқларидаги коментлардан нарига ўтмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek













